Форум доирасида 37 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди
Форум доирасида 37 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши томонидан Ромитан туманининг “Қалайчорбоғ” маҳалласидаги “Оромитан” болалар оромгоҳида туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда аёллар Форуми бўлиб ўтди.

Форумни туман ҳокими Хуршид Тоҳиров кириш сўзи билан очди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Давлат раҳбари томонидан бу борадаги тизимли ишлар давом эттирилаётганлиги алоҳида қайд этди.

Тадбирда сўзга чиққан партия вилоят кенгаши раиси Зулфия Туйева эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, ишсиз хотин-қизларни турли касбларга ўқитиш орқали уларни “Темир дафтар”дан чиқариш муҳимлигини эътироф этди. Жойларда “Темир дафтар”ни шакллантиришда ижтимоий адолат тамойилига амал қилиш, бунда ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳар бир идора ва масъуллар зиммасидаги муҳим вазифа экани таъкидланди.

Туман Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Ўткир Исломовнинг хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусидаги ахбороти тингланди. Форумда Бандликка кўмаклашиш маркази аёллар ва ёшлар учун 894 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Маҳаллаларда “Аёллар дафтари”га киритилган 37 нафар хотин-қизларга таклиф қилинган бўш иш ўринлари маъқул келиб, улар шу куннинг ўзида тегишли корхона ва ташкилот билан меҳнат шартномаларини имзолашди.

Тумандаги “Варнет” ҳамда “Ромстар” каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарига хотин-қизларни ишга жойлаштириш масаласи ҳам ўрганилди. Форум доирасида кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредитлар ажратиш хусусида тушунчалар берилди. Хотин-қизлар тадбикорлиги маркази томонидан сартарошлик, пазандачилик ва тикувчилик йўналишларида касб-ҳунарга ўргатилган аёлларга сертификатлар топширилди.

Пахта мавсумида отрядлар таркибида ташаббус кўрсатаётган илғор теримчи аёллар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди. Форум якунида 4 фоизли грант асосида Бухоро давлат университетига ўқишга қабул қилинган 4 нафар талаба қизга эсдалик совғалари топширилди.
 
 
Зариф Комилов,

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш