Саҳоват – азалий миллий қадрият
Саҳоват – азалий миллий қадрият

 

Қадимдан халқимиз бошига тушган синовли, заҳматли ва машаққатли кунларни ўзининг ақл-заковати, ишбилармонлиги, меҳр-оқибати, саҳовати, маънавий қадриятлари билан енгиб ўтган.

Мурувват ва саҳоват юртимизда азалдан юксак қадрият ҳисобланган. Ёрдамга муҳтож кишиларга кўмаклашиш, оғирини енгил қилиш қон-қонимизга сингиб кетган эзгу анъаналаримиздандир. Ҳозирги залворли кунлар ҳам халқимизнинг меҳнатсеварлиги, тадбиркорлиги, инсонпарварлик тамойиллари ва албатта, меҳр-шавқат ҳамда саҳоватпеша эканини яққол намоён қилмоқда. Мана шундай кунларда бирдамлик, жипслик, аҳллик ва шукроналик билан иш кўриш, айниқса, ён-атрофимиздаги ёрдамга муҳтож инсонларга кўмаклашиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Бугун ҳам бунинг яққол ифодасини кўряпмиз.

Хусусан, куни кеча Президентимиз йиғилиш аввалида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Дарҳақиқат, бугунгидек мураккаб ва таҳликали вазиятда эҳтиёжманд кишиларга ҳар қачонгидан ҳам эътиборли ва ғамхўр бўлиш талаб этилади. Шу маънода аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада ошириш кераклиги, ҳозирги пандемия вақтида ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сонининг ортишини таъкидланиб, халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

Давлатимиз раҳбари қайси соҳани муҳокама қилмасин, қандай қарорга қўл қўймасин, энг аввало бу оддий одамларга нима беради, деган нуқтаи назардан қараб иш тутади. Бўлиб ўтган видеоселекторда берилган топшириқлар, белгиланган вазифалар ҳам одамларни иш билан таъминлаш, даромадини ошириш, бунёдкорлик ишларини давом эттириб, юртимизни янада фаровон қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Аслида, онгли равишда ўйлаган, вазиятни тўғри баҳолай олган ҳар қандай инсон бугун бўлаётган ишларнинг барчаси инсонлар манфаати учун эканини тушунади, қадрлайди. Жорий этилаётган тартиб-қоидаларга амал қилиб, олиб борилаётган хайрия ишларига шукроналик келтиради.

Бугун ҳеч кимга осон эмас. Кўринмас, тилсиз ва ҳидсиз “тождор” душманни қачон, қайси томондан келишини билмаймиз. Бироқ, бизнинг халқимиз жуда бардошли ҳамда меҳнатсевар. Аслида уйда ўтириб ҳам даромад қилиш,шунда бировга қарам бўлмасликнинг роҳатини ҳис қилиш мумкин. Карантин даврида ана шу гўзал фазилатларимизни намоён қилиб, уйида томорқаси борлар ундан самарали фойдаланиши зарур. Бир парча ердан мўл ҳосил олиб, кўпчиликка намуна бўлаётган кишилар оз эмас. Ана шундай инсонлар тажрибасини оммалаштириш орқали оилаларга қўшимча даромад келтириш мумкин. Паррандачилик, чорвачиликнинг кичик кўринишларини уйларида барпо қилган кишилар ҳам бугунгидек мураккаб вазиятда қийинчиликка учрамай, меҳнатининг роҳатини кўриб яшамоқда.

Зеро, ўз томорқамизда етиштирилган маҳсулотлар нафақат оила бюджетига мадад, балки саломатлигимиз кафолоти ҳамдир.

Одамлардаги ана шундай тадбиркорлик қобилияти, меҳнатга бўлган лаёқатини ошириш, уларга руҳий мадад бўлиш биз депутатларга ҳам алоҳида масъулият юклашини ҳисобга олсак, мазкур йўналишда қилиниши зарур бўлган ишлар яққол акс этади.

Биз барча синовларни бирдамлик, жипслик, аҳллик, шукроналик ва саҳоват билан албатта енгамиз!


Сайёра Файзиева,

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, Халқ депутлари Тошкент вилоят кенгаши депутати.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш