Тараққиёт стратегияси моҳияти: 3-мақсад. Муҳим ўзгаришлар кутилмоқда
Тараққиёт стратегияси моҳияти: 3-мақсад. Муҳим ўзгаришлар кутилмоқда

 

«2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастуридаги 3-мақсадда «маҳаллий ижро ҳокимияти органларини демократик тамойиллар асосида шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш» вазифаси белгиланган.

Бу бўйича жорий йилнинг март ойида уч йўналишни ўз ичига оладиган меъёрий ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Мазкур ҳужжатда, хусусан, туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод илгари сурилиши тартибини қайта кўриб чиқиш, ҳокимликка номзод маҳаллий Кенгашда ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилиб, лавозимга тасдиқланиши тартибини жорий этиш, маҳаллаларнинг жойлардаги вакиллик органлари билан, маҳаллий Кенгашларнинг Олий Мажлис Сенати билан, ҳокимликларнинг вазирликлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан алоқаларини мустаҳкамлаш механизмлари белгиланиши керак.

 

 

Хидирали СОДИҚОВ,

Адлия вазирлиги мутахассиси:

– Давлат дастурининг 3-мақсади туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод илгари сурилиши тартибини қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Амалда, ҳақиқатан ҳам, бунга зарурат бор. Ҳозирги тартибга кўра, туман (шаҳар) ҳокими вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш учун киритилади. Бу номзод депутатлар томонидан ўз-ўзидан тасдиқланишини англатади. Чунки, тасдиқламаслик ёки ундан кейинги жараёнлар ҳақида қонунчиликда бирон норма мавжуд эмас.

Яна бир масала, қонунчиликка киритилаётган ўзгартишга кўра, туман (шаҳар) ҳокими лавозимига номзод маҳаллий Кенгашда ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилиш орқали лавозимга тайинланиши таклиф этилмоқда. Шу каби бир қатор механизмлар жорий этилиши Конституциямизга ҳам ўзгартиш киритишни талаб қилади. Яъни, бу масалалар Конституциявий қонун даражасида белгиланади. Айни пайтда мазкур лойиҳаларни охирига етказиш устида иш олиб борилмоқда ва якунда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ва қонун лойиҳалари жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф, мулоҳазалар асосида такомилига етказилади.

 

Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Стратегияда белгиланган вазифа бажарилиши демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим, деб ўйлайман. Шу ҳолатни эътиборга олиш лозим.

Ҳудудларда 300 минг ва ундан ортиқ аҳоли яшайдиган туманларимиз бор. Турли ижтимоий масалаларни жойларнинг ўзида ҳал қилишда ҳокимлик ва маҳаллий вакиллик органининг бир-бири билан узвий боғлиқлиги катта аҳамиятга эга. Айниқса, туман (шаҳар)ларнинг шароитини, географиясини, аҳолисининг яшаш шароитини, иқтисодий-ижтимоий ҳолатини яхши биладиган шахслар ҳокимликка келиши кафолати ошади. Чунки, ҳокимликка номзодлар лавозимга лойиқлигини кўрсатиш учун аввал туман (шаҳар)нинг паст-баландини яхшилаб ўрганади, ривожлантириш нуқталарини аниқлайди, ижтимоий муаммоларнинг ичига кириб, уларни ҳал қилиш йўллари ҳақида режа қилади.

Маҳаллий Кенгашларда энг кўп депутатлик ўрни ёки тенг миқдорда депутатлик ўрнини олган партия гуруҳлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимлигига номзод илгари суриш таклифи ҳам берилмоқда. Агар шундай бўлса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида сиёсий-ижтимоий муҳит анча яхши томонга ўзгаради, партиялар ўртасида, асосийси, самарали бошқарув масаласида жойларда демократик рақобат муҳити ривожланади. Ҳоким лавозимига номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлиш учун партиялар халқ ичига чуқурроқ киришга, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий дахлдорлигини оширишга ҳаракат қилади.

 

Боймурод ЮСУПОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

– Фуқароларнинг давлат бошқарувидаги бевосита иштироки ҳақида кўп гапирамиз. Бу жараённи «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси мисолида кўрадиган бўлсак, маҳаллий бюджетни шакллантиришдаги фуқароларнинг иштироки яхши натижа бермоқда. Бунда ҳар бир туманга хос ижтимоий, иқтисодий муаммоли масалаларни олиб чиқишга эришилмоқда. Бу мақсадлар учун ҳозирги кунда маҳаллий бюджетнинг 5 фоизи миқдорида маблағ ажратилмоқда. Аввало, бу жуда зўр тажриба бўлгани, одамларнинг кайфиятини анча кўтарганини таъкидлаш керак.

Таклифим шундаки, лойиҳа ўзини амалиётда оқласа, кейинчалик, босқичмабосқич бюджетнинг 20 фоизгача қисмини мазкур лойиҳага йўналтириш мумкин. Нима учун? Чунки, бу билан жойларда сув таъминоти, йўлларни яхшилаш каби муаммоларни ҳал этиш имконияти кенгаяди. Қолаверса, бу коррупция, манфаатлар тўқнашувининг маълум маънода пайи қирқилишига ҳам хизмат қилади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

– 2014 йилда Конституциямизнинг 103-моддасига ўзгартиш киритилганда ҳокимларнинг маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобдорлиги масаласи қўйилди. Ундан кейин «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига бир қатор ўзгартишлар киритилди. Хусусан, 2017 йилдан буён 10 га яқин ўзгартиш киритилган. Ҳуқуқни муҳофаза этувчи, соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларининг ҳисоботларини маҳаллий Кенгашларда эшитиш тартиби жорий этилди. Бу ўзгартиш, қўшимчалар маҳаллий Кенгашларнинг, туманлардаги депутатларнинг дунёқараши, сиёсий позициясини мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилди. Илгари тортиниброқ турган депутатлар яқин йилларда ҳудудларда раҳбарларнинг ҳисобот ва ахборотларини эшитишга, ўз навбатида улар ҳам ҳисобдорликка ўрганди.

Аммо, тан олиш керак, айрим ҳолларда шунчаки мажлислар кўпайди. Йиғилишни кўпайтирадиган меъёрлар билан ҳудудларнинг ўзини ўзи бошқариш салоҳиятини ошириш жуда қийин. Энди ҳисобдорлик масаласида янада таъсирчанроқ меъёрларни жорий этиш вақти келмоқда. Шунинг учун Тараққиёт стратегиясида маҳаллий ижроия ҳокимияти органларини демократик тамойиллар асосида шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш вазифаси аниқ белгилаб қўйилган.

Туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод илгари сурилиши тартиби қайта кўриб чиқилиши, ҳокимликка номзод маҳаллий Кенгашда ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилиб, лавозимга тасдиқланиши йўлга қўйилиши маҳаллий ҳокимликлар ва депутатларнинг жамоатчилик олдида масъулияти ошишига мустаҳкам асос бўлади.

 

Собитжон ИМОМОВ,

халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши депутати:

– Ижроия ва вакиллик органлари ўзаро мустақил фаолият юритишлари муҳим масала. Ҳозирги кунда халқ депутатлари туман Кенгашларининг раислари ҳокимлар ҳисобланади. Кенгаш йиғилишида ҳоким бир хилда ҳудудий бўлим ва бошқарма бошлиқлари ҳисоботларини тинглайди. Яъни, баъзи ҳолларда ҳокимлик йиғилиши билан депутатлар мажлиси аралашиб кетгандек бўляпти. Қонунларга ўзгартиш киритаётганда, янгиларини ишлаб чиқаётганда шу жиҳатларни ҳам инобатга олиш керак, менимча.

 

Дилбар МАМАДЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари, иш ўринлари яратилиши бўйича дастурлар ижроси, жиноятчилик даражаси каби масалалар бўйича халқ депутатлари туман ёки шаҳар Кенгаши сессиясини чақириб, ҳокимнинг ушбу масалалар бўйича фаолиятини таҳлил қилиб, муайян хулоса бериш имкониятига, таъсир механизмига эга бўлиши керак, деб ўйлайман.

Шунда туман (шаҳар) ҳокимларининг фаолияти ҳақида ўша ҳудуднинг ўзида бошланғич муносабатни билдириш амалиёти ривожланар эди. Шу билан бирга, ҳоким нима қилаяпти, Кенгаш, депутатлар нима қиляпти, деган муҳим саволлар бўйича жамоатчиликнинг хабардорлиги ошарди.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ,

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

– Юқоридаги фикр-мулоҳаза ва таклифлардан кўриниб турибдики, Тараққиёт стратегиясида маҳаллий ижро ҳокимияти органларини демократик тамойиллар асосида шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган экан.

Биз, сиёсий партия вакиллари яна бир масалани унутмаслигимиз керак. Яъники, тараққиётни кўзлаб илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар биринчи навбатда сиёсий партиялар институтига катта масъулият юклайди. Тўғрисини айтиб, тан олишимиз керак, ҳозирги фаолиятимиз янги меъёрлар талабларига жавоб берадими-йўқми, деган аччиқ савол олдимизда кўндаланг турибди. Шунинг учун ишимизни ўзимиз чуқур танқидий таҳлил қилиб, камчиликларимизни бартараф этиш, депутатларнинг фаоллиги ва сайловчилар олдида жавобгарликни кучайтириш чораларини кўришимиз керак, деб ўйлайман.

 

Дилшод ИСЛОМОВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ахборот хизмати раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 20.04.2022, №16

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш