Уч авлод учрашуви
Уч авлод учрашуви

 

Қашқадарё вилоятининг Касби тумани Қамаши маҳалла фуқаролар йиғинидаги Маданият саройида Ўзбекистон ХДП туман кенгаши, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.

Тадбирни Касби туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари, Ўзбекистон ХДП фаоли Сариқов Қурбон кириш сўзи билан очди.

Учрашувда тумандаги кекса авлод вакиллари бўлган нуронийлар, фахрийлар, партия фаоллари ва ёшлар, турли спорт мусобақаларида ғолиб бўлган чемпионлар, илм-фан ва маданият соҳасида ютуқларга эришган фаоллар иштирок этишди.

Маълумки, Касби туманидан Ўзбекистон Қаҳрамони, кўплаб шоирлар, халқ артистлари, илм дарғалари етишиб чиққан. Туманда 103 нафарга яқин дюздо, эркин кураш, енгил атлетика, қўл жанги каби спорт турлари бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари бўлиб, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтармоқда. Тадбирда Ўзбекистон ХДП туман Кенгаши раиси, партия гуруҳи раҳбари С. Ҳамроев сўзга чиқиб, зиёлиларнинг, спортчиларнинг мамлакат тараққиёти учун фидокорона меҳнат қилишгани, уларнинг меҳнат машаққатлари ва ҳаёт йўли ёшлар учун мактаб вазифасини ўташини таъкидлаб ўтди. Дюздо бўйича 3 карра Ўзбекистон чемпиони, пара олимпиячи Диёрбек Майдонов ўз сўзида бундай тадбирларнинг ташкил этилиши ёшларга жуда катта мотивация бериши, спортга бўлган қизиқишни орттиришини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда гиламчилик, каштачилик, бадиий ҳаваскорлик тўгаракларида ёшларни бўш вақтларида касб-ҳунарга ўргатиш, қадимий анаъналарни ривожлантиришга қаратилган кўргазма ташкил этилди.

Тадбир сўнггида фахрийлар ўзлари босиб ўтган ҳаёт йўллари ҳақида ёшларга сўзлаб беришди ҳамда бугунги осойишта ва фаровон ҳаётдан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлашди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Фахрий Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш