Меҳнат инспекциясидан бефарқ бўлмасликни талаб қиламиз
Меҳнат инспекциясидан бефарқ бўлмасликни талаб қиламиз

Куни кеча Телеграм каналларида Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани ободонлаштириш тизимида қабристон қоровули бўлиб ишлашини маълум қилган фуқаро ўз фаолиятига кирмайдиган меҳнатга жалб қилинаётгани, йўл ёқаларини, амалдорларнинг уйини тозалаш учун бошқа туманларга юборишаётгани, ҳаттоки туман ҳокимининг шахсий уйидаги қўйхонасини бузиб, қайта қуриб беришга жалб этилгани юзасидан шикояти эълон қилинди. Мурожаатда ходимларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинишини олдини олиш, дам олиш кунлари ишга жалб қилингани учун қонунчиликда белгиланган тартибда қўшимча ҳақ тўлаш бўйича туман меҳнат инспекциясига мурожаат қилингани, бироқ масала ўрганилмай ёпиб юборилгани айтилган.

Тўғри, юқорида қайд этилган муаммоли масалалар туман ободонлаштириш бўлимининг раҳбари томонидан доимий равишда амалга ошириб келинган. Жорий йилнинг 26 май куни Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-қисмига асосан, Aсқар Турдиқулов билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Шуни таъкидлаш керакки, бу каби ҳолатлар биринчи марта бўлаётгани йўқ. Айрим давлат идоралари фаолиятида ходимларга дам олиш учун имконият бермаслик, иш вақти тугагандан кейин уларни ушлаб туриш, дам олиш кунлари тегишли ҳуқуқий асоссиз ишга жалб этиш ва меҳнат ҳуқуқини бузиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Мамлакатимизда ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояловчи орган сифатида Меҳнат инспекцияси фаолият олиб бормоқда. Бироқ, ушбу ташкилот бугун ўз вазифасини қай даражада олиб бормоқда? Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қила олмоқдами? Афсуски, юқоридаги мурожаатга назар соладиган бўлсак, ходимларнинг дам олиш кунлари меҳнатга мажбурий жалб қилингани, қўшимча ҳақ тўланмагани юзасидан Меҳнат инспекциясига қилинган мурожаат эътиборсиз қолдирилиб, ёпиб юборилгани иддао қилинган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси қандай асосларга кўра, мурожаат эътиборсиз қолдирилгани, шунингдек, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари нима учун ҳимоя қилинмагани юзасидан Меҳнат инспекциясидан изоҳ талаб қилади.

Бундан ташқари, дам олиш кунлари меҳнатга жалб қилинган ходимларга қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнатига муносиб ҳақ тўланишини тартибга солиниши зарур деб, ҳисоблаймиз.

Бунинг учун, Меҳнат инспекцияси ташкилотларда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиши, парламент қуйи палатасидаги Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси меҳнат муносабатларига оид мазкур масалага эътибор қаратиши, парламент назоратини кучайтириши зарур.

Қонунчиликка эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 130 ва 132-моддаларига кўра, ходимларни дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланган бўлиб, Кодекснинг 157-моддасида иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши қайд этилган.

Меҳнат инспекциясининг асосий вазифаси бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чораларни кўришдан иборат. Шундай экан, партия инспекциядан ўз ваколати доирасида тўлақонли фаолият юритишини талаб қилади.

Шунингек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси иш берувчилардан ходимни иш вақтидан ташқари меҳнатга, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишларга жалб этишда юқоридаги қонунчилик талабларига риоя этишларини сўраб қолади.

Партиямиз бундан буён аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини тартибга солиш, ходимларга бўлаётган ноҳақ муносабатларга кескин чораларни кўриш бўйича ишларни амалга оширади ҳамда матбуот, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида маълумотларни тақдим этиб боради.

 

ЎзХДП Тошкент вилояти кенгаши

← Рўйхатга қайтиш