Шукрона билан эзгу мақсадларга етайлик
Шукрона билан эзгу мақсадларга етайлик

 

Дунёда шундай неъматлар борки, улар ҳақида аслида кўп гапириб бўлмайди. Уларга тавсиф берсанг, мадҳидан сўз очсанг, оҳорини тўкиб қўясан гўё. Она, Ватан, эркинлик, тинчлик, тотувлик, фаровонлик мана шундай улуғ неъматлардан. Бироқ шундоққина кўз ўнгингда рўй бераётган эзгу тушунчаларга дахлдор улуғвор ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб гапирмасликнинг ҳам имкони йўқ-да.

 

1984 йил. Мен Шаҳрисабз тумани партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган кезлар... Раҳбарман, берилган топшириқларни вақтида бажариш, ҳисоботларни топшириш ўз йўлига, аммо одамларнинг яшашга бўлган иштиёқи тобора сўниб бораётганини ҳис қиламан. Атрофдаги ёшу кексанинг пешонаси тиришган, умри пахта даласида ўтади, ёйилиб бир байрам қила олмайди. “Пахта иши”, “ўзбек иши” оловлаган. Ҳали у хонадонда, ҳали бу хонадонда, қама-қамаларнинг изтироби соя солади. Ўша кезларда ёши улуғ отахонлардан бири Хайрулло бобо ёнимга келиб дардини “достон” қилгани кечагидек эсимда:

— Қачон қаддимизни кўтариб юрамиз экан, қачон ўзи оқ, меҳнати қора пахтанинг залворидан, юкидан озод бўламиз. Наврўзни нишонлай олмасак, отамизга жаноза ўқита олмасак, онамиз дастурхон кўтариб тўйга бора олмаса, эскилик сарқити эмиш? Айтинг, қачон ёруғ кунлар келади?

Гапиролмаганман ўшанда. Чунки қачондир биз кутган кунлар келишини билмас эдик-да. Шаштимиз, шаҳдимиз синган пайтлар экан. Бешинчи синф болалари эгатларда қўллари совуқдан қотиб, йиғлаб турган пайтлари бўлган.

 

Одамларни боқадиган шу пахта, аммо одамларнинг пахта деса юраги безиллайдиган бўлди. Эсласам, ҳозир юрагим орқага тортиб кетади. Биз шунга ўрганиб қолган, яъни пахтани мажбурий меҳнат, болалар меҳнати орқали йиғиб-териб олишга кўниккан эдик.

Бугун эса ўзига боғлиқ бўлмаган ишлар билан шуғулланиб юрган ижтимоий соҳа ходимларининг ташвишлари ариб, юзи ёруғ бўладиган кунлар келди. Даладаги юмушлардан, кўча-кўйдаги қора меҳнатдан озод этилди.

Мамлакат ривожида кескин бурилиш ясаб, янгича иш услуби, янгича қараш, жасорат, донишмандлик билан Шавкат Мирзиёев халқимизнинг чекидаги бу кўланкани бартараф этди. Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳақида жаҳонга овоза қилинди. Энди ўқитувчилар, шифокорлар ортиқча юмушлардан холи бўлиб, таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳаси истиқболи учун қайғурмоқда. Узоқ ўтмиш воқеаларини, биз ишлаган дамларни қиёслаб дилингга бир шукроналик келади, хотиржам ишлайдиган, меҳнат қилиб роҳат кўрадиган кунлар келди. Юртда инсон қадр-қиймати юксалди.

Куни кеча Президентимиз “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Халқимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш, юртимизни ҳар томонлама эркин, обод ва фаровон мамлакатга айлантиришдаги улкан аҳамият ва моҳиятини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигини муносиб кутиб олиш ва ушбу қутлуғ санани юксак даражада нишонлаш мақсадида вазифалар белгиланди. Байрамимизнинг бу йил “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этган тадбирлар билан ўтишида ҳам катта маъно бор.

 

“Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!..”

Бир томчи сувда қуёш акс этганидек, шундай кунлар бўладики, улар моҳиятига кўра ойлар, йилларга тенглашади, миллат, жамият, бутун бир мамлакат, неча-неча авлодлар тақдирини, бахтли ҳаёт йўлини белгилаб беради. 1991 йилнинг 31 августи тарихимиз солномасида худди шундай мўътабар кун сифатида муҳрланиб қолди — шу санадан эътиборан Ватанимиз мустақил бўлди.

Истиқлол йилларида кўп миллатли Ўзбекистон халқи ўзининг буюк салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этди, оғир синов ва машаққатларни мардона енгиб, катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Юртимиз илгариги иқтисодиёти бир томонлама шаклланган, қолоқ республикадан барча соҳаларда жадал ривожланиб, фуқароларнинг ҳаёт даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллиги, онгу тафаккури тобора юксалиб, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида узоқ-яқиндаги барча мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг миқёсда олиб бораётган замонавий, очиқ ва демократик давлатга айланди. Энди ислоҳотлар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида давом этмоқда.

Сўнгги 5 йилда Қашқадарёда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 1 миллион 122 минг квадрат метр майдонга эга 12 минг 171 та хонадонга мўлжалланган 358 та кўп қаватли уй-жой қурилиб фойдаланишга топширилди. Вилоятда бир оилага ўртача 4,2 киши тўғри келмоқда. Бу, ўз навбатида, 51 минг 118 киши ўз уй-жойига эга бўлганини англатади. Уй-жойларнинг барчаси 192,87 километр ичимлик сув, 114,96 километр ички йўл, 144,16 километр электр ҳамда 59,4 километр газ тармоқлари билан таъминлангани кичик кўрсаткичлар эмас, албатта.

Бир пайтлар болаларнинг боғчага қамрови ҳақида гап очилса, қўлимизни букиб, бармоқ билан санашга тушардик, бехосдан юзимиз қизариб кетарди. Кўрсаткич паст бўлган, 2017 йилда 326 та боғча фаолият юритган. Бугунга келиб бу рақам саккиз карра ортди. 2017 йил 1 январь ҳолатида вилоятда болаларни қамраб олиш даражаси 13,3 фоиз бўлган. Охирги беш йилда мамлакатда жорий қилинган янгилик ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда мактабгача таълим ташкилотлар сони 2 795 тага етказилди. Жумладан, 84 та давлат ҳамда 147 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти янгидан бунёд қилинган бўлса, 2238 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти ишга туширилди. Натижада бугунги кунда вилоятда болаларни қамраб олиш даражаси 53,4 фоизга етказилди. Таълим сифатини таъминлаш масаласи ҳаммасидан муҳим. Боғча ёшидаги фарзандларимиз бир эмас, бир неча тилда бийрон сўзлаяпти. Турли танловларда иштирок этиб, ота-онасини, мураббийларини мамнун этмоқда.

Президентимизнинг ёшлар куни муносабати билан мамлакатимиз ўғил-қизларига йўллаган табригини, берилган имтиёзларни эшитиб, шоирнинг ўткир даъвати тилимга кўчди: Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!

Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида албатта, ёшларга қарата: “Ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган Янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар, дея таъкидлашларида ишонч, ғурур ва ғамхўрликни ҳис қилади”, дея даъват қилади.

Аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этадиган юртимизда қайсики жабҳани олманг, албатта, қувноқ ва шижоатли ўғил-қизларнинг овозини эшитасиз. Фидойи ёш раҳбарларнинг мамлакат бошқарув тузилмаларига келиши чинакамига янгича руҳ, янгича нафас олиб кирмоқда. Айниқса, ёш, креатив фикрлайдиган тадбиркорларнинг вилоят иқтисодий ривожини таъминлашдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлаш зарур. Янгиликка интилиш ва уни ўз вақтида жорий этиш ёшлик фаслининг гўзал иши, асл мақсадидир. Ўғил-қизларимиз янги стартап лойиҳаларни амалга ошириши учун биргина 2022 йилнинг шу даврига қадар Қашқадарёда 2 787 ёшга 76 миллиард 213 миллион сўм кредит ажратилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 12 691 ёшнинг 7 565 нафари бандлиги таъминланди. Мамлакатимиз ёшлар ўртасида ташкил этилаётган турли танлов ва мусобақаларда иштирок этиб, совриндорлар қаторидан жой олаётган қашқадарёлик иқтидор соҳиблари ҳақида эшитиб, мамнун бўламан. Республика миқёсида ўтказилган “Ёшлар овози” танловида яккабоғлик Озод Муродов, косонлик Хўжаназар Жуманазаров опера йўналишида, деҳқон ободлик Жамшид Шоқулов, Оғабек Улашов бахшичилик йўналишида, ғузорлик Орзубек Баратов стол тенниси мусобақаларида ғолиблар сафидан ўрин олган бўлса, Косон тумани Пахтазор маҳалласи ёшлари жамоаси “Беш ташаббус” доирасида маҳаллалар жамоалари ўртасида бўлиб ўтган “Заковат” турнирида иштирок этиб, республикада биринчи ўринни қўлга киритди. Ҳа, ёшларнинг қалбида буюк алломалар, уламолар, насафийлар, кешийлар, касбавийлар ва паздавийлар, косонийларга бешик бўлган, Амир Темурни улғайтирган, қаҳрамон шоир Абдулла Ориповга илҳом берган бу диёрга ва унинг меҳнатсевар халқига муносиб бўлиш аҳди бор.

 

Ҳақиқат экиб, қадр топган одамлар

Биргина қишлоқ хўжалиги соҳасини олайлик. Нималар ўзгарди? Аввало, бу соҳа тубдан қайта қурилди. Илгариги ишлаб чиқариш самарадорлиги паст, харажатлари баланд, норентабел, сурункали қарзга ботиб ётадиган колхоз ва совхозлар ўрнида фермер хўжаликлари ташкил этилди. Деҳқонда ерга эгалик ҳисси уйғонди. Унинг меҳнатга, ерга, ўзига муносабати, иш юритиш усуллари тубдан янгиланди.

“Авесто”да қайд этилишича, кимки ғалла экса, ҳақиқатни экади. Ғалла омбори тўла уйга девлар яқин келолмас экан. Бу ҳикмат йиллар давомида ғалла мустақиллигига эришиш йўлидаги азму шижоатимизда ўз аксини топди. Ўз донимиз, ўз нонимизга эга бўлдик. Биргина жорий йил хирмони билан боғлиқ рақамларга эътибор қилинг: вилоятда 26 та ғаллачилик кластери ташкил қилиниб, 140 минг гектар сувли майдонда 6 600 та фермер хўжалиги билан фьючерс шартнома асосида бошоқли дон ҳосили етиштирилди. 337 минг тонна дон топширилиб, белгиланган режа ошириб бажарилди.

Бугун вилоятда турли соҳаларга ихтисослашган 12 292 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Энди олдингидек фақат марказ манфаатларини кўзлаган ҳолда асосий майдонларда пахта эмас, халқ учун, унинг фаровон турмуши учун зарур бўлган ғалла, мева-сабзавот, картошка, полиз экинлари етиштиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳа, бугуннинг фермери — ишбилармон, замоннинг илғор кишиси. Деҳқони қадр топган юртнинг тўкин ҳаёти, фаровон турмушига ҳавас қилса арзийди.

Илгари деҳқоннинг косаси оқарганини эшитмаганмиз-да. Йўқдан бор қилса, ишбилармонлик қобилиятини рўёбга чиқарса, ўғри, муттаҳам сифатида қаматиб юборилган. Бир қарашда ақлбовар қилмайди бунга, бироқ халқимиз шу кунларни ҳам бошдан кечирди.

Мен “пахта иши” деган бемаъни тавқи лаънат остида деҳқонларимизга қилинган туҳматлар ва улар келтирган мислсиз заҳматларга ўз кўзим билан гувоҳ бўлганман. Минг афсус, далада йил — ўн икки ой машаққат билан меҳнат қилган деҳқон роҳат кўриш ўрнига асоссиз даъволар билан панжара ортида азоб кўрди, сандиғидаги қизининг сепига атаган мулкигача тортиб олинди.

Шу боис, бугун жаранглаётган “Инсон қадри учун” деган улуғвор даъват қулоқларимга ўзгача, ёқимли эшитилади. Биз нуронийлар шу сабаб, айниқса, ёшлар жам бўлган давраларда оғриқли бўлса-да, ўша кечаги кун сабоқларидан сўз очаверамиз. Бу кунлар “ойдан, кўкдан тушмаган”и қулоқларига, онгу шуурига сингиб кетишини истаймиз...

 

Ҳар бир ҳудуд — чексиз имкониятлар манзили

Қашқадарё вилоятининг ҳар бир ҳудуди ўзига хослиги билан ажралиб туради. Деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандлик, иморатсозлик, қўйингки, барча жабҳалардаги омилкорлигу имкониятлардан унумли фойдаланиши истиқлол туфайли сайқал топди.

Кеча бу ҳудудлар қандай эди? Бир хил — пахтадан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Яккам-дуккам учрайдиган савдо дўконларида ҳам кирсовуну гугуртдан, резина этикдан бошқаси топилмасди. Муддати ўтган, уваланиб кетган печеньеларни ҳам одамлар олишарди. Бошқа илож йўқ эди. Танлов бўлмагач, начора, кўнишга мажбур эдик.

Бугун ҳаммаси ўзгарди. Чекка қишлоқларда ҳам замонавий савдо мажмуалари, хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростлади.

Бундан 30 йил бурун Қашқадарёда катта-кичигини қўшиб ҳисобласа, атиги юзга яқин саноат корхонаси бўларди. Бугун эса уларнинг сони 3 мингдан ошиб кетди. Биргина “Uzbekistan GTL” заводи йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш орқали 307,3 минг тонна авиакеросин, 724,6 минг тонна дизель ёнилғиси, 437,3 минг тонна нафта, 53,4 минг тонна суюлтирилган газ (жами 1 522,6 минг тонна синтетик суюқ ёқилғи маҳсулотлари) ишлаб чиқариш мақсадларини кўзда тутади. Энг муҳими, бу ерда 808 та янги иш ўрни яратилди. Шунинг ўзиёқ саноат салоҳиятимизни кўрсатиб турибди. Ёпирай, деб ёқа ушлайсан киши, шундай улкан корхоналардаги улкан технологик жараёнларни набираларимиз тенги ёшлар бошқараётганини кўриб ҳам ақлинг шошади, ҳам завқинг, ғуруринг ошади...

Тадбиркорликдан сўз кетганда, биргина мисол айтай. Қарши шаҳридаги “Anzur natural food” хусусий корхонаси раҳбари Анзур Нормуродов — янги давр талаб ва имкониятларини яхши англаб етган тиниб-тинчимас ишбилармонлар вакили. Унинг Яккабоғдаги мевани қайта ишлаш корхонасида воҳамиз офтобида ғарқ пишган сархил меваларимиз қайта ишланиб, хорижга экспорт қилинмоқда.

— 500 гектар майдонда боғ ва узумзор яратдик, — дейди у. — Олма, ўрик, гилос ва узум етиштирмоқдамиз. Боғ учун мўлжалланган кўчатлар, томчилаб суғориш ускуналарини Туркиядан келтирдик. Франциядан малакали агрономларни ишга чақирдик. Шунингдек, 5000 тонна маҳсулот сақлашга мўлжалланган музлаткичли омборхона қуриб, ишга туширдик. Шок усулида тезкор музлатиш орқали жонажон Ўзбекистонимиз офтобида пишган, дармондориларга бой мева ва сабзавотларни янги узилгандек экспорт қилиш имконига эга бўлдик. Россияга 1 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилишга эришдик. Шунингдек, Яккабоғ туманидаги қишлоқлардан 600 нафарга яқин ёш ва хотин-қиз иш билан таъминланди. Яқинда мева ва сабзавотлардан табиий пюре ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Йил охиригача германиялик ҳамкорлар билан махсус қадоқларда табиий анор шарбати етказиб бериш бўйича 1,5 миллион долларлик шартнома имзолаганмиз. Россияликлар билан эса пюре экспорти бўйича 1,2 миллион долларлик шартномага эгамиз.

 

Рўзғори бут эл

90-йилларнинг бошида Қарши туманида ҳар 25 кишига битта телевизор, ҳар 30 кишига битта музлаткич, ҳар 10-15 кишига бошқа маиший буюмлар тўғри келган. Бугун юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби туман аҳолисида ҳам бу буюмларнинг энг замонавийлари барча хонадонларда бор. Буниси майли, ҳозир ҳар бир хонадонда йўқ деганда битта автомобиль кўрасиз. Буларнинг барчаси тўкин-сочинликнинг, аҳоли фаровонлиги ортиб бораётганининг исботи.

— Яқинда Кўкдалада ўтказилган “Уч авлод учрашуви”да қатнашдим, —дейди меҳнат фахрийси Мустафо Темиров. — Кексаю ёшнинг юз-кўзида акс этган шукроналикка гувоҳ бўлдим. Янгиликларни эшитиб, беҳад мамнун бўлдим. Биргина олис Шўрқудуқ қишлоғи ҳудудидан 27 нафар йигит-қиз нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга кирибди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, собиқ иттифоқ даврида меъморликда бир хонадонда жон бошига тўғри келадиган майдон бор-йўғи ўртача 6-7 квадрат метрдан ортиқ бўлмаслиги керак, деган чекловлар бор эди. Салгина ҳашамдорроқ иморат қурган одамларнинг таъқиб остига олингани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бугун-чи? Шаҳарни-ку қўятуринг, қишлоқларимизда тадбиркорлар, фермерлар кўримсиз пахса иморатлар ўрнида икки-уч қаватли, бир-биридан чиройли уйлар қуряпти. Бу бинолар соҳибларининг турмуш фаровонлигига хизмат қилиш билан бир қаторда қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшмоқда.

Ҳамқишлоқларимиз меҳнат қилиб, машаққат билан топган пулларини фақат дабдабали тўй ёки маросимларга эмас, тадбиркорликка, фарзандлари камолига, ҳудудлари ободонлигига, ёрдамга муҳтож маҳалладошларига кўмак беришга йўналтиришни ҳам одат қиляпти. Кечагина фақат қўйини, сигир-бузоғини кўпайтиришни ўйлаб, маънавият ва маърифатдан йироқлашиб қолган одамлар бугун боласининг тил ўрганиши, замонавий илмларни эгаллаши учун жон куйдиряпти. Унинг келажаги учун инвестицияни аямаяпти.

Ўтган асрнинг 80-йиллари адоғида автоулов етишмаслиги сабаб Қаршининг шундоқ биқинида жойлашган Бешкентга бориш учун айрим ҳолларда 10 сўмгача сарфланган. Солиштириш учун мисол: худди ўша йилларда кооперативларда якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи 120 дан зиёд кишининг бир ойлик маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш ҳажми 35 минг сўмни ташкил қилган. Энди юқоридаги 10 сўмнинг баҳосини ўйлаб кўринг. Одамлар шаҳарга бир тушиш учун бор-будини сарфлашга тўғри келган.

Бугун барча туманлар марказини вилоят маркази билан боғлайдиган йўл равон, машиналар оқими бир зум бўлсин тўхтамайди. Аҳоли эҳтиёжларига кўра, автобуслар қатнови йўлга қўйилган. Транспорт тизими, йўл инфратузилмаси такомиллашиб бораётир. Энди аввалгидек шалоғи чиққан эски автобусни соатлаб кутиб, куннинг ярмини Қаршига келиш учун сарфлашга ҳожат қолмади. Йўл юрмоқ роҳат эканини барча ҳис қилиб турибди.

 

Ҳаётбахш ислоҳотлар кўзгуси

Илгари оддий ташхис учун Қарши шаҳрига келиб-кетиш зарур эди. Туманларда врачлар ва ҳамширалар етишмас, беморларни даволашга шароит йўқ, тиббиётга оид аппарат ва ускуналар мавжуд эмасди. Натижада ўлим кўрсаткичи ортган, йил давомида ҳар қишлоқдан юзлаб киши гепатит билан касалланарди. Бу пахтага сепилган бутифоснинг таъсири эди.

Бугун тиббиёт соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар бошланди. Чекка қишлоқларда замонавий типдаги тиббиёт масканлари қад ростлади. Улар сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Она ва бола ҳамда фуқаро соғлиғи учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Тиббиёт масканларида замон талабига жавоб берадиган мутахассис ва малакали шифокор кадрларга эътибор кучайтирилди.

Президентимизнинг ғамхўрлиги билан мажбурий меҳнат кишанларидан озод бўлдик. Ҳеч ким шифокор ёки ўқитувчини ўзига дахли бўлмаган ишга ёки йиғилишларга жалб эта олмайди. Босқичма-босқич энг замонавий тиббиёт муассасалари бунёд этилиб, эскилари таъмирланиб, чирой очмоқда. Уларга давр талабларига мос тиббий ускуналар келтирилмоқда. Давлатимиз одамларни тиббиётдан рози қилиш йўлида маблағни аямаяпти.

Биргина вилоят кардиология ва эндокринология марказларидаги шароитларга боқинг. Хорижнинг қайси клиникасидан қолишади? Бу шифохоналарга чет элдан келиб операция қилаётган манаман деган профессорлар ҳам бунга тан бериб кетяпти.

— Кексайганингда юракдаги дард қийнаса ёмон экан, — дейди 75 ёшли Сулаймон Эшбоев. — Кўп йиллардан буён турли клиникаларда ётиб даволандим. Минг афсуски, дардимга тўлиқ даво топа олмадим. Кўпчилик менга чет эл шифохоналарига боришимни маслаҳат берди. Сўраб-суриштирдим, бунга жуда катта маблағ зарур экан. Қарши шаҳридаги кардиология марказини тавсия қилишди. Бахтимни қаранг, бу ерда менга кўкрак қафасини кесмасдан, ёпиқ усулда мураккаб операцияни бажариш мумкинлигини айтишди. Операция жуда зўр ўтди. Ҳозир юрагим мотордай ишлаб турибди.

Ҳа, қашқадарёликларнинг салгина жиддийроқ операция ёки муолажа учун пойтахтга югуришлари энди ўтмишга айланяпти.

 

Ишонч қўрғонлари

Бугун маҳалла тушунчаси мутлақо бошқача мазмун-моҳият касб этмоқда. Тизимдаги ислоҳотлар натижасида бу тузилма бугун аҳолининг энг яқинига, маслакдошига айланиб бормоқда.

— Маҳалланинг жамиятдаги нуфузи ортиб, халқ билан давлат ўртасидаги кўприкка айланди. Фуқароларда унга нисбатан ишонч ортди. Бир маҳаллар фақат маълумотнома беришга ярайдиган ёки мавсумий ишлардагина кўча оралайдиган тузилма бугун одамларнинг қувончу ташвиши, муаммосига ечим топадиган, дардини, таклифини айтадиган, ташаббусини қўллаб-қувватлайдиган ноёб институтга — “ишонч қўрғони”га айланди. Бир маҳаллар ўтиришга стули, одамларни қабул қилишга жойи йўқ идораларнинг бугун замонавий гузари бор. “Нуронийлар чойхонаси”, “Маънавият ва маърифат хоналари”, кутубхоналари бор ўз биносига эга қудратли тузилмага айланди, — дейди вилоят ҳокими маслаҳатчиси Зиёда Аминова.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтар”и халқимиз орасида оқибат, меҳр, ишонч дафтари деган номлар билан машҳур бўлиб кетди. Бу “дафтарлар” бизни аниқ манзилли, адолатли йўналтирилган, ҳисоб-китобли ишлашга ўргатди.

2022 йилнинг ўтган олти ойи ҳолатида вилоятда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 40 423 нафари (67,0%)га кўмаклашилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 25 547 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш бўйича ойма-ой режа ишлаб чиқилган бўлиб, 13 299 нафари (52,1%) иш билан таъминланди.

Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларга имтиёзли кредит ажратилди. Халқ банки, “Агробанк” ва “Микрокредитбанк” ҳамда вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази билан ҳамкорликда 2-тоифага киритилган хотин-қизларни тадбиркорлик кўникмалари бўйича ўқитиш ва имтиёзли кредит ажратиш ишларини сентябрь ойига қадар якунлаш бўйича режа ишлаб чиқилган, кредит олувчи аёллар ўқитилиб, ҳужжатлари тайёрлаб қўйилди.

 

Тинчликка, тотувликка нима етсин!

Яқинда журналист укаларимиз гапириб беришди. Қарши шаҳридаги “Ватанпарвар” боғига “Меҳр” операцияси шарофати билан дунёнинг оловли юртларидан Ватанга қайтарилган оилалар фарзандларини масъуллар сайрга олиб чиқишган экан. Болажонлардан айримлари бу ерда ўзларининг тенгдошларига завқ берадиган ҳарбий самолёт, вертолёт ва танкларни кўриб, у ёқдаги қўрқинчли манзараларни эслашганми, чинқириб йиғлаб юборишибди.

Эҳ, норасида болажонларим-а, деб юбордим беихтиёр, бу ерда ҳатто кўпгина катталарнинг етти ухлаб тушига кирмайдиган даҳшатлар мурғак тасаввурингда муҳрланиб, нечоғлиқ азоб бераётган бўлса-я? Тинчликнинг, осойишталикнинг қадрини мана шу гўдаккиначалик англаяпмизми?!

Айтиш ўринли, айни пайтда Қашқадарё вилоятида турли миллатларнинг 223 мингдан зиёд вакили истиқомат қилаётган бўлиб, улар жами аҳолининг 7 фоизини ташкил этади. Жумладан, тожик миллатига мансуб 125 мингдан зиёд фуқаро асосан, Деҳқонобод, Китоб, Шаҳрисабз, Ғузор ва Касби туманларида яшаса, 33 мингдан зиёд туркман Миришкор ва Муборак туманларида умргузаронлик қилмоқда. Рус миллатига мансуб 21 минг га яқин фуқаро асосан, Қарши шаҳри, Муборак, Шаҳрисабз, Ғузор туманларида, 11 мингдан ортиқ араб Миришкор, Косон, Муборак туманларида, 8 мингдан зиёд татар Қарши шаҳри, Шаҳрисабз, Чироқчи, Муборак туманларида ҳаёт кечиришаётир.

Ҳудудда миллатлараро муносабатлар барқарор бўлиб, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро зиддият ҳолатлари кузатилмаган. 30 дан ортиқ миллатга мансуб фуқаролар қариндош-уруғ, қуда-анда бўлишиб, ҳамжиҳатликда тинч-тотув ҳаёт кечирмоқдалар.

Биргина мисол: воҳанинг жануби-ғарбида, Қарши шаҳридан эллик чақирим олисда Жейнов деб аталган шаҳарча бор. Бу ернинг аксарият аҳолиси этник араблар. Қаршидан Жейновга қараб кетаверишда Денов ва Миришкор қишлоқларида ўзбеклар, Фазли ва Қамаши қишлоқларида этник тожиклар, Жейновдан ўтгандан сўнг Чандир ва Помуқда эса этник туркманлар яшайди. Бу аҳоли масканларининг барчасида кишилар қон-қариндош лик ришталари билан боғланиб кетган.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда вилоятда 5 та, яъни рус, татар-бошқирд, туркман, тожик ва араб миллий-маданий марказлари фаолият юритиб келмоқда. Буларнинг барчаси тинчлик-осойишталигимиз, албатта, мустақиллигимиз шарофатидан, у берган неъматлар туфайлидир.

Муҳими, бугун бу олтин воҳада одамларнинг кайфияти, эртанги кунга ишончи зўр. Мамлакатимиздаги бунёдкорлик, ободонлаштириш, яратиш ишлари фақат яхшиликка, эзгуликка хизмат қиляпти, инсон қадр-қимматини янада юқори поғонага кўтармоқда, элнинг дастурхони тўкин, турмуши фаровон, тилида ва дилида шукрона, тинчлик-осойишталикда умргузаронлик қилмоқда. Бундан ортиқ бахт бўлиши мумкинми?!

 

Январ Иноятов,

Қашқадарё вилояти ҳокими маслаҳатчиси,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси,

ЎзХДП фахрийси.

“Янги Ўзбекистон”, 4.08.2022, №157

 

 

 

 

Теглар

Фахрий Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш