“Давлат божи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси яна қизғин баҳсларга сабаб бўлди
“Давлат божи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси яна қизғин баҳсларга сабаб бўлди

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ва бошқа қонун лойиҳалари фракция аъзолари ҳамда мутасадди ташкилотларнинг масъуллари иштирокида муҳокама қилинди.

Депутатлар томонидан барча қонун лойиҳалари бўйича таклиф-мулоҳазалар билдирилди. “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси яна қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Хусусан, фракция аъзолари маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш борасида хизмат кўрсатувчи “Тоза ҳудуд” ташкилотлари мижозлар билан эмас, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан оммавий шартнома тузганликлари, суд йўли билан қарздорликни ундириш масаласида бу ҳолат амалдаги қонун ҳужжатларига нечоғлик тўғри келиши хусусида қонун ташаббускорларидан изоҳ сўрадилар.

Бундан ташқари, депутатлар маиший чиқиндиларни ташиш хизмати бўйича вужудга келган аҳолининг 300 миллиард сўмдан ортиқ дебитор қарздорлиги қанчалик асосли экан билан қизиқдилар. Боз устига “Тоза ҳудуд” корхонаси кириб бормаган ҳудудлар аҳолисининг ҳам маиший чиқиндилар ташишдан асоссиз қарздор бўлиб қолганлиги ҳолатлари мавжудлиги депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Мутасаддилар депутатларнинг саволларига тушунтиришлар беришди.

Фракция аъзоси Улуғбек Вафаев қонун лойиҳаси юзасидан, жумладан, шундай фикр билдирди:

– Ўйлашимизча, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашимиз керак. Чунки, соҳа жуда аянчли аҳволга тушиб қолган. Агар маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш борасида Тошкент шаҳри билан бошқа ҳудудларни солиштирадиган бўлсак, пойтахтда бу масалада ҳеч қандай муаммо йўқ. Пойтахтда чиқинди тўплаш жойларининг ҳолати, ташиш хизматларига эътироз йўқ, чиқиндилар ўз вақтида олиб кетиляпти.

Мижозлар ҳам хизмат ҳақи тўловини ўз вақтида амалга оширмоқда. Қисқаси, тизим яхши йўлга қўйилган. Бу тизим бошқа жойларда ҳам йўлга қўйилиши керак. Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти мижозлардан тушадиган маблағларга асосланган. Моддий техникани мустаҳкамлашдан тортиб, хизмат кўрсатишгача бўлган харажатларнинг барчаси пул тушимига боғлиқ. Бизнингча, ҳозир муҳокама этаётганимиздан муқобил таклиф йўқ. Шу боисдан, тизим ташкилотларига миллиардлаб қарзларни ундириш имконини беришимиз керак. Акс ҳолда, соҳанинг аҳволи янада оғирлашади. Соҳанинг фаолияти эса бевосита ижтимоий масалаларга тааллуқли. Шунинг учун қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашимиз керак, деб ўйлаймиз.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси моддама-модда овозга қўйилди ва иккинчи ўқишга киритиш учун маъқулланди.

ЎзХДП фракцияси йиғилишида кун тартибига киритилган барча қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш