Ислоҳотчиларни сайлаш имконияти
Ислоҳотчиларни сайлаш имконияти

 

Маҳалла жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлашда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади. Бошқача айтганда, маҳалла институти чет эл тажрибасини андоза қила олмайдиган ягона тизимдир.

Сўнгги олти йиллик давр ичида ушбу ноёб институт том маънода жамиятнинг миллий бошқарув идораси бўлиши учун кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, жамият ижтимоий-иқтисодий ривожланишида маҳалла институтининг ролини ошириш, тизимдаги ишларни “маҳаллабай” юритиш, бунда “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойилига таяниш соҳани янада ривожлантиришда кенг имкониятлар эшигини очди. Хусусан, маҳалла институтининг жамият ижтимоий-маънавий тараққиётида тутган ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилиши одамлар турмуш даражасини ошириш ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлардан бири бўлди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “Маҳалла раиси фаол ислоҳотчи сифатида, аввало, замон билан ҳамқадам бўлиши, ўз билим ва малакасини доимий ошириб бориш ҳақида ўйлаши, “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонларини ҳаётга татбиқ этиш, турли ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, маҳаллаларни тадбиркорлик марказларига айлантириш чораларини кўриши даркор”.

Айни кунларда мамлакатимизда жорий йилнинг май-июнь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга қизғин тараддуд кўрилмоқда.

Бугунги кун ҳолатига кўра, мамлакатимизда 9 минг 349 та фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларнинг 41 таси шаҳарча фуқаролар йиғини, 73 таси қишлоқ фуқаролар йиғини, 165 таси овул фуқаролар йиғини, 9070 таси маҳалла фуқаролар йиғинларидир. 580 та фуқаролар йиғини юртимизнинг қўшни мамлакатлар билан чегара ва анклав ҳудудларида жойлашган.

Мазкур сайловни ташкил этиш ва ўтказиш очиқлик ҳамда шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан уч йилга сайланади.

Жорий йил 16 март куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг тегишли буйруғи ижрога қаратилиб, унга кўра сайловга оид маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш, ОАВ, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўйича ишчи гуруҳлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар Кенгашларининг қарорлари билан 221 та кўмаклашувчи комиссия тузилиб, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга доир тадбирлар режалари тасдиқланди.

Янги тартибга кўра, фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиши керак. Авваллари фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш масаласи билан республика даражасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг комиссияси шуғулланарди. Эндиликда бу жараёнга “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, алоҳида тузиладиган Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси масъул саналади.

Республика комиссияси таркибига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий ва бошқа ташкилотлар вакиллари киритилиши мумкин.

Олдинги амалиётда маҳалла раиси фуқаролар йиғини томонидан эмас, балки фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан сайланган. Бунда сайловчилар номидан атиги 50-80 вакил овоз берарди, холос. Янги тартибга кўра, сайловда фуқароларнинг ўзлари кўпроқ иштирок этишини таъминлаш мақсадида ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг минимал нормаси белгиланди. Бунда вакиллар сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этади.

Дейлик, бундай ҳолатда маҳаллада яшовчи ўртача 3 минг сайловчи номидан 360 вакилнинг сайловда иштирок этиши таъминланади. Ўз навбатида, фуқаролар вакилларига ҳам талаблар ўрнатилган. Бунда ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган кишилар вакиллар сифатида сайланишига эришиш фуқаролар йиғинларининг келгуси фаолиятида муҳим ўрин тутади. Раис лавозимига кўрсатилган номзодлар ёки уларнинг яқин қариндошлари вакил бўлиши мумкин эмас.

Номзодлар Ўзбекистон фуқароси бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш ва ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз, деб топилган, оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судлангани олиб ташланмаган шахслар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.

Кези келганда таъкидлаш лозим, Тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналишида инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш мақсадида маҳалла институти фаолияти самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш мақсад қилинган.

Ушбу мақсадни амалга ошириш учун 5 та муҳим чора-тадбир механизми аниқ кўрсатиб берилган. Жумладан, маҳалланинг нуфузини ва унинг обрўсини ошириш учун молиявий мустақиллик бериш, маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Шу ўринда яна бир гап. Кейинги йилларда Ўзбекистон маҳаллаларида жўшқин муҳит ҳукмрон. Бу маҳалла ва маҳалла раислари фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлангани, тизимга зарур маблағ йўналтирилаётгани билан боғлиқ, албатта. Фикримизга битта мисол: “Мустақиллик 22 йиллиги” МФЙда сайёр қабул ўтказганимизда 10 га яқин фуқаро кредит олиш масаласида мурожаат қилди. Ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси уларга иссиқхона қуришда ва балиқчиликни ривожлантириш бўйича йўналишларни тушунтириб, амалий ёрдам берди.

Бу билан маҳалла институтининг нечоғлик самарадор экани аён бўляпти. Яна бир муҳим томони, эндиликда маҳаллий бюджет маблағларига алоқадор масала маҳалланинг, туманнинг ўзида ҳал бўлишига эришилмоқда. Демак, муаммолар маҳалланинг ўзида ҳал бўлгач, аҳоли ортиқча сарсон-саргардон бўлиб, мутасадди ташкилотлар олдида навбат кутиб, сарғайиб турмайди.

Бир сўз билан айтганда, олдимизда яна бир муҳим жараён — маҳалла раислари сайлови турибди. Бунда ҳар биримиз фаол иштирок этсак, эртанги ҳаётимиз фаровон бўлишини таъминлашга ҳисса қўшган бўламиз.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 20.04.2022, №16

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш