Солиқдаги ўзгаришлар: Ким ҳақ?
Солиқдаги ўзгаришлар: Ким ҳақ?

 

2021 декабрь ойи якунланаётганда “Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ўзгаришларга кўра, 2022 йилда юридик шахслар учун мол-мулк солиғи 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилди. Шу билан бирга, мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқишда бино ва иншоотлар бўйича солиқ базаси бу объектларга 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслиги бўйича янги тартиб ҳам киритилди. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 2,5 миллион сўм, Нукус ва вилоятлар марказларида 1,5 миллион сўм ҳамда бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда 1 миллион сўм этиб белгиланганди. Ушбу ҳолат ва бошқа янгиликлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, юридик шахслар учун мол-мулк солиғи миқдорининг ошиб кетгани, натижада, айниқса, кичик бизнес зарар кўриши борасида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Душанба куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев солиқ маъмурчилигидаги сўнгги янгиликларга бағишланган матбуот анжумани ўтказди.

– Бу анжуманни ўтказишдан мақсадимиз, аҳолига солиқ маъмурчилигида бўлган ўзгаришларни оммавий ахборот воситалари орқали баҳоли қудрат яна бир бор тушунтиришдир, – деб гап бошлади қўмита раиси. – Бундай дейишимнинг боиси, худди шу залда мамлакатимизда ўз ўрни ва нуфузига эга тадбиркорлар ҳамда йирик саноат корхоналари ҳамда идораларнинг бухгалтерлари билан учрашиб маъмурчиликдаги ўзгаришлар, яъни e-ijara ва e-aktiv автоматлаштирилган ахборот тизими ҳақида маълумот берган эдик.

Шунингдек, ушбу автоматлаштирилган ахборот тизими солиқ тўловчиларга мураккаблик эмас, балки қулайлик яратаётганини мисоллар орқали кўрсатиб ўтдик. Мисол учун, e-ijara тизими орқали тадбиркорларимизни қонунчиликка риоя қилган ҳолда мол-мулкларини реал бозор баҳосида баҳолаяптими-йўқми, шуни кузатиш имконияти яратилди.

Мисол учун, битта ҳудудда бир-бирига ўхшаш субъектларни топишга ҳаракат қилдик. Жиззах шаҳрида 861 квадрат метр майдонга эга мулкнинг қиймати 1,99 миллион сўм кўрсатилган. Худди шундай Жиззах шаҳрида, юқоридаги бинодан кўриниши хунукроқ бўлган 880 метр квадрат майдонга эга мулкнинг қиймати эса 1,7 миллиард сўм. Иккаласи ҳам тадбиркор. Қайси тадбиркорнинг манфаатини ҳимоя қилишимиз керак? Юқоридаги мисолда биринчи тадбиркор 2021 йилда 39,8 минг сўм солиқ тўлаган. Иккинчиси эса 2 фоизлик ставкада 34,52 миллион сўм солиқ тўлаган. Шунинг учун, Молия вазирлиги таклифига кўра, мол-мулк солиғи ставкаси 1,5 фоизгача пасайтирилган. Чунки ҳалол ишлаган тадбиркорга солиқ юки камайиши керак. Шунинг учун юқоридаги иккинчи тадбиркор 2021 йилдагига қараганда 8 миллион сўм камроқ солиқ тўлайди. Лекин мулкини тўғри баҳоламаган тадбиркорга, албатта, солиқ юки ошяпти. Бу — тўғри. Чунки минимал қиймат киритиляпти.

Шунингдек, яна бир мисолни, яъни Тошкент шаҳридаги ҳолатни айтмоқчи эдим. Тошкентда майдони 40 квадрат метр бўлган дўкон 2 миллион сўмга баҳоланган. Ундан узоқ бўлмаган жойдаги майдони 31 квадрат метр бўлган мулк эса 168 миллион сўмга. Пойтахтда 40 квадрат метр жойнинг 2 миллион сўм туришига ишонадими кимдир? Бу тадбиркор шу 2 миллион ҳисобида солиқ тўлаши керак. Шундай экан, бу дўкондан унчалик узоқда жойлашмаган 31 квадрат метр мулк 168 миллион сўмга баҳоланган. Бунинг айби давлат чиқарган қонунчиликка амал қилганими? Бир сўз билан айтганда, ушбу тизим тадбиркорларни ҳалол ишлашига кўмакчилик вазифасини бажаради.

Маълумотларга кўра, янги тартиблар жорий этилганидан сўнг 21 мингдан ортиқ субъектларда мол-мулк солиғи камаймоқда. 40 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектида эса кўпаймоқда. 7 минг субъектда ўзгаришсиз қолмоқда. 5 минта солиқ тўловчиси мулкини “ноль” кўрсатиб келмоқда.

Ўрни келганда яна шуни айтиш мумкинки, айрим вилоятларда солиқ юки бир неча баравар ошиб кетяпти, деб важ келтиришяпти. Биздаги прогнозга кўра, 2022 йилда солиқ тушумлари 2021 йилга нисбатан 33 фоизга ошиши режа қилинди (2,1 триллион сўм миқдорида). Энди олдинги йилга қарасак, 2021 йилда 2020 йилга нисбатан солиқдан тушумлар 30 фоизга оширилган.

Энди e-aktiv платформаси нега жорий қилинаётгани ҳақида ҳам қисман тўхталиб ўтсам.

– Корхоналардаги маҳсулотлар ҳаракатини кузатиб бориш ва қора схемаларга қарши курашиш учун e-aktiv платформаси жорий қилинди. Ушбу платформа жорий қилинишидан асосий мақсад маҳсулотлар ҳаракатини кузатиб бориш. Масалан, ручка сотиб олиб, сув сотиш мумкин эмас-ку. Мана шу ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам e-aktiv қилиняпти. Агар сиз печенье ишлаб чиқарсангиз ва ун сотиб олсангиз, биз бунга аралашаётганимиз йўқ. Бирорта тадбиркорлар субъекти айта олмайди-ку, шу платформа сабаб ишлаб чиқариш тўхтаб қолди, деб. 24 та энг йирик солиқ тўловчилар тўлиқ e-aktiv ни интеграция қилиб бўлди. Айнан мана шу тизимлар орқали қора схемаларга қарши курашяпмиз.

Шундан сўнг, журналистларни қизиқтирган бошқа кўплаб саволларига қўмита раиси жавоб бера бошлади.

Анжуманда Artel, “Ўзбекистон темир йўллари” ва Uzbekistan Аirways каби йирик компанияларга солиқ имтиёзлари берилгани натижасида давлат бюджетига тушмаётган маблағлар кимнинг елкасига тушаётгани, улар нега мол-мулк солиғидан озод қилингани ва уларнинг балансида қанча мол-мулк борлиги ҳақида савол берилди.

– Охирги саволга жавоб бермайман: балансида қанча мол-мулк борлиги солиқ сири бўлади. Буни билмайман ҳам, билганимда ҳам жавоб бермасдим.

Кимнинг елкасига тушяпти, деганда савол нотўғри қўйиляпти. Ҳеч кимнинг елкасига тушгани йўқ. Давлат фискал ва молия сиёсати доирасида қайсидир соҳаларни ривожлантириш учун солиқ имтиёзларини беради. Агар биз ўша солиқ имтиёзларини яшириб, эълон қилмаганимизда, Солиқ қўмитасига айбдор сифатида қарашингиз мумкин эди. Биз ҳаммасини очиқчасига эълон қиляпмиз, – деди у.

Қўмита раиси яна сўзини давом эттирган ҳолда Anhor.uz сайтида эълон қилинган “2022 йилги солиқлар ҳақида” номли танқидий мақоладаги қатор важларни инкор қилди ва гапида давом этди.

– Майли, солиқчи бўлмагандан кейин... Фақатгина илтимос қилардик, келгусида агар сўрасанглар ўзимиз ахборотларни тўғридан тўғри берамиз. Биринчидан, кимга солиқ имтиёзи берилган бўлса, ҳаммасини эълон қилиб боряпмиз.

Иккинчидан, Молия вазирлигининг барча тузилмаларидаги ходимлар жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилингани қайд этилган, ундай эмас. Солиқ кодексида белгиланганидек, охирги икки йилдан бери ҳатто ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам даромад солиғи тўлаяпти, ким қанча даромад солиқ тўлагани ҳақида аниқ рақамлар бор.

Учинчидан, якуний бўлмаган ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда 1 триллион 190 миллиард сўмлик товар айланмаси қайд этилган, шундан 17 фоизи ноль даражадаги, 13 фоизи эса имтиёзли товар айланмаларидир. Умумий, солиққа тортиладиган айланма 833 триллион сўмни ташкил қилган, шундан 125 триллион ҚҚС ҳисобланган, 105 триллион “зачет”га ҳисобланган. Солиқ имтиёзлари ҳам бир муаммо бўлиши мумкин, аммо биз учун энг асосий муаммоимиз – адолатли ҳисобот берилишини таъминлашдир, – деди раис. Шунингдек, қўшимча қилиб мол-мулк солиғидан ҳеч ким озод бўлмаслигини айтди.

– Кейинги масала мол-мулк солиғидан озод қилинганлар ҳақида. Аниқ айта оламанки, Ўзбекистонда ҳеч ким мол-мулк ва ер солиғидан озод бўлиб қолмайди. Озод бўлганлар ҳам, белгиланганидек, 1 фоизлик тўловлар тўлайди, – деди Ш.Қудбиев.

– Мол-мулк солиғи оширилиши маҳсулотларнинг нархи кўтарилишига таъсир қилмайди?

– Ўзбекистонда мол-мулк солиғи оширилиши ҳалол ишлаб келаётган тадбиркорларга фойда бўлади. Аниқроқ айтадиган бўлсам, аксарият кичик корхоналар йиллар давомида мол-мулкини қайта баҳоламай келганлиги натижасида кўчмас мулкининг қолдиқ қиймати «паст» ёки «нол» бўлганлиги, шу боис, минимал қиймат асосида солиқ ҳисобланганда ушбу объектлар учун солиқ юки ортиши кузатилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мол-мулк солиғининг 2 фоиздан 1,5 фоизга туширилиши ҳалол ишлаб келган тадбиркорлар манфаати учун хизмат қилади ва нархларга умуман таъсир қилмайди.

Ушбу матбуот анжуманидан шундай хулосага келиш мумкинки, бу ўзгаришлар солиқ тўловчиларга қулайлик яратаётганини қўмита раиси мисоллар билан тушунтириб берди. Аммо, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, айрим мутахассислар яъни, бухгалтерлар бундай фикрларни инкор этмоқда...

“Facebook”да “Uzreport” телеканали орқали намойиш этилган матбуот анжуманини кузатган фойдаланувчилар қуйидагича изоҳлар қолдирган:

 

Жасурбек Султонов:

– Журналистлар яхши ниятда бўлганини биламиз. Тадбир сценарий бўйича олиб борилди. Солиқ қўмитаси мард бўлса, катта корхоналар ёки журналистлар билан эмас, балки кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашсин.

 

Ильмира Шамсутдинова:

– Янги тизим бўйича мол-мулк солиғим 4 бараварга кўпайди. Қанақа қилиб нархга таъсир қилмасин? Ўтган йилда 15 миллион тўлайдиган солиғимни эдиликда, яъни ҳозирги янги тизим бўйича ҳисобласам, 67 миллион бўляпти. Фарқни кўряпсизларми?..

 

Нилуфар Усмонова:

– Агар солиқ тўловчилар қонун доирасида виждонан солиқ тўласа, ҳеч қанақа муаммо бўлмайди.

 

Шаҳноза Соатова, блогер:

 – Ушбу матбуот анжуманида ДСҚ ўз олдига қўйган вазифасини бажара олмаган. Бугунги матбуот анжуманини мақсадли аудитория билан мулоқот, деб бўлмайди. YouTube’да жонли узатув пайти айнан шу солиқлар бошига тушган тадбиркорлар шарҳларда ёзиб қолдирган саволларга жавоб бериш керак. Тадбиркорлар, иқтисодчилар билан мулоқот қилиш керак. Солиқ схемаларини ҳамма журналистлар ҳам тушуниб, зарур саволни бера олмаслиги мумкин. Шунга “асосий масала қолиб…” деб бошланувчи таъналарга ҳам қўшилмайман. Чунки тадбирда асосий масала ҳақида кам гапирилди, тадбиркорларнинг Кодексга киритилган ўзгартиришлар тўғрисидаги норозиликлари фокусда турмади, лейтмотив бўлмади. Бошқаттан бошқа мулоқот керак, мақсадли аудитория билан.

Факт ва вазият шундаки, вазирлик, қўмита ва ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги сари дадил қадам ташланяпти, бу яхши, албатта. Муҳими, мулоқот бор, тушуниш кейинроқ рўй бериши керак. Бунинг устига пенсия ёки солиқ соҳасидаги янгиликлар ҳеч қачон ҳеч қайси давлатда осон кечмаган. Солиқ соҳасидаги эътирозли фикрлар ҳам бирдан қизиди. Бунинг нималигини англаган ёки англамаган ҳам фикр билдирмоқда. Муаммоли вазиятлар вужудга келмаслиги учун қўмита бир йил, ё бўлмаса 6 ой олдин аҳолига тушунтириб борганида, бу қадар эътирозлар кўпаймаган бўларди, эҳтимол. Солиқ қўмитаси келтирган мисолларга қарасанг, уларнинг ҳам гапида жон бор. Нима учун чўнтагини ўйлаган “тадбиркор”нинг ёнини олиш керак. Ҳалол тадбиркорлар кўпайиши тарафдоримиз.

Хуллас, муаммоли вазият ҳали очиқ. Кутамиз ва кузатамиз. Юриш яна Солиқ қўмитасидан...

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 19.01.2022, №3

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш