Президентимизнинг парламентга мурожаатномаси. Бугун қайси бир даврага кирманг, ким билан суҳбатлашманг бевосита мавзу мана шу масалага қадалади. Унда билдирилган фикрлар, илгари сурилган таклифлар, кутилаётган натижалар баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Муҳими, барча ўзига керакли хулоса чиқариб, вазифалар белгилиб олди, деб ўйлайман.
Энди партия аъзоси, ҳудудий кенгаш раҳбари сифатида масалага ғояларимиз, мақсадларимиз нуқтаи назаридан ёндашсак. Яъни, Халқ демократик партияси ижтимоий ислоҳотлардаги самарадорлик, тенглик тарафдори экани барчага маълум. Бироқ ижтимоий масалаларнинг ечимида асос иқтисодий барқарорлик экани ҳам унутмаслигимиз зарур.
Мурожаатномада иқтисодиётдаги ижобий натижалар ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммоларни тизимли ҳал этиш имконини яратиши таъкидланди. Демак, буни ҳаммамиз чуқур тушуниб олишимиз ва ишимизни шу асосда ташкил этишимиз шарт.
Бунинг учун, энг аввало, ишсизлик сонини камайтириш, одамларга томорқаларидан, бўш ётган жойлардан самарали фойдаланишни ўргатиш зарур. Фуқароларнинг меҳнатга бўлган лаёқатини ошириш, уларда бизнесга оид билимларни юксалтириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш лозим.
Шунчаки қоғозни қоралаш, рақамларни кўпайтириш учун эмас, чинакамига, виждонимиз олдида ҳисобдор бўла олиш учун ишлашимиз талаб этилади. Чунки одамлар оқни қорадан, ростни ёлғондан фарқлай олади. Уларни ишончини оқлаш, кичик умидини катта ишончга, ташаббусга айлантириш олий мақсадимиз бўлмас экан, депутатликни ҳам, раҳбарликни ҳам бўшатиб қўйишимизга тўғри келади.
Бунда мурожаатлар билан ишлаш институтидан самарали фойдаланиш талаб этилади. Мурожаатномада депутатлар халқ қабулхоналаридаги муаммоларни ўрганиши ва мутассадилар билан бирга уларни ҳал этиш кераклиги алоҳида таъкидланди. Андишали ўзбек халқи бирор эшикни ҳеч қачон бекорчиликдан тақиллатмайди. Излайди, ундан бундан маслаҳат олади, чора топишга уринади. Натижа бўлмагач, тегишли тартибда мурожаат этади, ариза йўллайди. Улар билдирган ҳар бир масалани атрофлича ўрганиш, ечим топиш эса биз депутатлар ҳамда мутассадиларнинг бурчи саналади.
Ўйлаймизки, жамиятда ҳамма тенг экани, ҳар бир шахсга Ўзбекистон фуқароси деган ягона ва мутлақ мақом берилганини ҳамиша ёдда тутишимиз лозим. Ана шунда ҳозир ўтирган ўрнимиз абадий эмаслиги, эртага лавозимдан тушгач, одамлар орасида бемалол бош кўтариб юра олишимиз учун ҳам ишимизни ҳалол ва виждонан бажаришимиз кераклигини тўғри, чуқур англаймиз.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади. Биз демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга – янги, юксак марралар сари борамиз. Жонажон Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчини шараф билан бажариш ҳаммамизга насиб этсин!
Сайёра ФАЙЗИЕВА,
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати.