Конституция ҳар қандай давлатнинг асосий қонунидир. У жамият учун ишлаши, унинг талаб ва эҳтиёжларини қондириши керак. Конституциянинг мазмуни — мамлакатнинг давлат, ижтимоий ва сиёсий ҳаётининг барча асосларини белгилашдан иборат. Бошқача айтганда, у ҳуқуқ тизимининг асоси ва пойдевори бўлиб, бошқа барча қонунлар унинг асосида қурилади. Лекин, шу билан бирга, Конституция қатъий, ўзгармас ҳужжат эмас. Агар Конституцияни ўзгартириш зарурати пайдо бўлаётган бўлса, демак, бу жамиятнинг эволюцион ривожланишига асосланган ҳолда Ўзбекистонда яқин келажакда бўлган мақсадларимизни белгилаб олиш, очиқ ва ишончли давлат қуриш учун ҳаётий заруратдан далолат беради.
Республикамизнинг барча жойларидаги каби Яккабоғ туманидаги турли муассаса, ташкилотларда ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ташвиқот ва тарғибот ишлари, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири тумандаги Жийда МФЙдаги 58-мактабда бўлиб ўтди. Тадбирда ЎзХДП туман Кенгашидаги 4-Жийда сайлов округи депутати А. Ахмедов сўзга чиқиб, референдумнинг мазмун-моҳияти, Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар, референдумда фаол иштирок этиш юзасидан йиғилиш иштирокчиларига тушунчалар бериб ўтди.