Янги иш ўринларини ташкил этиш ҳолати қандай?
Янги иш ўринларини ташкил этиш ҳолати қандай?

 

Апрель ойида Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганишди.

Назорат-таҳлил давомида депутатлар давлат ва маҳаллий инвестиция дастурлари бўйича яратилган иш ўринлари, ажратилган субсидия, грантлар, нафақалар, касб-ҳунарга ўқитиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан таъминланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ва ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Бугун ишлайман, деган одамга имконият бор. Албатта, ҳамма юқори ташкилотда ёки йирик корхоналарда ишлашининг иложи йўқ. Уйда, маҳаллада ҳам тадбиркорлик қилиш, томорқада исссиқхоналар ташкил этиб, даромад олиш, кредит олиб, кичик корхоналар ташкил этиш мумкин. Маҳалла, ҳоким ёрдамчилари, ҳудудий ҳокимият бу борада одамларга кўмаклашиб, яқин ёрдамчи бўлишади. Аҳоли вакиллари аллақачон бу имкониятлардан самарали фойдаланишмоқда. Натижада ҳудуддарда камбағаллик даражаси қисқариб, одамлар мустақил ишларига эга бўлишмоқда.

Навоий вилоятининг Навбаҳор, Хатирчи, Қизилтепа, Нурота, Конимех, Кармана туманлари ҳамда Навоий шаҳрида бўлиб, давлат ва маҳаллий дастурлар бўйича яратилган иш ўринлари, ажратилган субсидия, касб-ҳунарга ўқитиш ҳолатларини ўргандик.

Иш билан таъминлашнинг кўп тармоқлари бор: корхона ташкил этиш, субсидия ажратиш, хизмат кўсатишни кенгайтириш, инвестиция... Мени қувонтиргани, бугун аҳоли субсидиялардан унумли фойдаланишяпти. Одамлар бир-биридан ўрнак олиб, иш бошлаш ҳаракатига тушишган. Дейлик, маҳаллада бир оила субсидия олиб иссиқхона қилса, унинг фойдасини кўриб, қўни-қўшниларнинг ҳам бу фаолиятга иштиёқи пайдо бўлади.

Конимех туманидаги бир маҳаллада бўлдик. Одамлар нафақат шахсий томорқаси, балки кўча ерларидан ҳам унумли фойдаланиб, иссиқхоналар ташкил этишган. Ҳам кўчалар обод, ҳам аҳоли даромад оляпти, уйдан чиқмасдан туриб, маблағга эга бўляпти. Натижада айрим одамлардаги боқимандалик ҳам бартараф этиляпти.

Аммо... Ҳудудда субсидия масаласида камчиликлар ҳам бор. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маҳаллалардаги меҳнат инспекторлари томонидан аҳоли ўртасида етарлича тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмаганлиги натижасида фақатгина 4 йўналишда субсидиялар ажратилган бўлса, нафақат туманлар балки, вилоят миқёсида грант ва микрокредитлар берилмаган. Аҳоли ва тадбиркорлар билан суҳбат давомида уларнинг аксарияти грант ва микрокредитлар ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги маълум бўлди. Бу борада маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти қониқарли эмаслиги аниқланди.

Айрим инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрланди. Жумладан, "Synthetic hydrocarbons" МЧЖ лойиҳаси 6,5 км. масофадаги юқори босимли газ қувурига уланиш масаласи кечикаётгани сабабли амалга ошмаяпти, 50 та иш ўрни яратилмай қолмоқда. Айрим лойиҳаларга кредит маблағлари ажратилмаётгани, натижада иш ўринлари яратиш кечикаётгани аниқланди.

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан асбоб-ускуна харид қилиш давлат харидлари портали (электрон савдо) орқали амалга ошади. Ушбу аукционда ғолиб бўлган тадбиркорлар томонидан шартномада кўрсатилган жиҳозлар ўрнига, бошқа турдаги жиҳозлар таклиф этилиши кўп учрамоқда. Айнан шу муаммо сабабли Навоий вилояти бўйича 2021 йилда 26 та ҳолатда ҳамда 2022 йилда 23 та ҳолатда шартномалар бекор қилинган.

Бу эса ишсиз фуқароларга субсидия орқали олиб берилиши керак бўлган жиҳозларнинг кечикишига олиб келмоқда ва фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Бош бошқарманинг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш шўъбасига масъул ходимнинг электрон дастурини давлат молиясини бошқарувчи автоматлаштирилган тизими (ДМБАТ)га интеграция қилиш маъқул бўларди.

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ва ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Биз 2 кун давомида Фарғона вилоятидаги Олтиариқ, Боғдод туманлари ҳамда Фарғона шаҳрида давлат дастурлари бўйича яратилган иш ўринлари, ажратилган субсидия, грантлар, нафақалар ҳамда касбга ўқитиш ҳолатлари билан танишдик, ҳақиқий аҳволни ўргандик. Умуман, муҳим ишлар амлага оширилган.

Танлов асосида ўрганилганда, Олтиариқ туманида янги иш ўринлари ташкил этилиши айрим соҳаларда I-чорак бўйича бажарилмагани маълум бўлди. Мисол учун, туманда савдо ва сервис йўналишидаги чораклик режа 75 фоиз бажарилган.

2 та туманда 6 та ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилган ва бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 459 млн. сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилган ва 155 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Субсидия яхши, албатта. Бир оила ўзини тиклаб олади, рўзғор тебратади. Аммо бу борада масъуллар йўл қўяётган камчиликлар кузатилаётгани ачинарли. Мисол учун, Боғдод тумани «Иттифоқ» МФЙ, А.Темур кўчаси, 36-уйда яшовчи, «Аёллар дафтари»да турувчи фуқаро Шаҳноза Раҳимова, Олтиариқ тумани «Повулғон» МФЙ, «Ёшлар» кўчасида яшовчи, «Аёллар дафтари»да турувчи Малика Аҳмедовага 0,1 гектар ер майдонига ўртача 7,2 млн. сўмдан енгил конструкцияли иссиқхона қуриб берилган. Иссиқхоналарда лимон, помидор, бодринг экилган, лекин қурилган иссиқхона сифатсиз, енгил конструкцияси материаллари талабга жавоб бермайди. Иш бошлаган одам даромад олсам, ишим унумли ва сифатли бўлса, дейди. Шароит яхши бўлмаса, самарадорлик ҳам бўлмайди, иштиёқ сўнади.

Вилоятдаги кунлик меҳнат марказлари фаолияти билан ҳам танишдик. Марказлар томонидан 2022 йил давомида жами 801 нафар фуқаро рўйхатга олинган. Жумладан, Қўқон шаҳрида 189 нафар, Марғилон шаҳрида 204 нафар, Фарғона шаҳрида 258 нафар ҳамда Олтиариқ туманида 150 нафар бир марталик иш изловчилар қайд этилган.

Ўрганиш жараёнида республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар аниқланди. Боғдод туманида узоқ йиллар давомида фойдаланиб келинган, 1986 йилда қурилган «Бунёдкор» кўтарма сув насоси станцияси таъмирталаб аҳволга келиб қолгани сабабли паст қувват билан ишламоқда. Натижада туманнинг дашт ҳудудларидаги қарийб 3,5 минг гектар ер майдонида жойлашган боғдорчилик фермер хўжаликлари ва аҳолининг 800 гектар томорқа ер майдонларини сув билан таъминлаш аҳволи қониқарсиз қолмоқда. Йилига амаллаб бир мартагина ҳосил олинмоқда.

Ушбу кўтарма сув насоси станциясини давлат дастури асосида ёки вилоят ёхуд туманнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан бўлса ҳам таъмирлаш режалаштирилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бунинг имкони топилса, аҳоли йилига 3 мартагача ҳосил олиши, 3 минг нафарга яқин фуқаронинг банд бўлиши имконияти пайдо бўлади.

Ҳудудлардаги мазкур ўрганиш жараёнида жисмоний ва юридик шахслар томонидан қилинган мурожаатларнинг ечими, аҳоли бандлигидаги соҳалар бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳамда инвестиция лойиҳалари асосида янги иш ўринлари яратишни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан депутатлар парламент назоратини олиб боришлари белгиланди. Аҳоли ва ташкилот, корхона вакилларидан бандлик, хусусан, бу соҳада қийинчиликлар туғдираётган масалалар юзасидан таклифлар олинди. Мазкур таклифлар қўмита ишчи йиғилишида муҳокама қилиниб, унинг якуни бўйича қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 10.05.2022, №18-19

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш