Аҳоли муаммолари ўрганилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Раҳмонов Президент қарорларида кўрсатилган имтиёзларнинг тадбиркорларга етиб боришининг аҳволи, аҳолининг турмуш шароити ва уларни яхшилаш бўйича Бухоро вилоятида секторлар ва ижро органлари раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида 2-секторга ташриф буюрди. Ташриф давомида депутат 2-сектор котиби билан учрашиб, ўзини қизиқтирган барча саволларига жавоб олди.

Суҳбат чоғида Шерзод Раҳмонов карантин юмшаганлиги боис аҳолига озиқ-овқат ўрнига эҳтиёжига қараб меҳнат анжомлари етказиб бериш таклифини берди.

Сектор ҳудудида ёшлар учун кутубхоналар, текин wifi зоналари ташкил этилган. Сектор раҳбари иқтидорли, ижодкор ёшларни излаб топиш мақсадида ҳар хил танловлар ташкил этиб келмоқда. Танлов ғолибларига қимматбаҳо эсдалик совғалар берилмоқда.

Шунингдек, сектор психологи Абера Гадоева ўз фаолияти билан ўртоқлашди. Суҳбат асносида Оила маркази маслаҳатчилари томонидан ташкил этилган 1 ҳафталик ўқувлар камлиги таъкидланди. Психолог билан якка тартибда учрашувлар ташкил қилиш, умумтаълим мактабларида “Оила этикаси”, ва “Оила психологияси” фанлари ўқитилса мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган таклифлар билдирилди.

Шерзод Рахмонов 2-сектор ҳудудидаги Жалол Икромий МФЙ Арабон кўчасида истиқомат қилувчи Гулшан Ёдгорова ва Робия Махмудовалар хонадонида бўлиб, уларнинг турмуш шароити билан танишди. Г.Ёдгорованинг турмуш ўртоғи ҳунарманд бўлиб, ҳозир касаллиги туфайли рўзғор тебрата олмаяпти. Депутат мазкур хонадонга 2-сектор вакиллари билан ташрифи мақсадини баён қилганда хонадон эгаси уйи олдида мавжуд ташландиқ ҳунармандчилик дўконини касалманд эри учун таъмирлаб берилишини сўради.

Робия Махмудова билан бўлган суҳбатда фуқаро турмуши тинч, барча фарзандлари иш билан таъминланган, яшаш шароити яхшилигини айтиб, Шерзод Раҳмонов ва сектор вакилларига уларнинг ташрифи учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Кун давомида қилинган ташриф якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати барча муаммо ва таклифларни ўрганиб чиқиб, имконият даражасида амалий ёрдам кўрсатиши борасида тегишли чора-тадбирларни белгилаб олди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш