Халқ депутатлари Ғиждувон туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутати, туман ҳокими Фарҳод Умаров “Зарафшон” маҳалласида аҳоли билан учрашиб, фуқаролар бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш, мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди.
Маҳалла “еттилиги” билан ҳамкорликда фуқароларнинг мурожаатлари, оилаларнинг ижтимоий-маиший шароити ва даромад манбалари ўрганилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.
Шунингдек, маҳалладаги бўш турган бино ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолати ўрганилди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш истагидаги фуқароларга имтиёзли кредит маблағларидан фойдаланиш имкониятлари тушунтирилди. Уларнинг қисқа муддатларда фаолиятини йўлга қўйиши бўйича масъулларга вазифалар берилди.
“Янгиработ” қишлоғида хонадон шароитида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйган оилалар тажрибаси ҳам ўрганилди. Миллий ансамбл либослари учун турли безаклар тайёрлаш орқали 8 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг ҳар бири ойига 2–3 миллион сўмгача даромад олмоқда. Фаолиятни кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича зарур чоралар белгиланди.
Фуқароларнинг мурожаатлари асосида хонадонларга борилиб, оилаларнинг шароити ва бандлик масалалари ҳам жойида ўрганилди. Ишсиз фуқароларни доимий ва даромадли меҳнатга жалб этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Амалий ишлар доирасида имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан фуқароларга чорва моллари олиб берилиб, хонадонларда қўшимча даромад манбаларини шакллантиришга кўмаклашилди.
Маҳаллаларда олиб борилаётган бу каби ишлар аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, муаммоларни манзилли ўрганиш ва фуқароларнинг бандлиги ҳамда даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган амалий чораларни белгилашга йўналтирилмоқда.