Илгари бундай вакциналар пулга сотиб олинар эди…
Илгари бундай вакциналар пулга сотиб олинар эди…

 

Оилада миллатнинг эртанги кунига пойдевор қўйилади. Қалбимиздаги энг олийжаноб туйғулар аввало, онадан ўтади. Оиласидан хотиржам аёл жамиятда бошқа мақсадларни кўзлай олади, фарзандлари соғлигидан кўнгли тинч аёл касбий вазифасини бажара олади.

Давлатимиз раҳбари баҳорнинг илк куни, хотин-қизлар байрами арафасида биз, аёлларга баҳорий кайфият улашди, шу билан бирга, ҳаммамиз учун муҳим бўлган масала – хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Йиғилишда аёллар саломатлигини тиклаш ва уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилиши қайд этилди. Хусусан, жорий йилда қўшимча 6 минг нафар аёлга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилади. Бу рақам 2021 йилга нисбатан 5 баравар кўп. Бу мақсадга 100 миллиард сўм йўналтирилади.

Жамиятда саломатлигида муаммо бўлса-да рўзғор тебратишга кўмаклашадиган, фарзанд тарбияси билан машғул оналар, аёллар ҳам талайгина. Республика бўйича 10 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган хотин-қизлар реабилитация воситалари билан таъминланиши уларга чин маънода катта ёрдам бўлади.

Бундан анча йиллар аввал аҳоли ёппасига патронаж ва оммавий чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилган, касалликлар аниқланиб, диспансер гуруҳларга ажратилган ва даволанган. Эндиликда бу касалликларни даволашдан кўра, уларнинг олдини олишга қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда 3 миллион нафар хотин-қиз онкологик скринингдан ўтказилади, бунинг учун бюджетдан 40 миллиард сўм маблағ ажратилади.

2016 йилда иккита марказ – Акушерлик ва гинекология илмий-амалий маркази ва Республика перинатал маркази бор эди. Эндиликда бу марказларнинг вилоятларда филиаллари мавжуд. Қолаверса, 46 та туманлараро перинатал марказлар фаолият юритаётгани хотин-қизларга жуда катта қулайликлар яратмоқда.

Бундан ташқари, илгари улар неча йилда бир таъмирланган, жиҳозлар етарли эмас эди. 2022-2025 йилларда 227 та туғруқ комплекси ҳамда 46 та туманлараро перинатал марказлари тўлиқ таъмирланиши ва жиҳозланиши жойларда аёлларга кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифати янада яхшиланишига хизмат қилади.

Яна бир маълумот, 9-12 ёшдаги ўсмир қизларни одам папилломаси вирусига қарши эмлаш ва бошқа 12 турдаги вакциналар учун 200 миллиард сўм ажратилади. 5-6 йиллар илгари бундай вакциналарни фуқароларнинг ўзлари пулга сотиб олишар эди.

Туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола парваришидаги аёлларни дори воситалари ва витаминлар билан бепул таъминлаш кўламини кенгайтириш мақсадида маблағлар ҳажми 30 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача оширилиши ҳам аёллар ва болалар орасида касалланишни тобора камайтириш мақсадларига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ёшариш, гўзаллашиш фаслида хотин-қизлар ҳам хасталигу кўнгил хираликдан фориғ бўлишлари, ҳамиша чирой очиб, оиласи, фарзандлари бағрида шукроналик билан саломат яшашларини истаймиз. Зеро, улар табиатнинг янгиланиш фаслидагина эмас, ҳар доим эътибор ва ғамхўрликда.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш