Ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсия ёшидаги инсонларнинг муаммоларига ҳам ечим топилади

Халқ билан очиқ мулоқот натижалари асосида қабул қилинган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури жамиятнинг турли қатламлари муаммоларини ҳал этишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Бу йилги Давлат дастурида ҳам нафақат ёшларнинг, балки ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсия ёшидаги инсонларнинг муаммоларига ҳам ечим ўз аксини топган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил 1 июнгача протез-ортопедия буюмлари ва реаблитация техник воситалари билан таъминлаш сертификат бериш тизимига ўтказилишини қайд этиш мумкин. Энди ногиронлиги бўлган фуқароларга давлат берган пул эвазига исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия ва реаблитация техник воситалари сотиб олиш имконияти берилади.

Шунингдек, ногиронлиги аниқ кўриниб турган шахсларнинг ортиқча сарсонгарчилик ва оворагарчиликлардан халос этиш мақсадида уларни текширувдан ўтказмасдан туриб, ногиронлик муддатсиз даврга белгиланади.

Давлат дастурида пенсия ва нафақалар тайинлашни осонлаштириш мақсадида 2021 йил 1 июндан:

2005 йилдан олдинги давр учун иш стажи меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади.

Шу билан бирга, уч йил ва ундан олдин тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш тартиби бекор қилинади.

Ўз турмуш ўртоғининг келажакда кафолатланган пенсия олиш ҳуқуқини таъминлаб беришни назарда тутувчи, оилада ишловчилар ишламайдиган турмуш ўртоқлари учун ўз даромадидан ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаб боришлари орқали таъминланади.

Пенсия ва нафақалар хоҳишга кўра доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича тўланади. Пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар банкда ёки электрон шаклда расмийлаштирилади. Дастурда яна бошқа қулайлик ва янгиликлар ҳам яратилиши кўзда тутилган.

Ўйлаймизки, Давлат дастуридан ўрин олган бу каби ўзгаришлар фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги кўплаб муаммолар ечимига хизмат қилади. Бу ҳам дастур аҳоли томонидан келиб тушган таклифлар асосида шакллантирилганининг яна бир тасдиғидир.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш