Электр тармоғидаги муаммо ҳал этилди, ваҳимага асос йўқ
Электр тармоғидаги муаммо ҳал этилди, ваҳимага асос йўқ

 

Шу йилнинг 31 май куни ижтимоий тармоқ ва телеграм каналларида “Электр йўқлигидан норозилар машина йўлини тўсиб қўйди” сарлавҳаси остида видео тарқалди. Унда Жиззах вилояти Фориш тумани “Қизилқум” Қишлоқ Фуқаролар Йиғинида узоқ вақт мобайнида электр энергияси йўқлиги, ичимлик сувидаги муаммолар сабаб фуқаролар туман ҳокими келишини талаб қилиб, бир неча соатга автотранспорт йўлини тўсиб қўйгани ҳақида сўз боради.

Фориш тумани “Қизилқум” маҳалласида бугунги кунда 490 та оила истиқомат қилади. Ҳудудда оқова сув мавжуд эмаслиги сабабли ҳар бир оила ўз томорқасини суғоришда кичик қудуқлардан, сув насослари орқали тортиладиган ер ости сувларидан фойдаланиб келади. Маҳалла аҳли айни сув қудуқларидан оби-ҳаёт истеъмол қилади.

Халқ депутатлари Фориш туман Кенгашидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан ушбу муаммонинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда ҳудудда аҳоли томорқаларидан ташқари юзга яқин фермерлар ва деҳқон хўжаликлари ҳам экин майдонларини суғоришда ер ости сувидан фойдаланиши аниқланди.

Шу сабабли қишлоқ хўжалигида экинларни суғориш мавсуми бошланиши билан электр энергиясига бўлган талаб кескин ошиб кетиши оқибатида электр тармоғи қувватида узилишлар рўй берган.

Бугунги кунда маҳалланинг электр тармоғи ҳудудига яқин жойдан “Олмалиқ” кон металлургия комбинатининг “Учқулоч” руда конига тортилган электр тармоғи уланиши натижасида муаммо бутунлай бартараф этилди.

Албатта, ҳар бир муаммонинг ўз ечими бор. Ана шу ечим ҳал бўлгунга қадар сабр-тоқат билан иш тутсак, олам гулистон.

Бундай муаммоларнинг келиб чиқишига айрим ҳолларда баъзи масъулларнинг ўз вазифасига сидқидилдан, виждонан ёндашмаётганликлари ҳам сабаб бўлмоқда.

Мухтасар айтганда, ушбу масала Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан маҳаллий Кенгашилар депутатлари томонидан тўлиқ назоратга олинганлигини маълум қиламиз.

Келажакда бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун аҳолини узлуксиз тоза ичимлик суви ҳамда электр қуввати билан таъминлаш юзасидан туман ҳокимлиги ҳамда электр тармоқлари корхонаси раҳбариятини керакли чоралар кўришга чақириб қоламиз.

 

ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши

← Рўйхатга қайтиш