Парламент аъзоси сўровининг мавқеи, мақомини ошириш керак
Парламент аъзоси сўровининг мавқеи, мақомини ошириш керак

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламент назоратини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратган эди. Дарҳақиқат, ислоҳотларнинг бугунги босқичида, шиддат билан ривожланаётган замонда парламент таъсирчанлиги ошиши ижро ҳокимияти фаолияти самарали йўлга қўйилишида муҳим аҳамият касб этади.

Кейинги йилларда парламент назоратининг янги шакл ва механизмлари яратилди. Жумладан, Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш тартиби “Ҳукумат соати” институти жорий этилди. Жамоатчилик орасида мунозарага сабаб бўлаётган долзарб муаммолар юзасидан масъул раҳбарларнинг парламентга тушунтириш бериш тартиби жорий қилинди.

Бундан ташқари, 2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни қуйи палата мажлисида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди. Қонунчилик палатаси қўмиталари ва сиёсий партиялар фракцияларининг назорат-таҳлил ишлари самарадорлиги сезиларли равишда ошди.

Лекин, шу билан бирга, парламент назорати самарадорлигини янада ошириш билан боғлиқ айрим муаммолар ва етарли даражада фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжуд.

Таҳлиллар парламент назоратининг муҳим шаклларидан бири - депутатлик сўровини тайёрлаш, юбориш ва, энг муҳими, унинг натижасини кўриб чиқишда бир қатор муаммолар юзага келаётганини кўрсатмоқда.

Фикримча, депутатлик сўрови институти ҳозирги пайтда самарасиз ишлаётганининг асосий сабаби қонунчиликдаги бўшлиқ билан боғлиқ. Депутатлик сўровини ишлатиш амалиёти нотўғри йўлга қўйилган.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, депутатлик сўровини самарасиз бўлиб қолаётгани депутатларнинг салоҳиятига тақаладиган масала эмас. Депутат – халқни вакили. Ҳамма депутат ҳам ҳуқуқшунос эмас: бири фермер, бири қурувчи, бири тадбиркор, бошқалари яна турли соҳа вакиллари. Яъни, ҳамма депутат ҳам тегишли қонун ҳужжатини тайёрлаш кўникмасига эга бўлмаслиги мумкин ва табиий ҳол.

Депутатни асосий вазифаси долзарб муаммони кўтариб чиқиш, яъни ғояни бериш, деб ўйлайман. Қолган масалалар, яъни депутат кўтарган муаммони тегишли шаклга келтириш, юридик нуқтаи назардан кўриб чиқиб, маромига етказишда тизимли ёндашув бўлиши керак.

Қонунчиликка эътибор қаратадиган бўлсак, депутатлик сўрови парламент назорати шакли сифатида белгиланган. Демак, депутатлик сўровини тайёрланиши, юборилиши ва натижаси муҳокама қилиниши жараёнига парламентдан чиқадиган ҳужжат сифатида ёндашиш керак.

Қонунчилигимизда парламент сўрови билан боғлиқ жараёнлар батафсил белгиланган. Маълумки, Қонунчилик палатаси давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.

Парламент сўровини юбориш ҳақидаги таклиф палата қўмиталари, фракциялар, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилади. Қонунчилик палатасининг парламент сўрови тўғрисидаги қарори лойиҳаси сўров ташаббускорлари томонидан Қонунчилик палатасининг Спикерига масалани Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритиш учун юборилади.

Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасига парламент сўрови лойиҳаси, шунингдек бошқа зарур материаллар илова қилинади. Парламент сўрови лойиҳасида сўровга жавоб беришнинг шакли (оғзаки ёки ёзма) ҳақидаги таклифлар бўлиши керак.

Қонунчилик палатаси парламент сўровини юбориш тўғрисида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилади. Давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига оғзаки жавобни Қонунчилик палатасининг мажлисида палата белгилаган муддатда беради.

Таклифим – Депутатлик сўровига ҳам худди Парламент сўровига белгиланган батафсил тартибни жорий қилиш, қонунчиликда унинг аниқ механизмини очиб бериш керак.

Бунда Депутатлик сўровини Парламент сўровидан фарқи, авваламбор, унинг ташаббускорида бўлади. Яъни, Парламент сўровини ташаббускори қўмиталар, фракциялар бўлса, Депутатлик сўровини ташаббускори депутат бўлади.

Шунингдек, Парламент сўровидан фарқли равишда Депутатлик сўрови, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ бўлади.

Қолган механизм бир хил бўлиши керак. Бундай ёндашув нима беради?

Биринчидан, Депутатлик сўровини сифати ошади. Чунки, Депутатлик сўровини сифатли тайёрлаш учун масъулият фақат депутатнинг бўйнида бўлмайди. Депутат муаммони кўтаради, уни шаклан тўғирлаш, чуқур асослаш Қонунчилик палатасининг тегишли бўлим ва қўмиталари иштирокида амалга оширилади.

Иккинчидан, Депутатлик сўровини салмоғи оғирроқ бўлади. Депутатнинг сўрови лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилиниб, Депутатлик сўрови сифатида тан олиниб, тегишли хўжалик бошқаруви органларига юборилади. Парламент қарори билан тасдиқланиб борган Депутатлик сўровига нисбаттан мансабдор шахсларни масъулияти кучлироқ бўлади.

Учинчидан, Депутатлик сўровини натижадорлиги ошади. Хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутатга эмас, парламентга ахборот тақдим этади, парламент олдида жавобгар бўлади. Ушбу ҳолат, табийки, мансабдор шахсларни жавобгарлиги кучаяди ва пировард натижада Депутатлик сўрови самарадор бўлади.

Албатта, бундай тартибга ўтиш Депутатлик сўрови сони камайишига, ялпи мажлисда кўриладиган масалалар кўпайишига олиб келиши мумкин, лекин сўровнинг сифати, таъсирчанлиги, халқимизга фойдаси сўзсиз ошади.

 

Улуғбек ВАФОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш