Маълумки, давлатимиз раҳбари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.
Ташриф давомида вилоят фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда ушбу замин улкан имкониятларга эга бўлишига қарамасдан, иқтисодиёти ва ижтимоий соҳалар аҳволи бунга мутлақо мос эмаслиги, охирги 10 йил ичида ялпи ички маҳсулотдаги вилоят улуши 9,4 фоиздан 7,1 фоизга, саноатдаги улуши эса 11 фоиздан 6 фоизга тушиб кетгани қаттиқ танқид остига олинди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда илмий асос ва инновацион ёндашув йўқлиги, вилоят иқлим шароитига мос янги навлар яратилмагани айтилди. Ўтган йили пахта ҳосилдорлиги гектарига 19 центнерни ёки юртимиздаги энг қуйи кўрсаткични ташкил этган. Қишлоқ хўжалиги техникалари етишмайди. Маҳсулотларни қайта ишлаш даражаси ҳам паст.
Албатта, қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини тўғри ташкил қилиш ва аграр сиёсатни тўғри олиб бормасдан иқтисодий самарадорликка эришиб бўлмайди. Шунга кўра, биз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг жорий ва истиқболдаги чора-тадбирларини белгилашда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни бап-баробар олиб боришимиз, иқтисодий ривожланиш дастурларини ушбу жараёнлар таъсири нуқтаи-назариданшакллантиришимиз ва уларни изчил амалга оширишимиз тақозо этилади.
Тўғри, Қашқадарё вилояти аграр соҳани ривожлантириш учун табиий иқлим шароитига эга. Бу заминда аграр соҳа рентабеллигининг ортиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш, қишлоқда саноатнинг ривожланиши, аҳоли бандлигини таъминлаш имкониятлари жуда катта. Суяги меҳнатда қотган, фермерлик ишига тез мослашадиган фермерларимиз ҳам жуда кўп. Лекин ҳудудда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар ҳам жуда кўп.
Ҳаммамиз яхши биламиз, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида ҳар йили давлат бюджетидан қанчадан-қанча маблағ ажратиляпти. Ҳосилдорлиги паст ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта етиштирадиган фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан маблағ ажратиш ҳажми ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Имконият бор, шароит етарли, фақат ишга масъулият билан ёндашиш талаб этилади холос.
Ташриф давомида Президентимиз ҳудуддаги ирригация ва мелиорация ҳолатини ҳам кескин танқид қилди. Нотўғри суғориш оқибатида ерларнинг 45 фоизи шўрланган. Айниқса, бу борада Муборак, Ғузор, Нишон ва Косонда аҳвол жуда оғир. 38 минг гектар майдон фойдаланишдан чиқиб кетган. Томчилатиб суғориш жами суғориладиган майдоннинг бор-йўғи 2,4 фоизида жорий қилинган.
Деҳқончиликда сувнинг баҳоси зарга қиёсланади. Бу бежиз эмас албатта. Ерларнинг 45 фоизи шўрлангани бу қанчадан-қанча даромадни йўқотиш дегани. Сув ресурслари чекланган бўлишига қарамай, деҳқончилик қилиш, мўл ва сифатли ҳосил олиш сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга қаратилган тадбирлар қўллаб-қувватланиб, бунинг ташаббускори бўлган хўжалик ва ташкилотларга қўшимча имтиёз ва преференциялар яратиб берилмоқда. Томчилатиб суғориш технологиясини кенг қўллаш орқали минглаб гектарлардан катта-катта фойда олиш мумкин. Даромад кўпайса, янги режаларни ҳаётга татбиқ этиш имконияти ҳам ортади. Бундай вазият барчамиздан ташаббус кўрсатиб, илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш, фидойилик билан меҳнат қилишни талаб этмоқда.
Биз депутатлар ҳам мутасадди ташкилотлар билан бирга соҳада мунтазам назоратни йўлга қўйишимиз, эскирган суғориш иншоотларини бирма-бир ўрганиб боришимиз керак. Сув омборлари тармоғини кенгайтириш ҳисобидан лалми ерларни ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бир сўз билан айтганда, сув таъминотини яхшилаш имконини берадиган барча имкониятларни ишга солиш талаб этилади.
Бугунги пандемия шароитида ҳам жаҳон ҳамжамиятини юзага келиши мумкин бўлган озиқ-овқат хавфсизлиги ва таъминоти масаласи катта ташвишга солмоқда. Ана шундай мураккаб шароитда аграр соҳа ривожига эътиборни кучайтириш кун тартибига чиқди. Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, деҳқончиликда мўл ҳосиб олиб муаммони бартараф этиш мумкин.
Аграр соҳа шундай соҳаки, унда номига иш юритиб бўлмайди. Тўғри, айрим ҳолларда об-ҳаво инжиқликлари соҳада натижа яхши бўлиши учун тўсиқ бўлиши мумкин, лекин ҳақиқий меҳнат, қаҳрамонлик кўрсатиш билан ҳар қандай муаммони ҳал қилса бўлади. Ерга меҳр бериш керак, у билан тил топишиш керак. Ҳар қандай камчиликнинг вақтида олди олинмаса, кейинчалик бу жиддий муаммога айланиб кетади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида унумдорилк ва натижадорликка эришишнинг ягона йўли меҳнат ва яна меҳнатдир. Ризқ-рўзимиз бунёд этиладиган жойда масъулиятсизлик қилишга ҳаққимиз йўқ.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.