Мурожаатда ҳам меъёр бор ёхуд боқимандалик балоси…
Мурожаатда ҳам меъёр бор ёхуд боқимандалик балоси…

 

Халқ билан мулоқот бугун давлат идоралари ёхуд ижро ҳокимиятининг энг устувор вазифаларидан бирига айланди. Қайси давлат идораси бўлмасин, мақсад битта, у ҳам бўлса — халқ дардини тинглаш, аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш ва муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш. Қолаверса, бу халқ манфаати барча нарсадан устун деган тамойилнинг амалдаги ифодаси ҳам.

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ўй-ташвишларидан хабардор бўлиш, улар билан елкама-елка туриш, муаммоларни ҳал этиш бўйича катта ислоҳотлар олиб борилди. Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Вазирлик ва идоралар, мансабдор шахсларга электрон мурожаат қилиш имкониятлари яратилди. “Ишонч телефонлари” самарадорлиги оширилди. Интернет имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда, мансабдор шахслар ижтимоий тармоқларда халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишган.

Айни вақтда шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш, муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда ва бу ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Албатта, фуқаро мурожаатларига эътибор биринчи галдаги вазифа. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётади. Мурожаатларга эътиборсизлик лоқайд раҳбаргагина хос.

Аммо бу имкониятни суиистемол қилаётган шикоятчилар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Турли идораларга кети узилмай келаётган асоссиз шикоятлару мурожаатлар раҳбарни ишдан чалғитиб, вақтини олаётгани баъзан юракда оғриқ уйғотади.

Тўғри, мурожаат ва шикоят қилишга ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳаққи бор. Ҳеч ким буни чеклай олмайди. Лекин қайси идорага бўлмасин, мурожаат қилишда баъзи меъёрларни унутмаслик керак.

Яқинда Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар билан бирга фуқаролар мурожаатларини ўрганиш мақсадида маҳаллалардан бирига бордик. Ўрганишларимиз чоғида маълум бўлишича, фуқаролардан бири коммунал тўловлардан қарзи кўпайиб кетиб, моддий ёрдам сўраб маҳалла фуқаролар йиғинига ариза билан мурожаат қилади. Маҳалла раиси эса унга моддий ёрдам бера оладиган ҳомий топиш мақсадида Халқ демократик партияси Бухоро шаҳар кенгашига мурожаат билан чиқади. Депутатлар саъй-ҳаракати билан мазкур оилага 2 миллион 500 минг сўм пул саховат қилинади. Фуқаро эса пулни олади-ю, “Бу менга депутатнинг ёрдами, маҳалла эса алоҳида ёрдам бериши керак”, деб маҳалла раисини тинч қўймайди. Хўш, маҳалла пулни қаердан олсин? Мақсади ҳосил бўлмай, рад жавобини олган фуқаро бу борада бошқа ташкилотларга шикоят қилади. Хуллас, бу ёғига “ёзди-ёзди” бошланади.

Хўш, бу ношукрликми ёки боқимандалик? Албатта, бу жиҳатлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Яна бир фуқародан келган мурожаатни ўргандик. Мурожаатда ёзилишича, оила моддий жиҳатдан жуда қийналган, уйи таъмирталаблиги боис амалий ёрдам сўраган.

— Эрим ҳеч қаерда ишламайди, чунки ўқимаган, — дейди уй бекаси. — Мен уйда болаларга қарайман. Ишга чиқишимга имкон йўқ. Моддий томондан жуда қийналиб қолганмиз. Уйимизни таъмирлашимиз керак.

Хонадонга разм соламиз: унчалик ҳам таъмирталаб эмас, нари борса уйнинг эркаги қўл меҳнати билан бир кунда қилинадиган иш, аммо кўриниб турибдики, оила аъзоларида бунинг учун ҳафсала йўқ. Ундан кўра, ариза билан мурожаат қилишса, ёрдам гуруҳи келиб, рисоладагидай таъмирлаб беради...

Аёлнинг турмуш ўртоғи билан суҳбатда бўлдик. Чамаси 35 ёшлардаги тоғни урса талқон қиладиган йигит уялмай, ёрдамга муҳтожман, дея юзимизга терс боқиб турарди. Бир неча жойдан иш борлигини билдириб, ишлашни таклиф қилдик. “Маоши қанча экан? Қурилишдан иш бўлса керакмас, мен қурилишда ишламайман. Менга 4 миллион сўмлик маоши бор жойдан, интеринженерингми, шунга ўхшаш корхоналардан иш топиб беринглар”, дея ерга қараб ўтираверди.

— Ёрдам бермасаларинг нега келдинглар? Биз моддий ёрдам сўраб мурожаат қилгандик! — дея ғазабини сочишдан ҳам тап тортмади.

Шикоят қилиш “муаммо ечилади” дегани эмас, ахир. Айрим мурожаатлар мазмуни билан танишар эканмиз, ўзини ҳаддан ташқари бечораҳол қилиб кўрсатиш орқали очиқдан-очиқ пул ундиришга уриниш уят бўлмай қолганлигига гувоҳ бўламиз.

— Бир кекса отахон биздан ёрдам сўраб келди, — дейди ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси Робия Казимова. — “Ўғлимни уйлантириш учун моддий ёрдам кўрсатинглар, менинг имконим етмаяпти”, деганига ишониб, тўй харажатларига кўмаклашиш мақсадида бир тўйхона эгаси билан гаплашиб, саховат учун шу оилага бепул ёрдам кўрсатишини илтимос қилиб, отахонни 7 миллион сўмлик харажатдан халос қилдик. Отахон келганида буни хурсанд бўлиб айтсак, у киши “Мен сизларга тўйхонани гаплашиб беринглар, деганим йўқ, менга пул керак, 4 миллион сўм топиб беринглар, тамом, бошқаси билан ишингиз бўлмасин”, дея ўшқириб кетди. Ҳайрон қолдик. Кейинчалик маълум бўлишича, отахонни ўғли пул топиб беринг, деб бизга ўхшаган идораларга юборар экан. Россия Федерациясига ишга кетиши учун чиптага пул керак бўлган. Отахондан хафа бўлдик, ростини айтиб тушунтирса бўларди-ку, дея кўнглимиз оғриди.

Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Сўнгги пайтларда пандемияни баҳона қилиб уйга кириб олган эркаклар аёлларини боласи билан идорама-идора югуртиришдан тап тортишмаяпти. Нега мени “темир дафтар”га киритмадинглар, деб жанжал қилаётганлар кўпайиб боряпти.

Буларни изоҳлашга тил ожиз. Наҳот шу даражага келиб қолдик. Ота-боболаримизнинг уруш йилларидаги матонатини эслайлик. Сўнгги бурда нонини олис ўлкалардан кўчириб келинган етим-есирларга тутқазган бизнинг аждодларимиз эмасми, ахир. Иссиқ кийиму, кўрпа-тўшагигача жанг майдонида жон олиб, жон бераётган жангчиларга юборган бизнинг улуғларимиз эмасми, ахир. Эрлари урушда ҳалок бўлган аёллар-чи. “Бева қолдим, болаларимни боқа олмаяпман”, деб юртдан бирон нима талаб қилишмаган, ҳатто бу ҳақда айтишга истиҳола қилишгани барчамизга маълум-ку.

Шукрки, пандемия шароитида бошқа давлатларга қараганда бизда вазият яхши. Аёнки, мамлакат юкига елка тутадиган, юртга мададкор бўладиган фурсат ҳозир. Бироқ айни шу жараёнда фидойилик етмаяпти одамларимизда.

Боқимандаликнинг олдини олиш вақти келди. Инсон ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига оид мурожаатлар бўлса, бошқа гап. Аммо моддий ёрдам сўраб, идораларга мурожаат қилиш ҳолатларига барҳам бериш фурсати етди. Айниқса, давлат ва жамоат ташкилотлари аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш тадбирлари орқали уларни “темир дафтар”дан чиқаришга масъул этиб белгиланган бугунги шароитда “Сендан ҳаракат, мендан баракат” тамойилига ўтилмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Президентимиз таъкидлаганидек, биров балиқ келтириб берса, ейман, деб эмас, қармоқни қўлга олиб, ўзим балиқ овлашим, рўзғоримни бут қилишим керак, дейдиган, яъни ҳалол меҳнат билан неъмат яратиб, ҳаётни изга қўядиган кунлар келди.

Зеро, ҳар бир нарсада меъёр бўлса, мувозанат бузилмайди. Айниқса, мурожаатлар борасида. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири борлигини унутмайлик. Шу билан бирга, ориятни ҳам оёқ остига ташламайлик...

 

Шаҳло Бақоева,

Ўзбекистон ХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси ўринбосари.

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш