Аёллар ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар қиламиз

Хотин-қизлар ва ёшлар мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ташкимл этади. Жамиятимизда учраётган ижтимоий масалаларнинг аксарияти ҳам улар билан чамбарчас боғлиқ. Демак, улар билан кўпроқ ишлашимиз, очиқ мулоқотларни кўпайтиришмиз, эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлашимиз энг муҳим вазифамиздир.

Шу асосида партиямизнинг “Фаол аёллар” қаноти манзилли чоралар устида ишлаяпти. Яқинда аёлларни ўйлантираётган масалалар ечимига қаратилган “Аёлларга кўмак” лойиҳасини ишлаб чиқдик.

Бундан кўзланган мақсад – маҳаллабай ишлаш, уйма-уй юриб, ҳар бир хотин-қизнинг муаммосини ўрганиш, таҳлил қилиб, унга ечим топиш, шунингдек, хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятларнинг жойларда қай даражада бажарилаётганлиги устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиб, фақат амалий натижаларга эришишдан иборат. Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишни режалаштирдик.

Олдимизда турган, эътибор қаратадиган асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:

  • Ишсиз, касб-ҳунарсиз, камбағал оилалардаги аёлларни касб-ҳунар марказлари, “Ишга марҳамат” мономарказлари ёки Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларининг ўқув курсларида ўқишга, касб-ҳунар ўрганишга жалб этиш;
  • Шахсий томорқаларини ривожлантирмоқчи бўлган ишсиз аёлларга давлат томонидан ажратилган субсидиялар орқали 1 сотихли иссиқхоналар ўрнатишга, суғориш воситалари, уруғ ва кўчатларни харид қилишга кўмаклашиш;
  • Ишсиз аёлларга ишсизлик нафақасини тайинлашда ёрдам бериш;
  • Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ҳамда уй-жойга муҳтож бўлган оғир шароитда яшаётган аёлларни уй-жой билан таъминлашга ёки уларга ижара компенсацияси тўланишига кўмаклашиш;
  • Нодавлат таълим ташкилотлари сертификатини олган, тадбиркорлик ташаббусига эга бўлган хотин-қизларга таъминотсиз имтиёзли кредитлар олиб беришга ёрдам кўрсатиш;
  • жойлардаги (маҳаллалардаги) бўш турган бино ва иншоотларни аниқлаб, ҳудудларнинг эҳтиёжига қараб хотин-қизлар учун кичик корхона ва тикув-трикотаж цехларини ташкил этиш юзасидан ҳокимликларга таклиф киритиш.

Шунингдек, ҳудудларда хотин-қизлар масалаларига оид қабул қилинган қонун ва қарорларнинг ижроси ўрганиб, ҳолат юзасидан тегишли корхона ва ташкилотларга киритиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқладик. Бунда ҳудуднинг аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича тасдиқланган прогноз параметрлари бажарилиши мониторинг қилинади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса кўп болали ва ёлғиз оналар учун корхоналар кесимида квоталанган бўш иш ўринлари яратилганлиги ўрганилади. Туман, шаҳарларнинг жамоат ишлари бўйича прогноз кўрсаткичлари тасқдиқланганлиги ҳамда жамоат ишларига жалб қилинган аёлларнинг иш ҳақларини ўз вақтида олаётганлиги мониторинг қилинади.

Аниқланган муаммолар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига кўриб чиқиш учун тақдим этилади ва ушбу масалалар депутатлик гуруҳи, доимий комиссия ҳамда сессия кун тартибига киритилади, муҳокама этилади, тегишли қарорлар қабул қилинади, қарор ижроси назоратга олиниб, муаммолар бартараф этилади.

Албатта, ушбу вазифаларнинг самарали бажарилиши хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, даромадини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Мақсадга эришиш учун биздан белни мақкам боғлаб ишга киришиш талаб этилади.

Бунинг учун партия тизимидаги масъуллар билан маҳаллий кенгашлардаги депутатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман.

 

Гулшан Асатова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш