Бугун пандемия, коронавирус, COVID-19 сўзларини эшитмаган ва унинг маъносини билмаган одам топилмаса керак. Бу бало одамзотга катта ташвиш келтирди. Шу билан бирга, ҳаёт қадри ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўришга ўргатди. Айни чоғда ўзимизни ҳимоялаш, карантин шароитида белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этишга кўникма ҳосил қилдик. Афсуски, кўринмас душман ҳамон инсониятга хавф солиб турибди.
Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, ушбу мураккаб даврдан энг кам талофатлар билан чиқиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, ижтимоий барқарорликни сақлашга қаратилган бир неча муҳим қарор ва Фармонлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда аҳолига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга турли имтиёз ва енгилликлар бериш ўта долзарб, кечиктириб бўлмайдиган масалалар сифатида белгиланди.
Эндиликдаги вазифа эса уларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш ва назорат қилишдан иборатдир. Бу борада депутатлар зиммасига алоҳида масъулият юкланади. Шу боис тадбиркорларга берилган имтиёзлардан қай даражада фойдаланилаётгани, пандемия даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш масалаларини ўрганиш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Улар зиммасига халқ билан мулоқот қилиб, яқиндан ўрганишлар олиб бориш вазифаси юклатилди.
Ишчи гуруҳи аъзолари жорий йил 15-25 июнь кунлари Самарқанд вилоятида бўлиб, аҳолининг турмуш даражаси, яшаш тарзи билан яқиндан танишди. Камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолати ўрганилди. Жойларда аҳоли вакиллари, фермер ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Комиссия томонидан таҳлилий ўрганиш натижалари 2020 йилнинг 26 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши йиғилишида муҳокама этилди. Онлайн видеомулоқот шаклида ўтган йиғилишда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, секторлар раҳбарлари, халқ депутатлари вилояти Кенгашида тузилган комиссиялар раислари, вилоятдаги мутасадди идоралар вакиллари масофадан иштирок этди.
Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ҳозирги шароитда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига тўхталиб, Президентнинг инқирозга қарши чоралар дастури давлатимиз ижтимоий масъулиятининг янги стандартини шакллантиришга туртки бўлишини таъкидлади. Қайд этилдики, пандемия шароитида эҳтиёжманд аҳолига манзилли ёрдам бериш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ишларини тизимли бажариш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилади. Мавжуд камчиликларни ҳал этишга яқиндан кўмаклашиш парламент зиммасидаги масъулиятли вазифа бўлиб, депутатлар ҳудудлардаги ҳаётни чуқур ўрганиш орқали, реал муаммолар ечимига ҳисса қўшиши зарур.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ишчи гуруҳ раҳбари Улуғбек Иноятов таҳлилий ўрганиш натижалари, вилоятдаги умумий ҳолат, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида маълумот берди.
Самарқанд вилоятида коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш, унинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кечиктириб бўлмайдиган вазифалар ижроси алоҳида назоратга олингани айтиб ўтилди.
Вилоятда 1096 та маҳалла фуқаролар йиғини, 3 млн. 878 минг нафар аҳоли, 904 мингдан ортиқ оила бўлиб, шундан 47703 таси ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оила сифатида рўйхатга олинган. Уларни камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда, яъни бандлиги, даромадга эга бўлиши таъминланмоқда. Меҳнатга лаёқатли бўлмаган кишиларни доимий ижтимоий ҳимоялаш, ижтимоий нафақалар ўз вақтида ва тўғри тайинланиши назорат қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати учун тижорат банкларида махсус ҳисоб-рақамлар очилиб, уларга жами 11 млрд. 362 млн. сўм маблағ келиб тушган. Вилоятнинг 16 шаҳар ва туманида ташкил этилган жамғарма бўлинмалари томонидан 13 хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари эҳтиёжманд оилаларга етказиб берилиши йўлга қўйилган.
Парламент ишчи гуруҳи вилоятда амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, айрим хато-камчиликлар, сансоларликлар, имкониятлардан унумли фойдаланилмаётганини аниқлади. Қатор масалалар депутатлар ташаббуси билан секторлар, мутасадди ташкилотлар иштирокида жойида ҳал этилди. Ечимини кутаётган муаммолар кўрсатиб ўтилди.
Ўрол ЎРОЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Ишчи гуруҳи билан бирга Қўшрабод ва Иштихон туманларида бўлдик. Ўнлаб хонадонларга бориб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик. Фермерлар, кичик бизнес эгалари, тадбиркорларнинг фаолияти билан яқиндан танишишга ҳаракат қилдик. Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Майда масалаларнинг катта муаммога айланиб кетмаслиги учун уларни ўз вақтида ва жойида ҳал қилиш талаб этилади.
Шу мақсадда, асосий эътибор коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёз ва енгилликлар қай даражада қўлланилаётгани, бизнес эгаларини яна қандай масалалар ўйлантираётганига қаратилди.
Ижобий ишлар ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Чунки бу қилиниши зарур бўлган вазифалардир. Лекин камчиликларни айтиш, уларнинг ечими ҳақида жиддий бош қотириш бурчимиздир. Айрим мутасаддилар зиммасидаги масъулиятни ҳали ҳануз яхши англаб етмаяпти чоғи муаммолар узил-кесил ҳал этилмаяпти.
Айтиш керакки, кредит бериш соҳаси ислоҳотларга тўлиқ мослашиб кета олмаяпти. Шундан бўлса керак, вилоятда банклар томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига бериладиган кредитлар кечиктириляпти. Молиявий хизматларга талабни тўлиқ таъминламаслик, инвестиция лойиҳаларини вақтида қўллаб-қувватламаслик каби камчилик ва сусткашликлар кузатилаётгани ҳам бор гап. Ваҳоланки, бугунгидек мураккаб шароитда ташаббус кўрсатиб, виждонан ишлаши талаб этилади. Акс ҳолда, муаммолар кўпайиб, одамлар қийин аҳволда қолади.
Мавжуда ҲАСАНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Бугун кимнидир танқид қилиш, шаънига аччиқ гап айтишнинг ўзи мушкул. Сабаби бутун ер юзидаги оғир вазият босиқликни, сабрлиликни, бирлашишни талаб қилмоқда. Шунга қарамасдан, депутатлар жойларда аҳоли муаммоларини ўрганиш, реал ҳаётга ҳаққоний назар билан қараш ишларини олиб бормоқда.
Ўн кун давомида Жомбой ва Булунғур туманларида бўлдик, меҳнаткаш, самимий одамлар билан учрашдик. Уларни ташвишга солаётган масалаларни ўргандик. Айрим муаммоларга мутасаддилар иштирокида ечим топилди, қолганлари назоратга олинди. Қувонарлиси, ҳамюртларимиз бугунгидек мураккаб шароитда ваҳимага ва тушкунликка берилмай, ўз муаммолари билан банд.
Бироқ айрим камчиликлар ҳам аниқланди. Масалан, ижтимоий муҳофазага муҳтож ёки карантин шароитида оғир аҳволга тушиб қолган оилалар рўйхати тўлиқ шакллантирилмаган, уларга етарли даражада ёрдам кўрсатилмаган. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан уч томонлама шартномалар асосида субсидиялар ажратилмаётгани билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди. Мутасаддилар томонидан ишлар етарли даражада олиб борилмагани натижасида иссиқхона қуриш, суғориш воситалари, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш кечикиб кетмоқда. Муаммоларни санаш билангина ҳал этиб бўлмайди. Уларнинг ижроси юзасидан жамоатчилик ҳамда парламент назоратини кучайтириш зарур. Ишчи гуруҳимиз томонидан бу борада тегишли вазифалар белгиланди.
Йиғилишда, шунингдек, коронавирус пандемияси даврида тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт ходимларига тўланиши белгиланган қўшимча устамаларни ажратмаган ҳолатлар танқид қилинди. Айрим жойларда коронавирусга чалинган беморларни даволашда қатнашаётган ходимларга қўшимча тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган. Бундай камчиликларга бефарқ қараб бўлмайди албатта.
Парламент ишчи гуруҳи ўрганишлар давомида аниқланган хато-камчиликларни жойида бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатди.
Қонунчилик палатаси Кенгаши йиғилишида пандемия шароитида ишларни янада самарали ташкил этиш, секторлар, бошқа мутасадди ташкилотлар масъулиятини кучайтириш, муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.
Ишчи гуруҳи аъзоларига қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш тавсия қилинди. Ўрганиш давомида вилоятда аниқланган, республика даражасида ҳал этиладиган муаммоли масалалар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга парламент ҳамда депутатлик сўровларини юбориш кераклиги таъкидланди. “Ҳукумат соат”ларини ўтказиш масаласи ҳам қўллаб-қувватланди.
Самарқанд вилоятида ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокамаси якуни бўйича Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.