Муҳокамалар самарали бўлмоқда
Муҳокамалар самарали бўлмоқда

 

Самарқанд вилоятининг Пайариқ ва Жомбой туманларида Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Вафоев Конституциявий ислоҳотлар тарғиботига бағишланган учрашувларда иштирок этмоқда.

Тадбирларда фуқароларимизнинг фаол иштироки ва билдираётган таклифлари — юртдошларимиз ватанимиз тақдирига бефарқ эмаслигини, фуқароларимиз сиёсий ва ҳуқуқий онги йилдан-йилга ўсиб бораётганлигини исботламоқда.

Жомбой туманида бўлиб ўтган учрашувларда, тадбир иштирокчилари томонидан Конституциямизга киритилаётган ўзгаришлар кўтаринкилик билан кутиб олинди. Жумладан, педагог ходимларнинг мақомини ҳар томонлама мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг энг муҳим вазифаси деб эътироф этилиши, педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва обрў-эътибори давлат ҳимоясида эканлиги конституциявий кафолатланиши, шунингдек, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмаслиги” Конституциямизда қатъий белгиланаётганлиги тадбир иштирокчилари томонидан юксак баҳоланди.

Тадбирда таъкидланганидек, устоз ва мураббийлар – келажак авлодимизга билим берадиган, эзгуликка элтувчи урф-одат ва анъаналаримиз ҳамда бой тарихимиз ва маданиятимизни авлоддан-авлодга етказадиган буюк кучдир. Охирги олти йил ичида, устоз ва мураббийларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятдаги мавқейини мустаҳкамлаш бўйича жуда катта ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Конституциямизга киритилиши режалаштирилган ўзгаришлар ҳам ушбу соҳада юртбошимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Шубҳасиз, Конституцияга киритиладиган қўшимчалар, педагог ходимларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши, ўз касбий фаолиятини амалга ошириши, уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиши, шунингдек ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар беришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, тадбирда иштирок этган педагоглар томонидан мазкур йўналишда қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам билдирилди. Жумладан, педагогларни ижтимоий қўллаб-қувватланишини Конституция нормасида белгилаб қўйиш билан бирга, келгусида ушбу муҳим нормани ижро қилиш механизмини алоҳида қонун билан мустахкамлашни таклиф қилишди.

Дарҳақиқат, Конституциямизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар, келгусида барча қонунларимизни қайта кўриб чиқишга сабабчи бўлади. Зарур ҳолларда янги қонунлар ҳам ишлаб чиқилади ва шу орқали мамлакатимизда янги ҳуқуқий макон яратилади. Бу - Янги Ўзбекистонни, яъни халқпарвар давлатни барпо этиш ҳамда ушбу давлатда инсоннинг қадр-қимматини таъминлашдаги муҳим босқичдир.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш