Мамлакатнинг инвестиция жозибадорлиги аввало мулк ҳуқуқининг ҳимояланганлик даражаси билан боғлиқ. Тадбиркор ишлаб топган маблағини, мулкини тўлиқ тасарруф этишга ишончи комил бўлсагина сармоя киритади, бизнесини юритади. Шу боисдан мамлакатимизда хусусий мулкни, мулкдорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди, бу соҳада қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилди.
Бироқ ўзбошимчалик билан хусусий мулк ҳуқуқини поймол қилиш, айрим мансабдор шахсларнинг адолатсиз ва асоссиз важлар билан кўчмас мол-мулкка аралашувлар кузатилмоқда ва бу ҳолатлар тадбиркорларнинг, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида тўхталиб ўтиб, айрим жойларда давлат органлари тизимидаги раҳбар ва мутасаддилар томонидан тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари ҳануз давом этаётганини таъкидлаб, Бизнес-омбудсманга тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузган давлат идораси мансабдорларига нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича ваколат бериш таклифини билдирган эди. Шу боисдан «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида кун тартибидаги бир қатор масалалар қаторида мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда манфаатдор идоралар мутасаддилари иштирокида депутатлар томонидан кўриб чиқилди.
Қонун муҳокамаси жараёнида таъкидланганидек, хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоли вазиятларларни бартараф этиш мақсадида, қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига ушбу кодекснинг 43-, 1973-, 2002-, 2411 – 2414 -, 2416 -, 2418- ҳамда 24110- моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларини кўриб чиқиш ваколатини бериш белгиланмоқда. Мазкур ўзгартишлар хусусий мулк дахлсизлиги, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлашни, давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқбузарлик профилактикаси кучайтиришнинг институционал механизмлари янада такомиллаштиришга хизмат қилиши фракция аъзолари томонидан таъкидланди.
Фракция йиғилишида шунингдек, «Наркологик касалликларга чалинган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда фракция фаолиятига оид масалаларни кўриб чиқдилар.
Йиғилишда фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.