ЎзХДП депутатлари талабалар турар-жойларини ўрганмоқда
ЎзХДП депутатлари талабалар турар-жойларини ўрганмоқда

 

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022/2023 ўқув йили бошида Ўзбекистонда фаолият юритаётган 191 та олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабалар сони бир миллиондан ошган.

Охирги пайтларда талаба билан ёнма-ён юрадиган унинг турар жой муаммоси долзарблашди. Талабалар сонининг ўсиши ҳолатида турар жой танқислигини босқичма-босқич бартараф этиш ҳам айни дамда заруратга айланган. Шу сабабли Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари ҳудудларда талабаларни турар жой билан таъминлаш ҳолати, бу борадаги тизимли муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича олдинда турган асосий вазифаларни ҳал қилиш юзасидан ишчи гуруҳлар тузиб, манзилли ўрганишга киришилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таҳлил қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ишчи гуруҳ ўрганадиган масалалар аниқ режалаштирилган.


Маълумот учун, бугунги кунда республикада бўлган 228 та талабалар турар жойида 58 минг нафар талаба яшаяпти ва бу мавжуд эҳтиёжнинг маълум бир қисмини қоплайди, холос. Ётоқхонага қўшимча эҳтиёжи бор талабалар сони 149 минг 400 нафарни ташкил этмоқда. Ўрганиш давомида қатор муҳим саволларга жавоб топиш кўзланган. Хусусан, талабаларни турар жойларга жойлаштириш тизими тўлиқ рақамлаштирилганми? Қанча талабага имтиёзли равишда ётоқхоналар берилган?

Президентнинг 2021 йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, ижарада яшайдиган давлат олий таълим муассасаларининг талабаларига давлат бюджети ҳисобидан ёрдам берилиши белгиланган. Ўрганишда бу масала ҳам алоҳида эътиборда бўлади.

Талабаларни турар жой билан таъминлаш масалаларини атрофлича ўрганиш бўйича тузилган саволнома асосида барча ҳудудлардаги олий таълим муассасалари депутатлик ва жамоатчилик назорати доирасида босқичма-босқич кўриб чиқилиши режалаштирилган.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш