Бугун, 7 апрел куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят Кенгашининг III пленуми бўлиб ўтди. Йиғилишда партия вилоят Кенгаши масъуллари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Пленум ишида халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг, ХДП Бухоро вилоят кенгаши ижроия қўмитасининг 2020 йилдаги фаолияти, 2020 йил бюджетининг ижроси ва 2021 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари ҳамда партия вилоят Кенгаши аъзолари таркибини қисман янгилаш тўғрисида ахборотлар эшитилди.
Пленумда ЎзХДП вилоят кенгаши раиси Зулфия Туйева маъруза қилди.
Таъкидландики, 2020 йилда “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракати доирасида партия ташкилотлари ва депутатлар томонидан мамлакатимизда коронавирус пандемияси ҳамда 27 апрель куни Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш, партия электорати бўлган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакилларига ёрдам кўрсатиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Маърузада халқ фаровонлигини таъминлаш, аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш каби эзгу мақсадларни устувор вазифа сифатида белгилаб олган Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар жамиятимизда ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, 2020 йилда партия кенгашлари ҳамда партия гуруҳи аъзолари томонидан ХДПнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат Дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида партия гуруҳлари ташаббуслари билан 58 та масала партия гуруҳлари, 29 та масала доимий комиссиялар, 38 та масала Кенгаш сессиялари муҳокамасига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинганлиги таъкидланди.
Партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Кенгашлари қошида тузилган “Жамоатчилик қабулхоналари”га 2020 йилда 687 нафар фуқародан тушган мурожаатнинг 518 таси, яъни жами мурожаатларнинг 75 фоизи ижобий ҳал этилган, 169 та мурожаатнинг ижроси назоратга эса олинган.
Пленумда ХДП Бухоро вилоят Кенгашининг 2020 йил бюджети ижроси ва 2021 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари тўғрисида вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Шоҳиста Набиева ахборот берди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши аъзолари таркиби қисман янгиланди.
Пленумда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Йиғилишда давлат мукофотлари билан тақдирланган бухоролик хотин-қизлардан уч нафари – “Зулфия” мукофоти совриндори, Бухоро давлат университети талабаси Умарқулова Динора Шерали қизи, “Шуҳрат” медали соҳибаси, Бухоро “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи ҳамшираси Ҳамида Юлдошева ҳамда II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Гуландом Юнусова Ўзбекистон ХДП Бухоро вилояти Кенгаши томонидан партия сафига қабул қилинди. Уларга аъзолик гувоҳномалари билан бирга партия номидан эсдалик совғалари топширилди.
ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши
Ахборот хизмати