Самарқандлик ёшлар ташаббускор
Самарқандлик ёшлар ташаббускор

 

Сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс тизими яратилди. Билимли, кенг дунёқарашга эга ватанпарвар йигит-қизларни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди. 2021-йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлиги йили” деб номланиши ва давлат дастури қабул қилиниши ҳар бир ташкилот ва идораларнинг ёшлар билан ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишни талаб қилди. Ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишлардаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган дастурларни амалга ошириш мақсадида яхлит инфратузилма яратилди.

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгашининг ўз олдига қўйган муҳим вазифалардан бири ёшлар билан ишлаш, улар билан яқиндан алоқаларни йўлга қўйиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётга фаол жалб қилиш, муаммоларини ўрганиш каби масалалардан иборатдир. Бугун партия ғояларини оммалаштириш ва ёшларни партиямиз сафига кенг жалб қилиш масаласига эътибор қаратар эканмиз, аввало, жорий йилнинг ўтган даврда амалга оширилган ишларни баён этсак мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят Кенгаши вилоятимиздаги мавжуд олий таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, талаба ёшлар ўртасида учрашувлар, давра суҳбатлари, оммавий ва маданий тадбирлар ўтказиб келаётганини таъкидлаш керак. Ушбу тадбирлардан асосий мақсад партия ғояларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, партия сафига ёшларни қабул қилиш, уларни қизиқтирган масалалар бўйича таклиф ва ташаббусларни ўрганиш каби масалалар ҳисобланади. Айниқса бу ўринда жорий йилнинг 13-14 март кунлари “Бир манфаатда эмас, бир мақсад сари бирлашайлик” шиори остида “Самарқанд ёшлар форуми” ташкил этилгани, ушбу форум доирасида турли танловлар, семинар тренинглар, кўргазмалар ўтказилиши ёшларни бирлаштириш, уларнинг имкониятларини рўёбга чиқариш йўлида йирик амалий ишлардан бири бўлди. Шунингдек, бу тадбирлар давомида жами 400 нафар республика миқёсида талаба ёшлар иштирок этиб, шулардан 250 нафари партия сафига қабул қилиниши ҳам партиянинг ёшлар ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти юқори эканлигидан далолат беради.

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят Кенгашининг ёшлар бўйича доимий ишлар олиб бориш мақсадида, бажариладиган ишлар, тадбирлар ва лойиҳалар ўтказиш бўйича иш режаларини тузиб, режа бўйича амалий ишларни амалга ошириши ёшлар билан ишлашнинг тизимли йўлга қўйилганини билдиради.

Асосий вазифалардан яна бири, оғир ижтимоий аҳволдаги ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тегишли масалаларда ёрдам кўрсатиш, улар устидан депутатлар назоратини ўрнатишдан иборатдир. Шу мақсадда Самарқанд вилояти туман ва шаҳар кенгаш депупатлари томонидан ҳудудларда 100 дан зиёд учрашувлар ташкил қилинди. Ушбу учрашувлар давомида ёшларнинг мурожаатлари тингланиб, тегишли давлат ташкилот ва идоралари ҳамкорлигида уларнинг кўплаб қисми ижобий ҳал қилинганлиги қувонарли ҳолдир.

Шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун “Ёшларга кўмак” лойиҳаси доирасида 9 ой давомида 14 та туман ва 2 та шаҳарда 40 дан ортиқ бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилди. Ушбу ярмаркалар давомида 80 нафардан зиёд ёшлар иш билан таъминланиб, 60 га яқин ёшлар касб-ҳунар ўқитиш марказларига йўналтирилди. Бундан ташқари 27 нафар ёшларимизга тегишли кредит линияларини ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди, қолаверса 33 нафар ёшлар “Узтоз-шогирд” тамойили асосида ўзлари қизиқтирган соҳа бўйича устозларга бириктирилди.

Жорий йилдан бошлаб партия вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш сектори фаолияти қошида “Ёшлар клуби” фаолияти йўлга қўйилди, бугунги кунда клуб аъзоларини сони 120 нафардан ошганлигини таъкидлаб ўтишимиз лозим. Клуб раҳбари Санжар Қуйлиев бошчилигидаги волонтёрлар хамда клуб аъзолари партиямиз томонидан ўтказиб келанаётган амалий лойихаларимизда фаол иштироки таъминланмокда. Қолаверса, клуб аъзоларининг қарийб 35 фоизини давлат мукофотларига эришган иқтидорли ёшларимиз ташкил этади.

Жорий йилда “Ёшлар парламенти” аъзоларини партия ҳаётига янада кенг жалб этиш чоралари кўрилди. Хусусан, Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят Кенгаши қошида 4 нафар ёшлар парламенти аъзолари фаолият юритади. Улар ҳам партиямиз ҳаётида ўз ташаббускорлигини намоён этиб, ўзи сайланган ҳудудидаги муаммолар ечими юзасидан қонкрет таклифларини бериб келмоқдалар. Бундан ташқари Ёшлар парламенти аъзолари, қолаверса, “Ёшлар қаноти” фаоллари учун “Ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлигини ошириш ва қонунчилик фаолиятига кенг жалб этиш” мавзусида интерфаол ўқув-семинари ўтказилди.

Жорий йилда муҳим сиёсий жараён - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Сайловолди тарғибот ташвиқот ишларида “Ёшлар қаноти” аъзолари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари фаоллик кўрсатишди. Олис ҳудудлардаги уюшмаган ёшлари учун тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

2020 йилда партия ёшлар сафи 3600 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 1012 нафар ёшларимиз партия сафига қабул қилиниб, жами 4612 нафарга етганини ва ўтган йилга мос равишда 1.16% га ошганлигини кўришимиз мумкин.

Жорий йилда Ўзбекистон ХДП Cамарқанд вилоят Кенгаши Ижроия Қўмитаси қарорига кўра, “Ёшлар қаноти”га фаол, иқтидорли, тадбиркор ёшларни кенг жалб қилиш дастури қабул қилинди. Ушбу дастурда белгиланган вазифалар ижроси бўйича етарлича ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Меҳрибонлик” уйларини битириб чиққан ёшларни уй-жой билан таъминлаш, ишга жойлаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилди. “Меҳрибонлик” уйларидан чиққан ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини тўғри ташкил этиш, уларни уй-жой билан таъминлаш, ишга жойлаштириш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш ва тегишли таклиф тайёрлаш мақсадида барча туман ва шаҳар партия ташкилотларига Дастур илова қилинган ҳолда хат юборилиб, ижроси устидан партия назорати ўрнатилган. Бундан ташқари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида ёшлар орасида доимий сайёр қабулларни ташкил этиб борилмоқда.

Келгусида ушбу ишларнинг мантиқий давоми сифатида вилоятимиз ёшларини партиямизга жалб қилиш ҳамда партиямиз ғояларини оммалаштиришда креатив ёндашувлардан фойдаланишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйилган.

 

ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши

 

 

Теглар

Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш