Инсон манфаати ҳар нарсадан устун
Инсон манфаати ҳар нарсадан устун

 

Самарқанд вилоятининг Жомбой ва Пайариқ туманларида ўтказилаётган тарғибот тадбирларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Вафоев ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаол иштирок этиб, мамлакатимизда ўтказиладиган референдумнинг мақсади ва Бош Қомусимизга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳиятини фуқароларимизга тушунтириб боришмоқда.

Учрашувларда таъкидланганидек, сўнгги йилларда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар бўляпти. Манзилли ижтимоий ҳимоя тизими яратилди, иқтисодиёт эркинлашиб, хусусий мулк эгалари кўпайиб боряпти, маданий ҳаётимизда, спорт соҳасида ёшларимизнинг ютуқлари кундан-кунга ошиб боряпти, парламентаризм ва суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам демократик ўзгаришлар қилиняпти. Халқимизни қарашлари ўзгариб, ҳуқуқий онги ошиб боряпти, давлат органлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати олиб бориляпти.

Бундан ташқари, нақд пул, валюта муаммолари ҳал қилинди, қўшни мамлакатлар билан орамиздаги муносабатлар яхшиланди ва ҳоказо яна бошқа ишларни санаб ўтиш мумкин. Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун, уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш лозим. Конституциямиз замондан орқада қолиб кетмасагина, у шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг Бош ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қила олади, тинч ва осуда ҳаётимизнинг кафолати бўла олади.

Шунингдек, мамлакатимиз ҳар жиҳатдан катта давлатга айланмоқда. Аҳолимиз 2040 йилга бориб 50 миллионга етади, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Уларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим.

Булар ва бошқа кўпдан-кўп муаммолар ечими мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини тақозо этади. Айнан шунинг учун ҳам юртимизда Конституциявий ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Улуғбек Вафоев томонидан таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартиришни, яъни - инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган. Янги таҳрирдаги Конституциямизда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар бир неча каррага ортмоқда, ўз навбатида давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбурияти бир неча бараварга ошмоқда.

Тадбирларда сўзга чиққанлар, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашларини ҳамда халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий Қонунга бефарқ бўлмасдан, албатта рефрендумда фаол иштирок этишларини маълум қилишди.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш