Бўстонлиқ туманида сайёр қабул
Бўстонлиқ туманида сайёр қабул

Партиянинг жамиятдаги таъсир кучи, обрў-эътибори Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросига боғлиқ. Чунки қуруқ сўзлар, ваъдалар, баландпарвоз шиорлар билан мавқега эришиб бўлмайди. Ҳар бир айтилган гапнинг устидан чиқилса, берилган ваъда бажарилсагина, одамлар партияга ишонади, суянади. Бунга эришиш учун аввало, сайловчилар, электорат вакилларини ташвишга солаётган масалалардан хабардор бўлиш талаб этилади. Бунда аҳоли билан юзма-юз мулоқотларнинг алоҳида ўрни бор.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан жойларда ташкил этилаётган аҳоли билан очиқ мулоқотларнинг навбатдагиси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказилди.

“Дўмалоқ” қишлоғида “Истиқлол” маданият марказида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши ҳамда Бўстонлиқ туман ҳокимлиги ҳамкорлигида “Аҳоли билан мулоқот: муаммо, ечим ва самара” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда тумандаги Алғабас, Байтерак, Гулобод, Қорабой, Хўжа, Қўшқўрғон каби 10 га яқин маҳалла, шунингдек, Ғазалкент шаҳридаги Дахана, Наврўз маҳаллаларида яшовчи фуқаролар мурожаатлари тингланди.

– Бундай мулоқотларнинг аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ечишда аҳамияти катта, – дейди вилоят партия кенгаши раиси Сайёра Файзиева. – Жонли суҳбатлар давомида муаммонинг асл илдизи ойдинлашади, ортиқча оворагарчиликларсиз у ёки бу масалага дахлдор янги ва қўшимча маълумотларни аниқлаштириб олиш имконияти катта бўлади. Яна бир аҳамиятли томони, аҳоли билан очиқ мулоқотлар мобайнида одамларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилишга кўмаклашиш билан бирга уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганяпмиз, таклиф ва тавсияларини ҳам оляпмиз...

Мурожаатларни таҳлил қилганимизда, уларнинг аксарияти ижтимоий масалаларни қамраб олгани маълум бўлмоқда. Масалан, аҳолини тоза ичимлик суви, уй-жой билан таъминлаш, йўлларни таъмирлаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ҳудудларни ободонлаштириш, болани боғчага жойлаштириш билан боғлиқ масалаларда кўплаб мурожаатлар бўлмоқда.

Биз аҳоли муаммолари бўйича доимий таҳлил олиб бориш, шу асосда бир-бирига ўхшаш ва кўп учраётган масалаларни маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари, сессиялари муҳокамасига киритиш бўйича чоралар белгиладик. Бу тажриба электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни комплекс равишда ҳал этишга хизмат қилади.

Очиқ мулоқотда тумандаги корхона ва ташкилотлар вакиллари алоҳида секцияларда аҳоли мурожаатларини қабул қилиб, муаммоларни ҳар бир соҳа ва йўналиш бўйича чуқур таҳлил асосида ўрганишди.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улардан келган мурожаатларни муддати кечикмаган ҳолда бартараф этиш чораларини кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ўрганиш, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Албатта, гап инсон манфаати, ҳаёти ва тақдири ҳақида кетганда, унга эътиборсиз қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, – деди ЎзХДП Бўстонлиқ туман кенгаши раиси Олимжон Бобоев. – Очиқ мулоқотда 50 дан ортиқ мурожаат бўлди. Шу куни фуқароларнинг 17 та мурожаати жойида ижобий ҳал этилди. 20 масала бўйича тегишли тушунтиришлар берилди. Қолган масалалар бўйича депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.

Шу куни тумандаги Қўшқўрғон ва Қораманас маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги кўчаларни асфальтлаш, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, Янгиовул, Қорамозор, Сари-қанли ва Дахана маҳалла фуқаролар йиғинларида яроқсиз ҳолга келган электр сим ёғочларни алмаштириш, канал ва ариқларни тозалаш бўйича мурожаатлар бўлди.

Қорамозор қишлоғидан келган Олмахон Ашурова икки нафар фарзандига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш ҳамда уларни тумандаги 54-сонли мактабга жойлаштириш масаласида мурожаат қилди. Ушбу мурожаат мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан ўрганилди, О.Ашурова тақдим этган ҳужжатлар кўриб чиқилди ва муаммо ҳал этиладиган бўлди.

Туманда ижтимоий муаммолар йиғилиб қолган. Очиқ мулоқот давомида аниқланган масалалар ижтимоий ҳамкор ташкилотлар эътиборига ҳавола этилди...

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Тошкент
← Рўйхатга қайтиш