ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши томонидан “Меҳр улашинг” лойиҳаси доирасида саховат ва кўмак акцияси ўтказилмоқда
ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши томонидан “Меҳр улашинг” лойиҳаси доирасида саховат ва кўмак акцияси ўтказилмоқда

 

Инсон қалбига йўл меҳр-мурувватдан бошланади. Минг йиллар давомида шаклланган меҳр-оқибат, мурувват тушунчалари асрлар мобайнида эл-юртимизнинг дунёқараши, маънавий ҳаётининг негизи сифатида вужудга келган, онгимиздан чуқур жой олган буюк қадриятларнинг амалий ифодасидир.

Бугунги синовли кунларда, юртимиздаги ҳар бир бир инсон ўзининг қалб тўридаги энг эзгу ниятларини саховат билан кўрсатаётгани айни ҳақиқат. 

Зотан, юртимизда инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва оқибатлилик фазилатлари улуғланиб келинади. Айниқса, жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган қалби кемтик инсонларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик билан муносабатда бўлиш олий қадриятдир.

Айни кунларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Меҳр улашинг” лойиҳаси доирасида саховат ва кўмак акцияси изчил ўтказилмоқда.

— Ижтимоий кўмакка муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларга саховат кўрсатиш халқимизга хос қадриятлардан ҳисобланади, — дейди биз билан суҳбатда Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси раиси Зулфия Туйева. — Бу каби эзгу ишлар ногиронлиги бўлган шахсларни қадр-қимматини, ҳуқуқларини ҳимоялаш, турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Зеро, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали жамиятнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги фаоллигини таъминлашга эришиш мумкин.

Кези келганда таъкидлаш жоизки, партиямиз ташаббуси билан шу кунгача жойларда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан тез-тез хабар олинмоқда. Саховатпеша инсонлар билан ҳамкорликда уларга саховат ва мурувват ёрдамлари беғараз кўрсатиб келинмоқда. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, партия томонидан кўрсатилаётган саховат тадбирлари депутатларнинг мақтаниши учун кўрсаткич эмас, балки халқ олдидаги инсонийлик бурчидир.

Куни кеча Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши навбатдаги хайрия ишларини амалга оширди. Хайрия ишларида Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати А.Фазилов бу борада фаоллик кўрсатиб келмоқда. Қоровулбозор туманидаги 2-сектор ҳудудига қарашли “Бўзачи” ҳамда “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинидан “Темир дафтарга” киритилган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва қарамоғида ногирони бўлган оилаларнинг 45 нафар мактаб ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини қиш мавсуми олдидан қишки кийим-бош (оёқ кийим, куртка, бош кийим) билан таъминлади. Шунингдек, Халқаро ногиронлар куни муносабати билан 5-Гавкушон сайлов округидаги 100 нафардан ортиқ кекса, ногиронлиги бор, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилаларнинг ҳолидан хабар олди. Халқ вакили уларга 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди ва уларнинг муаммоларини яқиндан ўрганди.

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари Ражаб Худоев, Жамшид Шаропов, Фаррух Бекмурзаев, Нодир Жумаевлар ҳам бу борада олдинги сафда туриб ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олишиб, саховат ва кўмак акциясида фаол иштирок этишди.

— Биз каби одамларга ёрдам қўлини чўзиб, қўллаб-қувватлаётган депутатимиздан миннатдормиз. Умрларингиздан барака топинглар, депутат амалий иш қилсагина халқнинг меҳрини қозонади. Доимо бизнинг ҳолимиздан хабардор бўлиб, ёрдам қўлини чўзасиз, ҳамиша дуодамиз. Оиламиз учун озиқ-овқат маҳсулотлари туҳфа қилиб, бир уйдан икки ногироннинг савобини олдингиз, — дейди Ҳавзи Нав МФЙ, Шохмалик 21 уйда яшовчи Муслима Ахмедова. 

Меҳр-оқибат ҳамиша устувор қадрият саналган. Юртимизда инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва оқибатлилик фазилатлари улуғланиб келинади. Айниқса, жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган қалби кемтик инсонларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик билан муносабатда бўлиш олий қадриятдир.

Халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгаши депутатлари Робия Казимова, Ирина Котова, Фотима Зиядуллаева, Шамсиддин Яшиев, Ирода Бозоровалар ҳам эҳтиёжманд, ногиронлиги бор фукароларга ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиб, улар ҳолидан хабар олишди. 

Бундай саховат тадбирлари вилоятимиз миқёсида декабрь ойи мобайнида давом этади. Зеро, миллатимиз азал-азалдан меҳр-оқибатли бўлиб келган. Йиқилганни суяш, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш азалий одатларимиздан. Халқимизга хос бағри кенглиги, меҳрибонликдан беихтиёр фахр-ифтихор туясан киши. Меҳрни ҳамма нарсадан устун қўйгани боис, ўзбек номи, миллат шаъни юксалиб келаётир. Бугун кечагидан-да кўпроқ оқибатли бўлайлик. Зеро, инсондан меҳру муҳаббат, одамийлик қолади.

 

Шаҳло Бақоева,

журналист.

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш