Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда. Депутатлар электорати манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий муаммоларни янада чуқур ўрганишга, таклифлар ишлаб чиқиб, қонунчиликда акс эттиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти самарали йўлга қўйилмасдан, бу борада аниқ натижаларга эришиш қийин, албатта.
Парламентдаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шерзод Раҳмонов Шофиркон туманида ёшлар ва аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммолари, таклифларини ўрганди, ислоҳотлар самарасини таъминлаш бўйича ўзининг фикр ва тавсияларини берди.
Тумандаги “Жўйрабод” ва “Жилвон” маҳалла фуқаролари билан бўлган очиқ мулоқотлар давомида 10 дан ортиқ муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш юзасидан туман мутасадди ташкилотларга қатор топшириқлар берилди.
Шу куни фуқарлар томонидан ўртага ташланган бандликни таъминлаш, моддий ёрдам, бола пули ажратиш, ер майдони, кадастр ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолар, иш ставкасини ошириш хусусидаги мурожаатларнинг ҳар бири рўйхатга олиниб, қисқа фурсатларда ижросини таъминлашга келишиб олинди.
Шу куннинг ўзида депутат туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига борди. Аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича шароитларни ўрганди. Туманнинг “Наврўз” кўчасида “Хўжа Ғуломте” МЧЖ қурилиш корхонаси бунёдкорлари томонидан 260 ўринга мўлжалланиб бунёд этилаётган замонавий шифо масканининг қурилиш жараёнлари билан танишди, ҳар бир масала юзасидан ўзининг таклифларини билдирди.
Шундан сўнг депутат “Тинчлик”, “Саврак”, “Котиён” ҳудудларидаги ёшлар билан учрашди, уларнинг муаммоларини ўрганди. Ўз ишини йўлга қўймоқчи бўлган йигит-қизларга ишни бошлаш, бу борадаги имтиёзлар, қонунчиликдаги янгиликлар, кредит олиш тартиби бўйича кенг маълумотлар берилди. Депутатнинг бевосита кўмаги билан бир гуруҳ иш бошламоқчи бўлган ёшларга кредит маблағлари ажратиладиган бўлди.
Учрашувлар давомида “Саврак” маҳалласида яшовчи Гулсара Каримова университетда сиртқи таълим тизимида таҳсил олаётган қизини иш билан таъминлаш, “Котиён” маҳалласидан Элёр Шодмонов, Муҳриддин Зоировлар чорвачилик йўналишида иш бошлаш учун банк кредити берилиши, “Тинчлик” маҳалласида истиқомат қилувчи Асрор Қаҳҳоров деҳқончилик билан шуғулланмоқчи эканлиги боис ўз ҳудудидан ер майдони ажратилиши, Аҳмад Рашидов эса томорқасида иссиқхона ташкил этиш ниятида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб депутатга мурожаат қилди. Ҳар бир мурожаат тегишли мутасаддилага йўналтирилиб, ижроси депутат томонидан назоратга олиниши айтиб ўтилди.
Депутат, шунингдек, тумандаги “Сарбозор таъминот сервис” МЧЖ га борди. МЧЖ раҳбари А.Ғафуровнинг айтишича, у собиқ "Шофиркон пилла" АЖ биносини инвестиция киритиш шарти билан харид қилган. Шартномага мувофиқ, мажбурият белгиланган муддатдан ўтиб бажарилганлиги учун туман хўжалик суди тадбиркордан ерни кайтариш бўйича қарор чиқарган.
Бугунги кунда А.Ғафуров томонидан 40 та ишчи ўрни яратилган. Ишсиз фуқаролар иш билан таъминланганлигини инобатга олиб, суд қарорини бекор қилиш учун амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Депутат тадбиркорга тегишли тавсияларни бериб, мурожаат ижросини ижобий ҳал этишни ўз зиммасига олди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.