Халқ билан бамаслаҳат қабул қилинган дастур

Мамлакат даражасида аҳамиятга эга ҳар қандай ҳужжат халқ билан бамаслаҳат қабул қилинса, унинг ҳаётийлиги таъминланади, инсон манфаатларига хизмат қиладиган, халқимизга фойдаси тегадиган ғоялар амалга ошади. Президентимиз фармони билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури шу жиҳатдан жуда муҳим стратегик ҳужжат бўлди.

Аввало, Давлат дастури ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, муҳофазага муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш йўналтирилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

274 банддан иборат Дастурда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам долзарб вазифалар кўзда тутилган. Бунинг замирида чуқур маъно мужассам. Яъни, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидаги ислоҳотлар изчил давом этиши, давлат идоралари халқимизга хизмат қилишини амалда таъминлаш, бюрократик ғовларни бартараф этиш жараёни тўхтаб қолмаслигига қатъий эътибор қаратилган.

Давлат дастурида Халқ демократик партияси учун принципиал аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратилган, уларнинг ечими бўйича аниқ йўналишлар белгилаб берилган. Партиямиз Сайловолди дастурида ғоя сифатида илгари сурилган 10 дан ортиқ мақсадларни амалга ошириш механизмлари қамраб олинган.

Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва турмуш фаровонлигини ошириш ислоҳотларнинг пировард мақсади бўлиши, пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратилиши, меҳрибонлик уйларининг уй-жойга муҳтож 900 нафар чин етим битирувчилари уй-жой билан таъминланиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши билан боғлиқ вазифаларнинг белгиланиши партиямиз дастурий мақсадлари билан узвий ва ҳамоҳангдир.

Камбағаллик, қолаверса, боқимандалик кайфиятига қарши курашишнинг, ижтимоий ҳимоя тизимини модернизация қилишнинг узоқ истиқболда энг самара берадиган йўли бугун таълим тизимига, инсон капиталига эътиборни янада кучайтириш ҳисобланади. Эҳтиёжманд, камбағал оиладаги муҳитни уларнинг фарзандларига сифатли таълим-тарбия бериш орқали тубдан ўзгартириш мумкин. Таълим бериш, касб-ҳунар ўргатиш ишлари ўзаро уйғун равишда самарали олиб борилиши ишсизликни камайтириш, ўзини ўзи банд этиш имкониятларини ошириш, камбағалликка қарши курашишда катта аҳамият касб этади.

Давлат дастурида ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш мақсадида янги ўқув йилидан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилиши партиямиз учун катта ижтимоий аҳамиятга эга.

Бу вазифаларни амалга ошириш орқали ўқишга, илм олишга иштиёқманд, лекин оилавий шароитидаги қийинчиликлар сабабли олий таълим ололмаётган қанчадан-қанча ёшларнинг кўнгли кўтарилади, уларнинг ҳаётга қараши ўзгарди, келажакка ишончи мустаҳкамланади.

Умуман олганда, илм йўлидан кетган, ўқиш, ўрганиш ва кашф этиш устида изланишдан чарчамайдиган йигит-қизлар учун катта имкониятлар эшиги очилади. Илғор фикрлайдиган, бунёдкор ғоялар билан яшайдиган ёшларимиз сафи янада кенгаяди.

Дунёда ҳеч бир давлат йўқки, аҳоли муайян қисмининг камбағаллиги, жамиятда фаол эмаслиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаган бўлса. Мамлакатимиздаги тарихий-ижтимоий шароитда камбағаллик муаммосига турли сабаблар таъсирини ўтказиб келган. Ҳақиқат шуки, халқимиз ҳеч қачон меҳнатдан қочмайди, дангасалик қилиб, ҳаётини яхшилаш масаласига бефарқ қарамайди. Фақат маълум юртдошларимизга илм, ҳунар ва кўникма, маблағ масалаларида озгина кўмак, мадад зарур.

Давлат дастурига кўра, жорий йилда давлатимиз учун ҳам, халқимиз учун ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим даври бошланяпти. Ўтган йилдаги ислоҳотларга узвий равишда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича мутлақо янги тизим яратилади.

Жумладан, иқтисодиётни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишнинг пойдеворини яратиш мақсадида “темир дафтар”, “аёллар ва ёшлар дафтарлари”га киритилган фуқароларга ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун керак бўладиган асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилиши амалиёти йўлга қўйилади. Бу иш бошлаш ниятида юрган, бунёдкор ғояларга эга, лекин маблағ масаласида қийинчиликка дуч келган юртдошларимизга кўмак бўлади. Натижада минглаб ватандошларимизнинг ўзини ўзи банд қилишга олиб келади.

Албатта, яхши ният билан мўлжалланган режаларни реал ҳаётда ҳам амалга оширишимиз шарт. Давлат дастурида белгиланган вазифалар тўлиқ бажариладими, ижро ҳокимияти томонидан жойларда сусткашликка, ўзибўларчиликка йўл қўйилмадими, деган саволлар асосида қатъий парламент ва депутатлик назоратини амалга оширамиз. Бу борада жорий йилдан янгича тартибда ишлашга ўтамиз. Хусусан, Дастурда белгиланган ижтимоий йўналишдаги вазифаларнинг бандма-банд ижроси бўйича депутатлик назорати ўрнатилади. Маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари жойлардаги вазиятни тезкор таҳлил қилиб, муддатидан кечикаётган ёки сифатли бажарилмаётган бандлар бўйича сессияларга масала киритади. Уларнинг натижаларига асосан парламентдаги фракциямиз орқали мутасадди вазирликларнинг ахборот ва ҳисоботлари эшитилади.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари

Теглар

Депутат Олий Мажлис Давлат дастурига таклифлар
← Рўйхатга қайтиш