Сиз жамиятга кераксиз!
Сиз жамиятга кераксиз!

 

“Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, ишсизликда, ногиронликда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга”. Бу таклиф янги Конституциянинг 39-моддасига киритилиши белгиланмоқда.

Яқиндагина ишга бориб-келиб юрган инсон бирон сабаб билан ишини йўқотса, кексалик пайти келиб нафақага чиқса ёки ногиронлиги сабабли ишлай олмаса, уларнинг кўнглидан нималар ўтишини бир хаёлимизга келтирайлик. Даромадимни йўқотдим, энди оиламни қандай боқаман, ишлаш лаёқатига эга эмаслигим сабабли энди ҳеч кимга керак бўлмай қолдим, қани энди мен ҳам соғлом бўлганимда ўзим истаган соҳада фаолият юритардим, деган тушкун кайфият уларни чулғаб олиши табиий. Шундай пайтда озгина далда, қўллаб-қувватлаш уларга катта куч бўлади, албатта. Уларга “Сиз бизга кераксиз, сизнинг тажрибангиз, насиҳатларингиз бизга йўл кўрсатади”, десангиз бир ёши улуғ инсонга бир қоп тилла ҳадя қилгандек бўласиз. Бериладиган таъминот эса жамиятга керакли эканликларини ёдга солдириб туради, десак муболаға бўлмас.

Президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида ногиронлиги бўлган инсонлар жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойил негизида уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаб қўйиш инсоний бурчимиздир, дея алоҳида таъкидлади.

Халқаро тажрибада ишсизлик даври объектив сабабларга кўра, фуқаро ишсиз юрган давр ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган давр ҳисобланади. Мамлакатимиз қонунчилиги учун бу давр иш қидириш билан боғлиқ бўлиб, унинг учун моддий таъминот берилиши белгиланмаган. Айтиш керакки, мазкур таклиф халқаро нормалар билан уйғунлаштириш мақсадида илгари сурилган.

Юртимизда бир миллион нафарга яқин ногиронлиги бор шахс истиқомат қилади. Конституциянинг 39-моддасига киритилаётгани уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитларини енгиллаштириш, ҳаётга қарашларини янгилаш, қонуний таъминотини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ногиронлиги бор шахслар пенсия ва нафақалар олиш ҳуқуқига эга бўлиб, меҳнат стажига эга бўлган ёки иш пайтида шикастланганлиги оқибатида ногирон бўлиб қолганларга пенсия тайинланади, вояга етмаган, туғма ногиронлар эса нафақа олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бугунги кунда 400 минг нафарга яқин ногиронлиги бор шахс пенсия олади. Ногиронлик нафақалари бугунги кунда икки баробар оширилган. Юқорида қайд этилган қўшимчаларнинг модда таркибига киритилиши мамлакатимизда амалдаги вазиятни кўрсатади, ишсизлар ва ногиронлиги бор шахсларнинг давлат томонидан моддий таъминот олиши ва Ўзбекистон чинакам ижтимоий давлат моделини ифодаловчи белгиларни мустаҳкамлаб беради.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларциясида ҳар бир инсон ўзининг ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган турмуш даражасига эга бўлиш, жумладан, кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишга ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга борлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолларда таъминланиш ҳуқуқига эга, деган нормалар мавжуд. Ижтимоий таъминот масаласи Конституцияда мустаҳкамланиши ана шу меъёрлар билан ўзаро мувофиқлаштирилмоқда. Бу албатта, ҳукуматимизнинг ҳар бир фуқарога эътибори бирдек эканлигининг яна бир намунасидир.

 

Абдулҳамид НУРМАТОВ,

ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 20.07.2022, №29

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш