Агентлик фракцияларни ҳурмат қилмайдими?
Агентлик фракцияларни ҳурмат қилмайдими?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши Президент ташрифларига оид хабарлар, фикр-мулоҳазалар билан бошланди. Таъкидландики, давлатимиз раҳбари Пекинда 24-қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, тоғ чанғичимиз Комилжон Тўхтаевни шахсан қўллаб-қувватлади. Бу мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол намунаси экани қайд этилди.

Депутатлар дастлаб “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишди. Назарда тутилаётган янги меъёрлар маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда ҳуқуқий барқарорликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат идоралари томонидан қабул қилинадиган маъмурий ҳужжатларга ҳурмат ва ишончини кучайтириш ҳамда мамлакатимизнинг инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

Халқ вакиллари “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини танқидий фикрлар, эътирозлар билан кўриб чиқишди. Масъул агентлик томонидан фракцияларда билдирилган таклифларга эътиборсиз муносабатда бўлингани, айрим тузатишлар ҳали-ҳамон тўғриланмагани депутатлар норозилигига сабаб бўлди.

Таъкидландики, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида стандартлаштириш тизими халқаро амалиёт билан уйғунлаштирилади. Бунда маҳсулотлар (хизматлар) ва жараёнларнинг сифати, уларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлиги ошишига эришилади. Шунингдек, лойиҳада кўзда тутилган меъёрлар сифатсиз маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши ва фойдаланилишининг олдини олади. Мазкур ҳужжатни янада такомиллаштириш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилиб, қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Мажлисда Соғлиқни сақлаш вазирига Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор ҳам қабул қилинди. Шунингдек, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари ва Халқаро ишлар ва Парламентлараро алоқалар қўмиталарининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

 

“Ўзбекистон овози”, 9.02.2022, №6

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш