МДҲ ПА кузатувчилари ХДП да қабул қилинди
МДҲ ПА кузатувчилари ХДП да қабул қилинди

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеясининг узоқ муддатли кузатувчилари мамлакатимизга ташриф буюрган эди.

7 октябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) Кенгаши Котибияти раиси ўринбосари – МДҲ ПА иштирокчи-давлатларида демократиянинг ривожланиши, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти (ДПРХИ) директори И.Мушкет бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари У. Вафоев меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ХДП иштироки билан таништирди. Учрашувда алоҳида таъкидланганидек, сайлов кампанияси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, сайлов тўғрисидаги қонунларга тўла мувофиқ ҳолда, очиқлик ва ошкоралик шароитида ўтмоқда. МДҲ ПА миссиясининг кузатувчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди ташвиқоти жараёни билан ҳам таништирилди. Номзодга сайловолди ташвиқотини олиб боришда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда бошқа номзодлар каби кенг ва тенг имкониятлар яратилгани қайд этилди. МДҲ ПА делегациясига партия номзодининг сайловолди дастури, ғоя ва мақсадлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. МДҲ ПА кузатувчилари ўз фаолияти давомида Тошкент шаҳри ва вилоятларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатади ва мониторинг олиб боради.

Узоқ муддатли мониторинг давомида ДПРХИ экспертлари сайлов кампаниясининг асосий босқичларини кузатадилар ва таҳлил қиладилар, шунингдек сайлов жараёнининг иштирокчилари: турли даражадаги сайлов комиссиялари раҳбарлари ва сиёсий партиялар штаблари вакиллари билан учрашувлар ўтказадилар. Узоқ муддатли кузатув натижаси сифатида якуний ҳисобот эълон қилинади.

МДҲ ПА кузатувчилар гуруҳи МДҲ сайловларни кузатиш миссияси таркибига киради. Шу билан бирга гуруҳнинг сайловларни кузатиш билан боғлиқ фаолияти МДҲ ПАга аъзо давлатларда демократия, парламентаризмнинг ривожланиши ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти (ДПРХИ) томонидан мувофиқлаштирилади. Бугунга қадар МСК томонидан 69 нафар МДҲ ПА Кенгаши Котиябияти ҳамда ДПРХИ вакиллари халқаро кузатувчи сифатида аккредитация қилинган.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш