Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятовнинг Янги йил табриги (видео)

 

Ҳадемай мамлакатимиз ҳаётида ёрқин из қолдирган 2021 йилни тарихга кузатиб, янги – 2022 йилни кутиб оламиз. Албатта, бундай паллада амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, янги йил учун янги марралар, вазифалар белгилаб оламиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг жорий йилдаги фаолиятига назар солсак, партиямиз учун 2021 йил сермаҳсул ўтди, деб айта оламиз.

Партиямиз ўзининг ҳуқуқ ва ваколатларидан фойдаланиб, халқимиз ва электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор лойиҳаларни амалга оширди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ташаббуси билан жорий йилда ҳукумат ва давлат бошқаруви идоралари раҳбарларининг 3 марта ҳукумат соати, 2 марта парламент сўрови, 2 та парламент эшитуви ташкил этилди.

Депутатлар томонидан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг долзарб масалалари юзасидан 32 марта назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Сайловчилар билан учрашувларда ва фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш учун давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахсларига 96 марта депутат сўрови юборилди.

Фракция аъзоларига келиб тушган мурожаатларнинг 1425 таси ижобий ҳал этилди, қолганлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳларимиз, ҳудудий партия ташкилотларимиз фаолияти ҳам самарали бўлди, дея оламиз.

Олдимизда ҳали кўплаб муҳим вазифалар турибди.

Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда партиямизнинг фаол иштирокини таъминлаш, хусусан, ижро ҳокимияти масъулиятини ошириш, маҳаллий Кенгашлар ваколатларини мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан ҳисобланади.

Бу ислоҳотлар халқимизнинг орзу-интилишлари, эзгу мақсадларини ўзида мужассам этган “Янги Ўзбекистон” ғоясини амалда рўёбга чиқаришда, “Инсон қадри учун” деган тамойилни амалга оширишда алоҳида аҳамиятга эга бўлади.

Партиямиз нафақат электоратимиз ҳуқуқлари, мазкур ҳуқуқларни амалга оширишда имкониятлар тенглиги, кучли ижтимоий ҳимоя ғояларини илгари суриб келмоқда ва мана шу сиёсий позицияда қатъий туриб фаолиятини давом эттиради.

Азиз ватандошлар!

Барчангизни Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг кўп минг сонли аъзолари номидан кириб келаётган Янги – 2022 йил билан самимий табриклайман. Сизларга мустаҳкам соғлик, оилангизга фаровонлик, фаолиятингизда улкан зафарлар тилаймиз.

Янги йилингиз муборак бўлсин!

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш