Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун янги иш ўринлари ташкил этиш, бандлигини таъминлаш, шу орқали уларни доимий даромад манбаига эга бўлишларига эришиш Ўзбекистон ХДП фаолияти ва дастурий мақсадларининг асосий йўналишларидан биридир. Ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш учун партия томонидан бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқилиб, муваффақиятли тарзда амалга оширилмоқда. “Ёшлар ва аёлларга кўмак” лойиҳаси улардан биридир.
Куни кеча Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳар “Красногорск” шаҳарчасининг “Толбулоқ”, “Файзабод”, “Ойдин” ва “Саид ота” маҳалла фуқаролар йиғинларида мазкур лойиҳа доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилди. Тадбир доирасида ХДП Марказий Кенгаши, партиянинг Тошкент вилоят Кенгаши, вилоят касаба уюшмаси масъул ходимлари ҳамда Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатларидан иборат ишчи гуруҳ ҳудудда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишди. “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларнинг ташкил этилиши ўрганилди.
Баҳор – яшариш, янгиланиш фасли. Ободонлаштириш ишлари қизғин паллага кирадиган фасл ҳам баҳор. Ишчи гуруҳ аъзолари халқимизга хос бу қадриятдан келиб чиққан ҳолда тадбирни кўчат экиб, ҳудудда Халқ демократик партияси боғини ташкил этишдан бошлади. Шу мақсадда фаоллар ва кўнгиллилар томонидан 200 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёшларнинг ҳолидан хабар олди. Улар билан бўлган суҳбатларда муаммолари, эҳтиёжлари ўрганилди. Партиянинг эсдалик совғалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш чора-тадбирларининг натижадорлигини ўрганиш мақсадида партия томонидан ўтказилаётган “Ёшларга кўмак” лойиҳаси доирасида ишга жойлаштирилган ёшлар билан учрашув ўтказилди. Қайд этиш керак, ушбу лойиҳа туфайли маҳаллий ёшлардан 30 нафари “Лола” тўқимачилик корхонасига ишга жойлаштирилган эди. Ишчи гуруҳ корхонада яратилган меҳнат шароити билан танишди. Ёшлар билан бўлган суҳбатда улар иш билан таъминланганликларидан мамнун эканликларини билдириб, бунинг учун ХДПга миннатдорчилик билдирдилар. Ўрганиш жараёнида корхонада яна 8 нафар ишчига эҳтиёж борлиги аниқланиб, шу жойнинг ўзида ҳудуд ёшларидан 8 нафарини ишга қабул қилиш масаласи ҳал этилди.
Партия томонидан ўтказилган аввалги тадбирлардан бирида фуқаролар Орифжон Йўлдошевга, Мавлуда Қодировага тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун амалий ёрдам кўрсатилганди. Тадбир доирасида улар ташкил этган корхоналар фаолияти билан танишилди. Таклиф, муаммолари ўрганилди. Ҳозирда хонадонида кичик тикувчилик цехини юритаётган Мавлуда Қодирова фаолиятини кенгайтиришга ҳаракат қилаётганини, шу мақсадда банкка кредит сўраб қилган мурожаати сансалорликка солинаётганини маълум қилди. Ишчи гуруҳ вакили шу жойнинг ўзида “Микрокредитбанк”нинг ҳудудий бўлими мутасаддиси билан телефон орқали боғланиб, кредит ажратилишига эришилди. Муаммоси ҳал бўлган тадбиркор янги иш ўринлари ташкил этиб, ҳудуддаги ишсиз хотин-қизларни ишга қабул қилишини билдирди.
Тадбир давомида партия аъзолари бўлган шаҳардаги 44-, 45- ва 46-умумтаълим ўрта мактабларининг ёш ўқитувчилари иштирокида “Санъат байрами” кўрик-танлови ташкил этилди. Танлов иштирокчилари мусобақа шартларига кўра миллий қўшиқлар, лапарлар ва рақс йўналишлари бўйича ўзаро беллашдилар. Ушбу тадбир шаҳарча аҳолиси учун ҳам ажойиб маданий кечага айланди. Танлов ғолиблари ва иштирокчиларига партиянинг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон ХДП томонидан ташкил этилган “Ёшлар ва аёлларга кўмак” лойиҳасидаги тадбирлар юртимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.