“Мен бу масалада Президентимизга тўлиқ ишонаман”
“Мен бу масалада Президентимизга тўлиқ ишонаман”

 

Куни кеча муҳтарам Президентимизнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувидаги нутқини эшитиб, жуда ғурурландим, фахрландим. Янгиланаётган Конституцияда “Ўзбекистон ижтимоий давлат” деган тушунча киритилиши ҳақидаги таклиф халқимизга манзур бўлади, деб ўйлайман.

Президентимиз ўз нутқида “Бу Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир”, деб айтди. Албатта, халқимизнинг барча эзгу ниятлари, хоҳиш-иродаси, ҳуқуқ ва бурчи, ҳаётий яшаш кафолатлари Конституциямизда ўз аксини топиши халқимиз узоқ йиллардан буён кўнглига тугиб келаётган ниятларининг ижобат бўлаётганидир.

Шу боис, барча ватандошларимиз, сиёсий партиялар фаоллари, барча даражадаги депутатларимиз, айниқса, ёшларимиз бефарқ бўлмасликлари, ушбу жараёнда фаоллик кўрсатишлари керак, деб ҳисоблайман.

Зотан, ижтимоий давлат барпо этилар экан, бу давлатда инсон қадри улуғ эканлиги ва ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги кафолатланади.

Энди қаранг-да, бу нима дегани экан: ижтимоий давлатда муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйиларкан. Шахс ва унинг оиласи ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи бериларкан. Камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш давлатнинг фуқаролар олдидаги бурчи бўларкан. Тўғриси, бу гаплар, бундай ғоялар менга ёқди.

“Инсон қадрини улуғлаш”, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши бўлишига аминман. Қисқа қилиб айтсам, мен бу масалада Президентимизга тўлиқ ишонаман.

Нимага дейсизми? Асосларим борда!.. Касби туманида бу ишлар қандай амалга оширилаётганини, кўз олдимда кўрганларимни айтиб берай. Туманимизда уй-жойга муҳтож, фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётган 110 нафар аёл рўйхатга олинган. Ўтган йили ана шундай оналарнинг 11 нафарига бошланғич тўлов бадалини субсидия асосида қоплаб бериш шарти билан уй-жойлар ажратилди. Жорий йилда ҳам ана шундай 20 нафар ёлғиз оналарга имтиёзли уй-жойлар ажратиб бериш кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳозирги кунда туманда ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд, лекин бир марта ҳам моддий ёрдам олмаган 118 та оиланинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларнинг ҳар бирига 20 килограммдан бепул ун тарқатилди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ташаббуси билан рўйхатга киритилган 55 нафар фуқарога соғлиғини мустаҳкамлаш, болаларини даволатиш, уй-жой таъмири учун ва бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун жами 107,8 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Шуларни ёзяпману, ўйланиб қоляпман. Президентимиз ҳар бир таклифни халқимизнинг кўнглини билиб, сезиб бераркан-да… Ҳамма кўзлаган марралари яқин бўлсин, Конституциямиз энг инсонпарвар Қомуслардан бири бўлсин.

 

Султон ҲАМРОЕВ,

ЎзХДП Касби туман кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 22.06.2022, №25

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш