Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорликда “Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашимиз” шиори остида янгича усулда тарғибот тадбири ўтказди. Унда тумандаги юзаб аҳоли вакиллари қатнашди.
Бу галги тадбирнинг аввалгиларидан аҳамиятли жиҳати шундаки, унда аҳолини соғломлаштириш масаласи уствор мақсад қилиб олинди. Дастлаб 12 умумтаълим мактаби спорт майдончасида 100 дан ортиқ аҳоли учун эрталабки бадантарбия машқлари бўлиб ўтди. Машқ аввалида вилоят партия кенгаши раиси Сайёра Файзиева саломатлик инсон ҳаётида энг муҳим масала экани ва бу Халқ демократик партиясининг устувор вазифаларидан этиб белгиланганини таъкидлади.
Шундан сўнг эрталабки соғломлаштириш машқлари бошланди. Унда юзлаб хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбир доирасидаги марафонда 5 км.га фаол юриш амалга оширилди. Шунингдек, “Саломатлик майдончаси ва “Соғлом овқатланиш ярмаркаси” ташкил қилинди. Ноинфекцион касалликлар профилактикаси, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди.
Навбатдаги манзил Бўстонлиқ туманидаги 11-сон Қишлоқ оилавий поликлиникаси бўлди. У ерда чуқурлаштирилган тиббий кўрик акцияси ўтказилди. Хусусан, тиббиётнинг 11 та тор йўналишида малакали шифокорлар жалб қилинди. Кўчма рентген аппаратлари, офтольмология, узи асбоб-ускуналари ёрдамида фуқароларга ташхис қўйилди. Жами 600 нафарга яқин фуқаро кўрикдан ўтказилиб, 50 га яқинига даволаниш учун ҳудудий ва марказий шифохоналарга йўлланмалар берилди.
Шу билан бирга, тумандаги хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш билан боғлиқ, турли юқумли касалликларнинг профилактикаси ҳамда уларни даволаш хусусида зарур маълумотлар ҳам берилди.
Акция давомида катталар ва болалар томонидан велосайр, спорт чиқишлари ўтказилди. Акция оммавий сайлга айланиб кетди.
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.