ЎзХДП фракцияси: Олий суд таклиф этган лойиҳа баҳс-мунозараларга сабаб бўлди
ЎзХДП фракцияси: Олий суд таклиф этган лойиҳа баҳс-мунозараларга сабаб бўлди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир нечта қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Судларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.

Олий суд томонидан ташаббус қилинган мазкур лойиҳа юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш, бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, судларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартибини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилгани қайд этилди.

Судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ низоларни ҳал этишда давлат манфаатлари ифодасига зарурат кучайгани қайд этилган. Шунинг учун мазкур тоифадаги ишларни кўриш тартибини такомиллаштириш мақсадида судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар юзасидан давлат манфаатлари билан боғлиқ ишлар муҳокама этилаётганда прокурорнинг мажбурий равишда иштирок этишини белгилаш назарда тутилган.

Олий суд таклиф этаётган ушбу меъёр бир қанча саволлар, баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айрим депутатлар прокурор қатнашмаса, суд одил ҳукм чиқара олмайдими, деган саволни қўйди, судлар мустақиллигига эришиш жуда муҳим масала бўлиб турганда, бундай “янгилик”ка нима зарурат борлигини изоҳлаб, асослаб беришни сўрашди.

Бошқа баъзи депутатлар ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ низолар кўрилаётганда судда прокурорлар қатнашиши шартлиги белгиланиши давлат идораларининг нотўғри фаолиятидан жабрдийдага айланган фуқароларнинг зиёнига ишлашини алоҳида таъкидлаб, эътироз билдиришди.

ЎзХДП фракциясининг айрим аъзолари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини маълум қилишди. Узоқ баҳс-мунозаралардан кейин парламент қуйи палатасининг қонун лойиҳаси бўйича масъул қўмитаси вакили иккинчи ўқишгача саволлар ва эътирозлар устида кенг ва чуқур ишлашини айтиб, фракциядан биринчи ўқишда қўллаб беришни сўради. Депутатлар кўпчилик овоз билан қонун лойиҳасини мазмунан маъқуллади.

Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Юртимизда норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун солиқ суммасининг ҳар ойлик тўлови белгиланганлиги, шахсий томорқа ер участкасида ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг ижтимоий солиқ тўловлари ҳамда уларнинг меҳнат стажини ҳисоблашдаги айрим ноқулайликлар муаммоларга сабаб бўлаётгани айтилди.

Лойиҳа билан янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 408-моддасига ўзгартиришлар киритилаётган бўлиб, якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг амалдаги энг кам миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача камайтирилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар, меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган, Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чет давлатларда ташкил этилган савдо уйларида, ваколатхоналарда, ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек ишламайдиган эри ёки хотини учун солиқ тўловини амалга оширувчи ишлаётган фуқаролар, шахсий томорқа ер участкасида чорвачилик, иссиқхона, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ихтиёрий тартибда тўланса, меҳнат стажи ҳисобланиши кўзда тутилмоқда.

Депутатлар лойиҳани кўриб чиқар экан, норасмий бандлик улушини камайтириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш жуда муҳим масала эканини қайд этиб, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш