Тиббий-ижтимоий хизмат янада такомиллашади
Тиббий-ижтимоий хизмат янада такомиллашади

 

Ҳозирда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш ва кучайтириш ҳамда ногиронлар, ёлғиз кексаларга манзилли, табақалаштирилган тарзда ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш борасида эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари фаолиятининг илк кунларидан тинчлик ва соғлиқни таъминлашни ижтимоий ҳаётимизнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгилаган эди. Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, кадрлар таъминотини яхшилашга қаратилган ўндан ортиқ Фармон ҳамда Қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди. Хусусан, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни, онкология хизматини ривожлантириш, тиббий таълимни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлашга доир меъёрий ҳужжатлар бунинг яққол тасдиғидир. Шубҳасиз, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Бу борада, 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони мақсад-моҳиятига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ишларга туртки бўлди. Ўтган давр мобайнида республикамизда ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам беришни ташкил этишнинг таъсирчан тизими шакллантирилди.

2018 йил 20 июндаги “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассаса-ларнинг моддий-техника базасини янада кўчайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилиниши билан муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш муаммоларини ҳал этиш масаласига жиддий эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартдаги “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Фармони кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янгича ёндашувларни жорий этишга қаратилган вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш Агентлигининг ташкил этилиши эса, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида давлат қарамоғига олинган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишни самарали бошқариш имкониятини беради. Фармонга асосан, Агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Маълумотларга кўра, кейинги йиллада 27 та тиббий-ижтимоий муассасаларда 267,2 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди ва замонавий талабларга мос бўлган 1327 та ўринлар фойдаланишга топширилди. Санаторийларда соғломлаш-тирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар сони 43 минг нафарни ташкил этиб, 20 фоизга ортди, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган асосий озиқ-овқат ва гигиена воситалари сони 15 тадан 19 тагача оширилди, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди.

Ҳозирда вилоятимизда ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар учун 3 та “Мурувват” ва “Саховат” интернат-уйлари, 1та ногиронлиги бўлган шахсларни реабили-тация қилиш ва протезлаш маркази, 1 та кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий мавжуд. 2016 йилда 699 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлар реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминланган бўлса, 2017 йилда бу кўрсатгич сал кам 916 нафарга, 2018 йилда бу кўрсатгич 708 нафарга, 2019 йилда эса 1773 нафари реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминланган. Бу рақамлар давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга кўрсатилаётган эътибор ҳақида маълум бир хулосалар олишга имкон беради.

Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва ногиронларга тиббий хизматлар кўрсатиш, айниқса, ижтимоий хавфи бор касалликларни даволаш ва олдини олиш-ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши деб ҳисоблайди. Партия Сайловолди дасту-рида “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш таклифини илгари сурган. Бу орқали аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори-дармон, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш ҳамда самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш имкони ортади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан ўтган йилда Кенгашнинг Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий Комиссияси билан ҳамкорликда “Вилоятда аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этилиши ҳолатини ўрганиш тўғрисида”ги масала атрофлича муҳокама қилинди. Масаланинг долзарб жиҳати шундаки, ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлар томонидан реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмларига бўлган эҳтиёж йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, партия гуруҳи ва доимий комиссия мажлисларида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиларининг ахборот ва ҳисоботлари эшитилди. Муҳокамалар жараёнида мазкур йўналишларда мавжуд камчиликларни атрофлича таҳлил этилиб, уларни бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан мутасадди ташкилотларга таклиф ва тавсиялар берилди.

Фуқароларнинг ўз ҳаёт шароитларидан розилигини белгиловчи муҳим мезонлардан бири - уларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигидадир. Шундай экан, бу борада қабул қилинган қонун ва меъёрий ҳужжатлар ҳамда белгиланган вазифаларнинг ижроия ҳокимият органлари томонидан бажарилишини назорат қилиш маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз зиммасига ўзига хос масъулият юклайди. Ҳозирда маҳаллий Кенгашларга берилаётган кенг кўламдаги ваколатлар бу борада амалга оширилаётган ишларнинг янада самадорлигини ошишига хизмат қилади.

 

Олим Равшанов,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси.

← Рўйхатга қайтиш