Бугун матбуотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш Давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Ушбу қарор иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилганлигини таъминлашда, кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бу етакчи ижтимоий соҳаларнинг тижоратлашувини чеклаш, фуқароларнинг ишончли ижтимоий ҳимояси таъминланиши масалаларида бизнес масъулиятини ошириш, шунингдек, мазкур йўналишдаги ижтимоий муаммоларини ҳал этишда ўта муҳим қадам бўлди, деб ҳисоблаймиз.
Қарорда айниқса, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёш авлод ташаббусларига ваколатли банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ва субсидиялар беришга рухсат этилиши жамиятимизда кучли ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини амалга оширилиши, натижада хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламлари ўртасида ишсизлик масаласини бартараф этишга, уларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, деб ишонаман.
Қарор давлат томонидан алоҳида қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, қўшимча барқарор иш ўринлари яратилишида партиянинг дастурий мақсадларини амалга ошириш имконини беради.
Шунингдек, оиланинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, турли йўналишдаги кичик бизнесларни йўлга қўйиш, иш билан бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини оширишга кенг йўл очиши билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси қабул қилинган Қарорни тўлиқ қўллаб-қўвватлайди. Қарор ижросини таъминлашда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари кучларини сафарбар қилади.
Боймурат ЮСУПОВ,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.