Аёл касб-ҳунарли бўлса рўзғорида камчилик бўлмайди
Аёл касб-ҳунарли бўлса рўзғорида камчилик бўлмайди

 

ЎзХДП Бухоро вилоят Кенгаши Ёшлар ва Хотин-қизлар билан ишлаш сектори Бухоро вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, ЎзХДП ташаббуси билан ўтказилаётган лойиҳа доирасида тадбирлар уюштирилиб, бу лойиҳаларда уйда ишсиз ўтирган кам таъминланган ҳамда “Темир дафтар”га киритилган аёллар касб-ҳунарга ўқитилмоқда.

Жорий йилнинг октябридан мазкур йўналишдаги ишлар бошлаб юборилди. Ҳозиргача 20 дан зиёд ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар касб-ҳунарли бўлишди.

— Айни пайтда 1320 нафар аёлларни сартарошлик, бизнес курс, бухгалтерия ҳисоботи ва компьютер саводхонлиги, тикувчилик сингари 16 та йўналишда ўқитишни режалаштирганмиз. Уларга касб-ҳунар сирларини қунт билан ўргатмоқдамиз, — дейди вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Зебинисо Холова. — Эҳтиёжманд аёлларимиз бу эътибордан жудаям хурсанд бўлишаяпти. Бизнинг ҳамкорликдаги лойиҳамиз камбағалликни қисқартиришда жудаям қўл келади. Насиб бўлса, ҳисоб-китобларимизга кўра, лойиҳа доирасида  “Аёллар дафтари”га киритилганлар касб-ҳунарли бўлишади. Энг асосийси, хотин-қизларга уй шароитида ҳам рўзғорга даромад келтириш йўлларини ўргатмоқдамиз. Бу уларга ўз бизнесини шароитидан келиб чиқиб, аста-секинлик билан бўлса-да, йўлга қўйишида қўл келмоқда.

— Тикувчилик цехимни ўтган йилдан буён юргизаман, — дейди биз билан суҳбатда ўқув машғулотларини ўтказаётган тренер Рухсора Рўзиева. — 20 миллион сўмлик ўз маблағим асосида шу ишни бошлагандим. Чеварлик ва тақинчоқлар тайёрлаш машғулоти асосий даромад манбаига айланди. Иш соҳамни кенгайтириб, Бухоро вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази билан ҳамкорлик қила бошладим. 16 та йўналиш бўйича ўқув курсларига тренерман. Ҳудудимдаги “Темир дафтар”га киритилган аёлларни касбга тайёрлаб уларга тикувчилик сирларини ўргатаяпман. Айни чоғда 20 та хотин-қиз менга бириктирилган. Машғулотларим доимо гавжум. Бугун келиб эртасига фикридан қайтганлар йўқ ҳисоби. Қайтага улар ҳам танишлари ва қариндошларини бошлаб олиб келишади. Бундан фақат хурсанд бўламан. Мана бугун ҳам 20 та аёлнинг барчаси машғулотга келган. Уларда бичиш-тикиш бўйича илк таассуротлар уйғота олдим деб уйлайман. Натижаси самарали бўлишига ишончим комил. 

— Мени бу ерга маҳалламиз маслаҳатчиси таклиф қилди, — дейди биз билан суҳбатда Дўстлик МФЙда яшовчи Саида Жаъфарова. — Бир нафар фарзандим бор. Уйда ишсизман. Маҳалла фаоллари оиламни эҳтиёжманд қаторида “Темир дафтар”га киргизишиб, моддий ёрдам билан таъминлаб туришибди. Бугунги учрашувга иш сўраб келгандим. Шаҳар марказидаги тикувчилик цехига ишга таклиф этиб, машғулотларга қатнашиш ва тикувчилик сир-асрорларини ўрганишимни тавсия этишди. Манга маъқул бўлди.Беминнат ёрдамини аямаётган опалардан миннатдорман. 

Эътиборли жаҳати шундаки, ЎзХДП томонидан ўтказиаётган бундай машғулотларга вилоятимизнинг барча МФЙларидаги “Темир дафтар”га киритилган аёллар қамраб олинган. 

Тадбир сўнгида вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Зебинисо Холова ҳамда унинг мутахассиси Сарвиноз Акрамова тантанали равишда партия сафига қабул қилинди. 

 

Қурсия Шарипова,

ЎзХДП вилоят кенгаши Ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш