Йилимизнинг йўл харитаси
Йилимизнинг йўл харитаси

 

Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси эълон қилингандан буён кенг омманинг қизғин муҳокама, мунозараларига сабаб бўлаётгани табиий ҳол. Чунки, бу муҳим тарихий ҳужжатда ўтган мураккаб йилимизга теран баҳо берилиб, жорий йилда қилиниши лозим бўлган муҳим вазифалар одилона, оқилона тарзда белгилангани билан эътиборга молик.

Мурожаатномада ҳақли равишда таъкидлангганидек, якунига етган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлгани, бироқ кенг кўламли ва самарали ислоҳотларимиз натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошгани, иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келгани, экспортимиз эса 19 миллиард долларга етгани ҳазилакам иш эмаслигини ҳар қандай онгли, тафаккурли одам ҳис қилиши, тан бериши айни ҳақиқат, деб ўйлайман. Ўз-ўзимга савол бераман: бундан атиги беш-олти йил олдин бундай зафарли, айни пайтда залворли натижага эришиб бўлармиди? Ўз-ўзидан жавоб ҳам аниқ. Йўқ, мутлақо!

Табиий равишда яна бир савол онгимда жўш уради: бу ниманинг натижаси, бундай самарадорликка қандай қилиб эришилди?

Бунга жавоб аниқ – янгича қараш, изланиш, интилиш, барча соҳаларни тинимсиз ислоҳ қилиш, ислоҳотлар йўлидаги ғов, тўғаноқларни шафқатсиз тарзда йўлдан олиб ташлаш, халқимиз орзулари, интилишлари рўёби учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш, тадбиркорликка кенг йўл очиш, бир сўз билан айтганда, халқ давлат идораларига эмас, аксинча, давлат идоралари халққа хизмат қилиши билан эришилди.

Мурожаатномада келтирилган “бу йил тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорини минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқдик. Мисол учун, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда. Ажратилаётган маблағлар эса 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 триллион сўмга етди. Биз иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсатини изчил давом эттирамиз”, деган гаплар қандайдир ҳавойи гаплар эмас, айни ҳақиқат бўлиши баробарида партиямиз Дастуридаги ғояларга ҳамоҳанг экани билан электоратимизни мамнун этгани табиий ҳол.

Инсон қадри, инсонни эъзозлаш тушунчалари сўзда, қоғозда ёки минбарларда такрорланадиган чиройли иборалар эмас, балки амалиётга изчил жорий қилинадиган тамойилга айланиб, ижроси қатъий назоратга олинадиган меъёрларга айланиб бормоқда. Бунинг яққол исботи сифатида Мурожаатномада келтирилган шу мақсадлар учун охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилгани, бу даврда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етгани, ҳозирги вақтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилаётганини ишончли далил сифатида келтириш мумкин.

Наманган ҳам кейинги 5-6 йил давомида тараққий топди, ўсди, юксалди, равнаққа эришди. Янги саноат зоналари, айниқса, аҳоли зич истиқомат қиладиган чекка ҳудудлардаги кичик саноат зоналари ишсизликнинг қисқариши, одамларга қулай иш ўринлари яратиб беришда муҳим омил бўлди. Марказга жипс ҳудудларни шаҳар таркибига ўтказилиши, Наманган шаҳри таркибида Давлатобод ва Янги Наманган туманларининг ташкил этилиши ҳисобига миллион аҳолили шаҳар вужудга келиши йўлида қадам қўйилгани тараққиётнинг тамомила янги йўсини, янги йўналишига асос бўлди. Бу минтақамизда ёки мамлакатимизда пойтахтлар билан бир қаторда бошқа йирик шаҳарлар ҳам “ўсиш нуқталари”га айланади, дегани. Муҳими, шаҳарда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Вилоятимиз йил сайин эмас, ой сайин, кун сайин, соат сайин ўзгараётганидан кўнглимда завқ, қувонч, ифтихор туйғуларини чек-чегараси йўқ. Ҳа, Мурожаатномада ҳақли равишда таъкидланганидай, Самарқанд шаҳри дунё танийдиган мегаполисга, халқаро туризм ва бизнес марказига айланмоқда. Наманган ҳам саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топмоқда. Шу боис, Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказиш таклиф қилинди.

Ўйлаймиз ва аниқ тасаввур қиламизки, давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида ифтихор билан таъкидланганидек, дунё мегаполисларидан бири бўлган пойтахтимиз Тошкент билан бир қаторда “ўзига тортувчи марказлар”ни кўпайтириш бўйича Наманганда қилинажак ишлар бошланган сиёсатимизда янги амалий қадам бўлади. Жон бошига даромад, иш жойларини кўпайтиради. Самарқанд қатори вилоятимизда ҳам туманларни ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратилади, Наманганимиз янада гуллайди, яшнайди, тараққий топади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бутун дунё тажрибасида кенг халқ оммасининг давлат раҳбарига мурожаат қилиши бор гап, аммо Президентнинг Парламентга, ўз халқига Мурожаат қилиши ҳам ноёб тажриба. Бу мамлакат раҳбарининг халқ сайлаб қўйган депутатларига, халқига эътибори, унинг эртанги кунига бўлган юксак ишончи, унга сидқидилдан, виждонан хизмат қилишга бўлган иштиёқидан далолат. Бир сўз билан айтганда, Мурожаатнома жорий йилимизнинг давлат, ҳукумат ва халқ томонидан йил давомида биргаликда амал қилиб, юксак натижаларга эришилишини кўзда тутган йўл харитасидир. Шундай экан, унда белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш борасида якдил, фаол бўлишимиз лозим.

 

Зиёвиддин МАНСУР,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аъзоси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби.

«Ўзбекистон овози», 11.01.2022, №1

 

 

 

Теглар

Фахрий Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш