Тошкент туманида Она заминни ардоқлаб, ҳар қарич ернинг қадрига етиб, ундан оқилона ва унумли фойдаланиб, мўл ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириб келаётган фермер ва деҳқонларимизнинг бугунги олиб бораётган дала ишларини кўрган кишининг кўзи қувнайди, дили яйрайди.
Ютуқлар, хайрли ишларнинг барчаси бизнинг, халқимизнинг фойдаси, дастурхонимиз тўкинлиги, эл маъмурчилиги йўлидаги кундалик ишларимиз ва шундай бўлиши ҳам керак аслида.
Афсуски, шоли курмаксиз бўлмайди деганларидай, суғориладиган, бебаҳо ерларимизни олишга олиб, лекин қаровсиз қолдирган, ерга хиёнат қилаётган ер эгаларининг борлиги ҳар қандай кишининг дилини хуфтон қилади. Айниқса, ҳозирги каронавирус номли офат келиб, халқимизнинг бошидан синовли, оғир кунлар ўтаётган бир пайтда мавжуд ер майдонларидан янада кўпроқ, янада баракали ҳосил етиштириш ўрнига, аксинча иш тутиб, ерларни ташландиқ ҳолга келтириб, мол боқадиган ўтлоқзорларга айлантириб қўйган МЧЖ ва фермерларни бугун нима деб айтиш мумкин. Президентимиз айтганларидай, улар халқ ва давлат мулкига хиёнатчилардир.
Ҳақиқатдан ҳам шундай. Қўлингдан келмаса нима қиласан гектарлаб ҳосилдор ерларга эгалик қилиб, унинг уволига қолиб. Улар шу ерларни шундайлигича эмас, танловларда қатнашиб, талашиб, тортишиб олишган. Охир оқибат эса...?
“Ғишткўприк агро” ҳудудида жойлашган “Даврон Жавоҳир” фермер хўжалиги (раҳбари Жавоҳир Йўлдошев)нинг жами 9,56 гектар ер майдони бўлиб, 3,5 гектар иссиқхонасининг 1 гектаригина ижарага берилган ва ижарачиларнинг ишлари яхши. Қолган қисми ва иссиқхонасидан ташқари ерлари ҳам ҳайдалмай, ўтлоқзор бўлиб ётибди.
Ушбу хўжалик ерлари “Айриота” қабристони ёнида жойлашган бўлиб, қаровсиз қолган. Кираверишда ўнг томонидаги боғ, уни боғ деб бўлмайди, экилган дарахтлар ҳам экилганига юз пушаймон бўлиб ётибди. Ичида аҳолининг мол-қўйлари боқилмоқда. Унга туташ 3,5 га иссиқхонанинг 2,5 гектари ҳам ўт босиб ётибди...
Шу ҳудуддаги “Агро дон саноат” МЧЖга қарашли 22,9 гектар ер майдони ҳам эрта баҳорда ҳайдалганича ўт босиб ётибди. Баҳор ҳам паёнига етмоқда.
Яна шундай собиқ “Саидаъло Нур” фермер хўжалигининг 9,3 гектарлик ер майдонлари ҳам ўта ачинарли ҳолатда. 2,8 га олма боғ, орасига атиргул экилган. Қолган 334- ва 340-контурлардаги ер майдонлари умуман ҳайдалмаган, ўтлоқзор. Аҳоли бу ерда молларини боқишмоқда.
Ҳудуд раҳбарининг айтишича бу хўжаликнинг ери самарасиз фойдалангани учун 2018 йилда туман захирасига олинган. Лекин у судлашиб, ерни қайтариб олган. Афсуски, шундан кейин ҳам ўзгариш йўқ. Бу ердаги ахвол шу кунда ҳам. Хўжа али, али хўжа бўлиб ётибди.
Шунингдек, “Тўлабий” ҳудудида жойлашган “Нара” МЧЖга қарашли 50 гектар, шундан 44 гектари ёнғоқзор ҳам қаровсиз, ташландиқ ҳолда ётибди. Ҳудуд раҳбарининг айтишича улар ернинг асл эгасини ҳам танишмас экан.
Мана ерга бўлган, она заминимизга, қолаверса ўз мулкига бўлган юқоридаги ер эгаларининг муносабатлари! Уларни қандай қилиб ер эгаси, мулкдор деб айтиб бўлади. Хўжасизлик, масъулиятсизлик ҳам шунча бўладими?
Юқоридаги номлари қайд этилган хўжаликларнинг ер майдонларини туман ер захира фондига қайтариб олиш ва ернинг қадрига етадиган ишбилармон, диёнатли инсонларга бериш тўғрисида таклифларимизни Халқ депутатлари Тошкент тумани Кенгаши сессиясида кўриб чиқиш учун бердик.
Ўйлаймизки, депутатларимиз ҳам бизнинг таклифларимизни қўллаб-қувватлашади. Ахир ер бебахо бойлигимиз, уни кўз қорачиғидай асраб, авайлаш билан бирга ҳар қаричидан оқилона фойдаланиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Буни унутмайлик.
Биз “Ғуломмаҳмуд агро барака”, “Хасанбой-агро”, “Н.Обидов”, “Абдураҳмон Мева узум” агрофирмалари ҳудудларидаги ер эгаларининг ишлари билан ҳам танишдик. Бу ерларда ҳам ишлар қизғин олиб борилмоқда. Жойлардаги камчилик ва муаммолар билан яқиндан танишишга ва камчиликларни жойида бартараф этишга ҳаракат қилдик.
Жумладан “Хасанбой” ҳудуддаги “Аброр Акромов” фермер хўжалиги, “Камронбек қурувчи” МЧЖ ва “Улуғбек Грант” фермер хўжаликларига камчиликларини бартараф этишлари учун мухлат бердик.
“Н.Обидов” ҳудудида сув таъминоти муаммо бўлиб келмоқда. Уларга Зоғариқ каналидан насос орқали сув келади. Бу масаланинг ечими “Насос”ни сув хўжалиги балансига ўтказилсагина масалага тўлиқ ечим топилади. Бу масалани ҳам туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Айни пайтда бизлар ҳудудлардаги маҳаллалар раислари билан аҳоли томорқаларидаги ҳолатларини ҳам ўргандик. Очиғи аксарият хонадонларга кирганимизда уларнинг миришкорликларини кўриб, кўнгилларимиз тоғдай кўтарилди. Уларда олди ҳосили пишиб етилган. 5-6 хил маҳсулот етиштираётган хонадонлар ҳам бор. Шу билан бирга томорқа ерига лоқайд муносабатда бўлаётганлари, қарашга имкони йўқлари ҳам кам бўлсада бор. Биз уларга тегишли маслаҳат ва йўлланмалар бердик. Туман Бандликка кўмаклашиш Маркази орқали субсидия олишлари мумкинлигини ва ишсиз фуқароларни муқим ва вақтинча ишга жойлаштириш бўйича тушунчалар бердик. Бу масала бўйича Бандлик Маркази раҳбари билан биргаликда Кўксарой ҳудудидаги маҳаллаларда давра суҳбатлари ҳам ўтказдик.
Бизлар 20 дан ортиқ МФЙларда бўлиб, аҳоли томорқаларидаги мавжуд ҳолатлар билан танишдик. Уларнинг кўпчилигида экин экиш учун сув таъминоти йўқлигини кўрдик. Яна кўплаб томорқа эгалари имкони бўлса туман Бандлик Маркази орқали сув чиқариш ва иссиқхоналар ташкил этишлари бўйича амалий ёрдам олиш юзасидан таклифларини беришди.
Агар туман Бандлик Маркази бу борада росмана томорқа эгаларига амалий ёрдам беришса, томорқачиликдаги ишлар янада яхши йўлга тушиб кетиши аниқ.
Биз бошлаган бу хайрли ишимизни давом этирамиз.
Мирислом УСМОНОВ,
Тошкент туман Кенгаши депутати.