Комила КАРОМОВА,
Қашқадарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари:
— Президентимиз вазифасига киришган биринчи кунлариданоқ илк имзолаган қарорлари ҳали-ҳануз ёдимизда. Мазкур ҳужжат 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда ҳамда шаҳарларда арзон уй-жойлар қурилиши тўғрисида эди. Бу қарорларнинг биринчиси 2016 йил октябрь, иккинчиси, ноябрь ойида қабул қилинди. Ўшанда ўзининг бошпанаси, Ватани бўлишини йиллаб орзу қилган одамларнинг чексиз қувончини кўрсангиз эди. Кейин одамларнинг оғирини енгил қиладиган қарорлар билан бирга дадил амалий қадамлар шаҳд ва шиддат билан ташлана бошлади.
Эсингиздами, ўшанда ҳар куни янгилик, ҳар куни бир хушхабар одамлар кўнглига ёруғлик олиб кира бошлаган эди. Тарихда бўлмаган, аммо йиллаб кутилган қонунчиликнинг хуқуқий асосларига пойдевор қўйила бошланди. Бир кунда бир нечта муҳим қарорлар қабул қилинган кунлар бўлди. Бир маҳаллар халқ вакили сифатида қайси даврага кирмай, пластик қарточка муаммолари кўтарилар, сайловчиларимнинг ҳақли саволларига жавоб қайтара олмай қийналганларимни бугун эсласам… Тез орада пластик карточкадан нақд пул олиш муаммосига буткул чек қўйилди. Инсонлар истаган вақтда, тунда-кунда бемалол нақд пул олиш имконига эга бўлдилар.
Инсон яхши кунга тез кўникади, дейишади. Бу ҳақ гап. Ақлни шошириб қўядиган даражадаги бунёдкорлик бир соҳани эмас, халқ хўжалигининг ҳамма соҳасини ривожлантиришни қамраб олаяпти. Чунки кеча халқнинг дарди, ташвиши, таклифи, арзини раҳбар эшитади, у билан маслаҳатлашади, деб ҳеч ким ўйламаган эди. Бугун мамлакат тақдирига доир барча масалалар фуқаролар иштирокида ҳал этилмоқда. Қонунлардан тортиб, ҳудуднинг ривожланиш дастурларигача, барчасида фуқароларнинг фаол иштироки бор. Яқинда қабул қилинган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ҳам фуқароларимизнинг дахлдорлик туйғуси нечоғли баланд эканлигини яна бир бор намоён этди. Демократик жамиятда, фуқароларнинг фикри асосида қабул қилинган ҳар бир ҳужжат эса инсон манфаатларига хизмат қилади.
“Ўзбекистон овози”, 9.02.2022, №6