Бухоро санъат коллежида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро шаҳар кенгаши томонидан “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган ёшлар иштирокида «Депутат билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида “Депутат ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлари, мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари, 150 дан ортиқ ёшлар иштирок этган тадбирни Бухоро шаҳар ҳокими Ўткир Жумаев тадбирни очиб берди.
Учрашувда сўзга чиққанлар ЎзХДПнинг сайловолди дастурида ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласида илгари сурилган устувор вазифалар, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, “хонадонбай”, “маҳаллабай” ўрганишлар орқали ишсиз аҳоли қатламини “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритиш, муаммоларига ечим излаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва мазкур жараёнда партия депутатларининг ўрни ҳақида маълумотлар бердилар.
Шундан сўнг ёшлар билан бевосита мулоқот бошланди. Депутатлар ва мутасаддилар ёшлар томонидан кўтарилган ҳар бир масалани жойида ҳал этиш чорасини кўрдилар. Натижада мулоқот жараёнининг ўзида 16 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди, касб-ҳунар ўрганиш истагини билдирган 8 нафар йигит-қиз касб-ҳунар ўргатиш марказига йўналтирилди. “Темир дафтар”га киритилган 52 нафар йигит-қизга 500 минг сўмдан ёрдам пули, 60 нафарига озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Ногиронлик аравачаси олишда кўмак кўрсатишни сўраб мурожаат қилган Фотима Абдуллаеванинг илтимоси ҳам партиямиз депутати томонидан жойида ҳал этилди. Яқин кунларда Фотимага ногиронлик аравачаси етказиб берилади.
“Депутат ва ёшлар учрашуви” вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом этмоқда.