Давлат дастури лойиҳаси муҳокама этилди
Давлат дастури лойиҳаси муҳокама этилди

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши томонидан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон ХДП МК “Аёллар қаноти”, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари масъуллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг республика ҳамда Тошкент шаҳар “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда Давлат дастури лойиҳасида белгиланган вазифалар, уларнинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди. Давлат дастури лойиҳаси 7 та йўналиш, 100 та мақсад ва 309 та банддан иборат.

Шундан тўртинчи, яъни “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналиши”да белгиланган вазифалар аксарияти партиямиз дастуридаги вазифалар билан ҳамоҳанг. Мазкур йўналиш ўз ичига таълим, соғлиқни сақлаш, эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ҳамда хотин-қизлар ва ёшлар масалаларига оид жами 82 та бандни қамраб олган.

Жумладан, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб, республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлашнинг йўлга қўйилиши орқали партиямиз дастуридаги муҳим масалаларнинг бири амалга оширилса, 2023 йил 1 мартдан бошлаб ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқаролар касаллигининг оғирлиги ва унинг асоратларидан келиб чиқиб, уларнинг иштирокисиз белгиланиши ёки 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддатини 12 ойдан 24 ойга узайтирилиши партиямиз электорати бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек мутахассислар томонидан давлат дастури лойиҳасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида кенг қамровли аниқ вазифаларни амалга ошириш белгилангани чуқур таҳлил қилиб берилди.

Тадбир савол-жавоб ва баҳс-мунозарага бой тарзда ўтди. “Аёллар қаноти” фаоллари ва “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари давлат дастурига ўз таклифларини берди.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш