10 минг етакчи
10 минг етакчи

 

Ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар портали» электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш. Бу вазифалар давлатимиз раҳбарининг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган устуворликлардан бири саналади. Яқинда қабул қилинган мазкур меъёрий ҳужжатга кўра, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси вазифаси жорий этилади.

Ўзбекистон ёшлари кўп мамлакат. Қувонч ҳам, ташвиш ҳам шунга яраша. Агар ёшлар ҳунарли ва ишли бўлса, бахт устига бахт, лекин акси бўлса, муаммо кўпаяди. Шунинг учун ёшларга муаммо эмас, имконият, деб қараш зарур. Янги тизим бунинг устидан чиқа оладими?

 

МАСЪУЛИЯТ ИШЛАШГА МАЖБУР ҚИЛАДИ

Пиримқул ЗАРМАСОВ,

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Маҳаллада ишлаган тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бу тизим чуқур ўйлаб жорий этиляпти. Чунки маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлайдиган масъуллар, диний, маънавий-маърифий йўналишдаги масалаларга йўналтирилган мутахассислар бор. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишларга ҳам алоҳида шахслар бириктирилган. Бундан кўринадики, ёшларни тинглайдиган, уларнинг кўнглига йўл топа оладиган, худди улардек ҳис қилиб, фикр юритадиган кишиларга эҳтиёж бор эди. Президент қарори билан айнан шу тизим жорий этилади.

Қарордаги эътиборимни тортган энг муҳим жиҳат бу – ҳар бир ҳаракат, ҳар битта мурожаат ва амалга оширилаётган ишлар рақамлаштирилади. Ҳисобот ва назорат ҳам ана шу асосда орлиб борилади. Электрон база шакллантирилиши ким қандай аҳволда экани, нимага эҳтиёжи борлиги, характер-хусусияти ҳақидаги барча саволларга бир манзилдан жавоб олиш имконини беради. Натижада ёшларга кўмаклашиш, уларнинг муаммоларидан ўз вақтида хабардор бўлиш, асосийси, ҳал этиш чораларини кўришда кечикмасликка олиб келади. Чунки ёши, ижтимоий келиб чиқиши ёки маълумотидан қатъи назар, эндиликда бу ишларнинг барчасига масъул ва жавобгар шахс бўлади. Бу эса бизга керак эди.

Уларни саралаб олиш учун ишчи гуруҳ, комиссия тузиляпти ва Президент маслаҳатчисининг ўринбосари унинг раиси этиб белгиланган. Бундан кўринадики, масалага жуда жиддий ёндашиляпти. Алоҳида эътибор ва катта масъулият билан қараляпти. Бу вертикал бошқарув бўлиб, маҳалладан туманга, тумандан вилоятга, вилоятдан республикага тизимида фаолият олиб борилади.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ташкил этиладиган янги штат бирликлари учун бюджетдан алоҳида маблағ талаб қилинмайди. Сабаби Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар билан ишлаш бўлинмалари ходимларининг штат бирликлари умумий ўрта таълим мактабларидаги ёшлар етакчилари штат бирликларини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади. Уларнинг сони эса 10 мингдан ошади. Бу пухта ва тўғри ўйланган ечим, деб биламан.

Тўғри, шу кунгача ҳам маҳаллада ёшлар билан ишлар олиб борилган. Уларнинг мурожаатлари эшитилган. Аммо масаланинг ечими тўлиқ охирига етказилмаган. Чунки маҳалла раисининг вазифалари жуда кўп. Ундан талаб қилинадиган ишлар кўлами ҳам кенг. Вазифаларни ҳар бир йўналиш бўйича ўз ёрдамчиларига юклаб қўйиши мумкинлиги ҳам бор гап. Фақат ёшларнинг мурожаатлари бўйича посбонгами, бирор жамоатчи ходимгами топшириқ беради. Улар «хўп», дейдию бажармай кетаверади. Сабаби, уларда мажбурият йўқ. Ойлик олиб ишлаган ходимда эса масъулият ва бурч бўлади. Электрон шаклда фаолият олиб борилиши билан маҳалла назорати жойига тушади.

 

САМАРАСИЗ ЛАВОЗИМ БЮДЖЕТНИ КЕМИРАДИ

Миролим ИСАЖОНОВ,

журналист:

— Ижтимоий тармоққа шу мавзуда пост қўйган эдим, турли фикрлар билдирилди. Ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиши ва уларнинг зиммасига юклатилаётган вазифаларнинг амалиётда тўлиқ таъминланиши аслида катта иш бўларди. Бироқ танишларимнинг аксарияти бу чора ҳам маҳаллаларни ўзгартира олмайди, деган фикрни билдирмоқда. Чунки кўп нарса моддиятга, яъни аҳолининг иқтисодий аҳволига боғлиқ. Одамларнинг ишсизлик муаммосига ечим топмай туриб, катта натижалар, оламшумул ўзгаришлар ҳақида гапириш хато, менимча. Назаримда, яхши ойлик, меҳнат учун муносиб шароит кўп масалани ижобий томонга ўзгартиради. Чунки қорни тўқ одамнинг қулоғига гап киради, маънавият, маърифат ва келажак ҳақида хаёл қилади. Акс ҳолда, бунақа лавозимлар бюджетни кемиради, холос.

Бир қанча тенгдошларимнинг муаммосини ҳал қилиш учун Ёшлар ишлари агентлигигача чиқиб, зўрға натижага эришганман. Шу пайтгача ҳам мактаблардаги етакчилар бирор йигит-қизнинг муаммосини ҳал этганини эшитмаганман. Сабаби, уларнинг ишлашга вақти етмасди. Тадбирбозлик, қоғозбозлик билан умри ўтиб кетарди. Ҳисобот, ким нечта тадбир қилди, қанча одам қатнашди, кимлар борди ва ҳоказо. Бундан кейин ҳам шунақа бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Яқинда жорий этилган ҳоким ёрдамчиси лавозими ҳам одамлар муаммосини аниқлаш, ҳал этиш учун йўлга қўйилди. Улар уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрган­я­пти, уларга нима кераклиги билан қизиқяпти. Мақсад ким нимага қодирлигини, қўлидан нималар келадию қайси соҳада қобилиятли, деган саволларга жавоб олишдан иборат. Ана шу асосда уларни ишли қилиш кўзда тутилган.

Лекин бу каби минглаб штатларсиз ҳам одамлар тармоқларда муаммосини очиқ айтяпти. Тўғри, уларнинг хайқириқлари билан муаммолар ечилиб қолмайди. Бироқ юртдошларимизни ёлғон ваъдалар, пуч хаёллар билан чалғитишнинг имкони йўқ. Шунинг учун бугунги уринишлар эртага самара бериши лозим. Шунчаки қоғоз тўлдириш, «бунча одам билан учрашдим», «мана бундай режаларим бор», дейиш учунгина қилинган уринишлар бесамар кетади. Виждонан ишлаш керак. Бу етакчиларга ҳам боғлиқ. Етакчи муаммони ўрганиб, унга ечим топиши учун барибир маҳаллий ҳокимлик органларига мурожаат билан чиқади. Уларга нега ишлари тўғри йўлга қўйилмагани ва жойларда муаммолар юзага келаётгани ҳақидаги саволларига жавоб талаб қилади. Унга турли важлар пеш қилинади. Умуман, виждонан ишлайдиган ёшларнинг ҳам олдига тўсиқлар қўйилиши мумкин.

Шунинг учун ҳар хил янги тузилмаю лавозимлар билан муаммолар ҳал бўлмайди, деб ўйлайман. Яхшиси, қониқарсиз ишлаётган ҳокимлар, қуйидаги амалдорлар ишдан олиниши лозим. Чунки давлат раҳбарининг гапи, талаби ва ташаббуслари асосан қуйи бўғинларда амалга ошмайди.

 

ИШДАГИ НАТИЖА ЎША СОҲАНИНГ ЭГАСИГА БОҒЛИҚ

Камола ЎТАНОВА,

«Янги Сергели» МФЙ ёшлар етакчиси:

— 284-мактабда етакчи вазифасида ишлаганман. Айни пайтда ўша мактаб жойлашган ҳудуддаги маҳаллада ёшлар етакчиси этиб тайинландим. Мақтаниш бўлса ҳам айтаман, мактабимиз жамоаси ишдан кетишимни истамади. Уларга доимий алоқада бўлиш, ўқувчиларни ташлаб қўймасликка ваъда бердим. Демак, у ерда ўрним борлигидан далолат беради.

Бу гапларни айтишимдан мақсад, натижага эришиш, жамиятда ўрин топиш ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ. Кимдир зиммасига юклатилган вазифани виждонан бажариши ёки ўз интизомсизлиги сабаб йўққа чиқариши ҳам мумкин. Бундан кўринадики, ҳар бир ишнинг муваффақиятли ёки аксинча бўлиши ўша ерда фаолият олиб бораётган кадрнинг салоҳиятига боғлиқ.

Шунингдек, кишида шахсий намуна, ички интизом, масъулият бўлиши керак. Яхши ишламаётган етакчиларнинг ўзи ҳали ҳаётдан нима хоҳлашини билмайди, ўз мақсадига эга эмас, деб ўйлайман. Ўз вазифаси, мажбуриятлари ҳамда ундан талаб қилинаётган масалаларни тушуниб ололмагани ҳам ижобий натижа кўрсатишга монелик қилади ва бу жиҳатлар ҳар бир соҳада, ҳар битта тизим ва йўналишда кузатилади.

Етакчиларнинг вазифасига келсак, бирор бир ташкилот ва муассасадаги етакчи фақатгина ўша жойдаги ёшлар билан ишлаб, уларни тараққиётга элтувчи ғоялар кетидан эргаштиришга масъул бўлади. Маҳаллада эса бу иш кўлами кенгаяди. Эндиликда масъулият янада ортади. Буни биргина ҳудуддаги йигит-қизларнинг электрон баланси шакллантирилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Улар орасида турфа ёш, характер ва дунёқараш эгалари мавжуд. Ҳар бири эса алоҳида дунё.

 

ЕТАКЧИ ЎЗ УСТИДА ИШЛАШИ КЕРАК

Нурмурод СИРОЖОВ,

«Фарғонаазот» АЖ ёшлар етакчиси:

— Етакчи ортидан бошқа ёшларни эргаштириши, маълум бир мақсадли йўналишга етаклай биладиган кишидир. Маҳаллада ёшлар етакчилари эса ҳар бир соҳа бўйича ўз режа ва дастурларини тузган ҳолда фаолият олиб бориши, тарғиб қилиши керак.

Тўғри, қанчалар мукаммал бўлмасин, ҳар қандай ғоя ва ташаббус қоғозда қолиб кетмаса, амалиётда натижа берсагина яхши. Яъни, вазифа қўйилди, энди бу тизим зўр бўлиб кетади, деган фикр мутлақо нотўғри. Чунки давлат раҳбари йўл кўрсатиб беради, лекин унинг натижаси сизу бизга, хусусан, ёшларга, ижрочиларга боғлиқ. Етакчими, раҳбарми ёки оддий ходим, аввало, ўз ишини сидқидилдан бажариши шарт. Аксинча бўлса, ер юзидаги энг яхши ғоя ҳам мамлакатни ривожлантира олмайди. Шу жиҳатдан айтиш керакки, ёшлар етакчилари ҳам доимо изланиши, дунёқарашини кенгайтириши зарур. Ўз устида ишламаган, меҳнат қилмаган одам ўз ўрнини топа олмайди. Ҳурмат ва эътибор ҳақида-ку ўйламаса ҳам бўлади.

Бундан ташқари, етакчилар аҳоли билан ишлайдиган соҳа вакиллари ҳисобланади. Шу боис, улардаги самимийлик ҳам устувор саналади. Ана шунда одамларда ишонч юзага келади. Сабаби, бугун ёшларда келажакка ишонч йўқ. Уларнинг кўпида ҳафсаласизлик бор. Аксарият йигит-қизлар ўз қобилиятидан, иқтидоридан келиб чиқиб, йўналиш танлашга қийналади. Ваҳоланки, ҳамманинг қайси бир соҳада устунлиги, қизиқиши бўлади. Лекин уни англаш ва тўғри йўлни топиб олишда иккиланишади.

Етакчи айнан шу жиҳатлар билан курашиши керак. Фаол ёшлар ўзлари бизни қидириб келади. Биз уларга кўмаклашамиз. Яна бир қатлам борки, куним ўтса бўлди, деб юради. Айнан улар билан кўпроқ ишлаш керак. Уларнинг ишончини қозониш, фаоллаштириш, жамиятга қўшиш бўйича алоҳида режа лозим. Индивидуал тарзда суҳбатлашиш, уларнинг қалбига йўл топиш, ўзи кўра олмаётган эртанги кун ҳақида тасаввурларини шакллантириш, мақсад ва истакларини кашф қила олиш билан масалага ечим топиш мумкин.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 9.02.2022, №6

 

 

← Рўйхатга қайтиш