Ўзбекистон халқ демократик партияси агар парламент сайловида ғалаба қозонса Очилбой Раматов номзодини Бош вазир лавозимига илгари суришини маълум қилди.
Бу ҳақда 25 октябрь куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан ўтказилган «Давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда сиёсий партиялар иштирокининг долзарб масалалари» мавзусида сиёсий партиялар, ОАВ, блогерлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида давра суҳбатида маълум қилинган.
«Ўзбекистон Халқ демократик партиясида бош вазир номзодини таклиф этиш бўйича захира яратилган. Айни вақтда бош вазир биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Очилбой Раматов 1991 йилдан бери партиямиз аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони, неча йиллардан бери бош вазир ўринбосари ҳисобланади. Захирага шу кишининг номзодини қўйганмиз», деган ЎзХДП раисининг Ташкилий-назорат ва кадрлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Вафоев тадбир давомида берилган саволга жавобан.
Маълумот учун, 2016 йил 14 декабридан бери Абдулла Арипов Ўзбекистон бош вазири ҳисобланади, унинг номзоди ЎзЛиДеПнинг 2016 йил 12 декабрь куни бўлиб ўтган қурултойида бош вазирликка кўрсатилган ва Олий Мажлис палаталарининг 14 декабрь куни ўтказилган қўшма мажлисида тасдиқланган.
Қайд этилишича, бошқа партияларда ҳам сайловда кўп овоз тўпласа Бош вазир лавозимига кимни номзод қилиш бўйича захира шакллантирган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни бўлиб ўтади. Жорий сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчи - шулардан 2 миллиондан зиёд ёшлар илк бор овоз беради. Ушбу сайловларга давлат бюджетидан 230 миллиард 549 миллион сўм маблағ ажратилган.
Манба: www.kun.uz